Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Аёллар қаноти”: истиқболли лойиҳалар давом этади

“Аёллар қаноти”:  истиқболли лойиҳалар давом этади

Мамлакатимизда кечаётган жадал ислоҳотлар жараёни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаолиятини янада жонлантириб юборди. Юртимизда йилларга берилаётган номлар ва давлат дастурларида белгиланаётган вазифалар O‘zLiDePнинг мақсадларига шунчалар ҳамоҳангки, бундан руҳланмаслик, шижоатга тўлмаслик мумкин эмас. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этган навбатдаги давра суҳбати ҳам ана шундай кўтаринки кайфиятда ўтди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” фаолиятининг устувор вазифаларини белгилаб олиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қўмита масъул ходимлари, ҳудудий партия ташкилотларининг аёллар масалалари бўйича раис ўринбосарлари ва бўлим мудирлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари бир давра атрофида жамланди.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилда партия “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий сиё­сий фаоллигини ошириш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Бунда партиявий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жуда яхши самара берди.

 Биргина 2018 йилнинг ўзида “Аёллар қаноти” томонидан  4 та  йирик – “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Бунёдкор аёллар”, “Ишбилармон аёл” ва “Фаровон оила” лойиҳа амалга оширилди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, O‘zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Мавлуда Хўжаева Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда бўлим томонидан бажарилиши керак бўлган чора-тадбирлар, ўтган йил сарҳисоби хусусида маъруза қилар экан. – Истиқболли лойиҳалар самараси ўлароқ ишсиз опа-сингилларимиз бандлиги таъминланди, ижтимоий муҳофазаланди ва оилага тайёрланди. Амалий ишлар эса ўз-ўзидан аҳолининг партияга ишончининг яна бир карра ошишига ва аъзолар сонининг кўпайишига туртки бўлди. Масалан, 2018 йил бошида партия сафидаги аёл аъзолар сони 146 853 нафарни ташкил этган бўлса, бу рақам йил адоғида 250 975 га етгани фикримизнинг айни тасдиғидир. Лойиҳаларда хусусий ва оилавий тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш эвазига янги иш ўринларини барпо этишга асосий урғу берилган. “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси  доирасида 739 нафар хотин-қизга 15 миллиард 73 миллион 400 минг сўм миқдорида  кредит ажратилди. Қарабсизки, 2 000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ютуқларимиз билан чекланиб, ғурурланиб қолмасдан, бу йилги қамровимизни янада кенгроқ олишимиз лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши – бизнинг бош мақсадимиздир.

Тадбирда, шунингдек, парламент қуйи палатаси депутатлари, O‘zLiDeP  фракцияси аъзолари  – Дилором Файзиева, Гулшана Худоёрова, партия Самарқанд вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Жамила Сайфиддиновалар “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мазкур лойиҳаларни янада самарали ташкил этиш, сифат кўламини оширишга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Хусусан, Мурожаатномада тилга олинган вазифалардан келиб чиқиб, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни иш билан таъминлаш, айниқса, қиш­лоқларда яшаётган ёш қизларни тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилган партиявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинади. Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш гуруҳлари фаолияти янада кучайтирилади, фермер ва тадбиркор хотин-қизларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий саводхонлигини оширишга эътибор оширилади.

Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан яқин ҳамкорликда ишлаш, аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий, диний, ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ўрганиб, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш юзасидан таклифлар бериш, нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш ва улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш каби масалалар ҳам “Аёллар қаноти”нинг устувор вазифаси бўлиб қолади.

Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижросига қаратилган партиянинг “Фаровон оила” лойиҳаси, “Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори”, “Дурдона” маърифий лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиши алоҳида қайд этиб ўтилди. “Оила – ­маънавият булоғи”, “Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор”, “Китоб – маънавият бешиги”  мавзуларида туркум давра суҳбати ва танловлар ўтказиш лозимлиги таъкидланди.  

Меҳнатга яраша рағбат бўлиши керак. Рағбат бор жойда ишда унум бўлади, масъулиятни ҳис қилиш кучаяди. Тадбир сўнгида ўтган йилда етакчилиги, тиришқоқлиги, фаоллиги билан бошқаларга ибрат бўлган ходимлар ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

Солижон ЗОИРОВ (суратлар),

“XXI asr” мухбирлари