Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АЁЛЛАР – ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ТАРАФДОРИ

АЁЛЛАР – ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ТАРАФДОРИ
Самарқанд шаҳрида партия вилоят Кенгаши “Инновацион технологияларни ривожлантиришда таълим, фан ва бизнес тизимлари ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар” мавзусида амалий семинар ўтказди. 
O‘zLiDePнинг “Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда тегишли соҳа вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, “Аёллар қаноти” фаоллари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этишди. Улар мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани, бунинг учун яратилаётган шароитлар ишбилармонлик салоҳиятини юзага чиқаришда алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. 
Тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқарилган экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўргазмаси семинарда айтилган фикрларнинг амалий исботи бўлди.
– Кўргазмада оилавий корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизни намойиш этдик, – дейди ёш тадбиркор Гулҳаё Аббосова. –  Семинарда малакали мутахассис, олима аёллар янги  технологияларни қўллаш орқали ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтариш, инновация ва нанотехнологиялардан унумли фойдаланиш борасида батафсил маълумот бергани айни муддао бўлди. Энди инновацион технологияларни татбиқ этган ҳолда тадбиркорлик фаолиятимни янада ривожлантириб, мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаман.
Семинар давомида инновацион ишланмалар ҳам намойиш этилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Кўплаб ишланмаларга тадбиркор ва фермерлар қизиқиш билдириб, уларни ишлаб чиқаришда қўллаш истаги борлигини айтишди. 
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши
матбуот хизмати