Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АХБОРОТ ТАЪСИРЧАН БЎЛСИН

АХБОРОТ ТАЪСИРЧАН БЎЛСИН
Медиа маконда ахборот оқими жадаллашган бугунги кунда фуқароларда оқни қорадан, холисни нохолисдан ажратиш маданиятини ошириш, мафкуравий иммунитетни янада қувватлантириш давр талабидир.
Пойтахтимиздаги “Shodlik Palace” меҳмонхонасида “Миллий оммавий ахборот воситалари сифати ва таъсирчанлигини оширишга оид устувор вазифалар” мавзусида ташкил этилган республика анжуманида шу ҳақда сўз борди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 17 августдаги “Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди.
– Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун биринчи навбатда мукаммал ҳуқуқий база, яъни қонунчиликни такомиллаштириш талаб этилади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев. – Ҳаракатлар стратегиясининг биринчиси – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланди. Бундан кўзланган мақсад соҳани янада такомиллаштириш, жамоатчиликнинг холис ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, сўз эркинлигини таъминлашдан иборат. Айни вақтда Қонунчилик палатасида тайёрланаётган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам ОАВнинг алоҳида субъект сифатида кўрсатилиши, ҳуқуқ ва ваколатларининг аниқ белгиланиши бу борадаги муҳим қадам ҳисобланади.
  Анжуманга республикамизнинг барча ҳудудларидан журналистлар таклиф этилиб, ўндан ортиқ мавзуларда маърузалар тингланди. Иштирокчиларда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган йўналишлар ҳамда жамият билан давлат ҳокимияти ўртасида жонли мулоқотни яратиш мақсадида медиалойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди.
  – Уч кун давом этган учрашувлар, жонли мулоқотлар жараёнида ОАВ фаолияти билан боғлиқ кўпгина муаммолар тилга олинди, – дейди “Когон ҳаёти” газетаси муҳаррири Зулфия Халилова. – Бугунги кунда журналист кадрларни тайёрлаш, уларнинг маҳорати ва ижодий фаоллигини ошириш, рағбатлантириш, ихтисослашув масалалари ҳамон долзарблигича қолмоқда. Мисол учун, пойтахтда таҳсил олган аксарият ёшларимиз вилоят, туман газеталарида ишлашни унчалик ҳам хоҳламайди. Шу боис журналистика факультетларининг вилоятларда бўлимларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман. 
 Тадбир давомида шу каби долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шаҳло РАҲМОНОВА,
“ХХI asr” мухбири