Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“WAVE OF OCEAN” ёшларни ишга қабул қилди

“WAVE OF OCEAN” ёшларни ишга қабул қилди
Партия Жиззах вилоят Кенгаши қошидаги ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан Фориш туманидаги “Wave of ocean” хусусий корхонасида “Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришда O‘zLiDeP “Ёшлар қанот”ининг ўрни” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда партия фаоллари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги, вақтинча ишсиз юрган 30 нафардан кўпроқ йигит-қизлар иштирок этди. Хўш, ушбу тадбирнинг ўзига хос томони нималарда кўринди?
Ёшлар, уларнинг қувончу ташвишлари, интилишлари ҳақида сўз кетар экан, ечимини кутаётган бир қатор муаммоларга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Агар жойларда ёшларнинг ўзи билан бевосита мулоқотда бўлсангиз, кўплаб муаммоларнинг илдизи бир нарсага, яъни бандлик масаласига бориб тақалишига амин бўласиз.
– Ёшларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги йигит-қизларни билимсизлик, иштиёқсизликда айблаш нотўғри, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири   Олимжон Норжигитов. – Баъзан кенг дунёқарашга эга, ғайрати ичига сиғмайдиган, турли ғоя ва режалар тузиб, қандай амалга оширишни билмай юрган ёшларни учратиб қолганингизда, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш нақадар зарурлигини англаб етасиз. Шу боис ҳамкор ташкилот вакиллари билан, авваламбор, жойлардаги муҳитни ўрганиш, ёшлар билан кўпроқ мулоқот қилишга интилаяпмиз. Бугунги тадбиримизни вилоятимизнинг чекка туманларидан бири – Форишда амалий очиқ мулоқот тарзида ташкил этганимизнинг сабаби ҳам шунда.  Ахир, минг бора эшитгандан кўра бир бора кўрган маъқул, деб бежизга айтишмаган-ку.
Тадбир жараёнини кузатар эканмиз, ҳамсуҳбатимизнинг гапида жон борлигига биз ҳам амин бўлдик.
Аввало, тадбир ўтказиш учун ҳамкорликка жалб қилинган “Wave of ocean” хусусий корхонаси ҳақида қисқача маълумот: мазкур корхона 2013 йили “Микрокредитбанк”нинг 42 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредити эвазига иш бошлаган. Корхонанинг тикув цехида 22 нафар, гилам цехида 8 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 17 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиси. Мазкур субъектда аҳолининг, корхона ва ташкилотларнинг талаби ва буюртмасига асосан аёл ва эркаклар, болалар кийимлари, мактаб формаси ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Келгусида матога компьютерлашган гул босиш, лазерли бичувчи замонавий тикув машиналари келтириш ва яна 10 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Иштирокчилар корхона иш бошқарувчиси Нурали Эгамбердиев ҳамроҳлигида тикув цехи фаолияти билан танишди. Энг муҳими, ишсиз юрган ёшлардан – Зилола Валиева, Муниса Искандарова, Ҳилола Эгамбердиева, Жумагул Йўлдошева, Дилафрўз Бўронова, Нилуфар Хайруллаева каби 11 нафар қиз ишга жойлаштирилди. 12 нафар уюшмаган ёшга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш ҳақида тушунчалар берилди.
Бир тадбир, унинг натижалари ҳақида гапираяпмиз-у, хаёлдан кўпгина мушоҳадалар ўтаяпти. Демак, ҳар бир ишга масъу­лият билан ёндашилса, самара ҳам шунга яраша бўлар экан-да. Форишдаги амалий мулоқот фикримизнинг яққол исботидир.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“XXI asr”  мухбири