Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Айритом фризи” қизиқишларга сабаб бўлмоқда

“Айритом фризи” қизиқишларга сабаб бўлмоқда

Термиз археология музейининг кўргазмалар залидан жой олган “Айритом фризи”  бу ерга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг диққат-эътиборини тортмоқда.

–           1932 йилда Ўзбекистон ва Афғонистонни ажратиб турувчи Амударёдан “Октябрёнок” номли қайиқда сузиб кетаётган чегарачилар Айритом яқинида бир оқтошни  кўрганлар, текшириш натижасида, унга ноғорачи тасвири ўйиб туширилганлиги маълум бўлган. Орадан бир йил ўтиб, бу топилмага профессор М.Массон бошчилигидаги археологлар экспедиция уюштиришади. Фриз  қазиб олиниб,  шундан сўнг ўрганишлар бошланган, – дейди Термиз  археология  музейи ходими Ш.Ражабов.

 Кушонлар  даврига оид Айритом ёдгорлиги илк буддавийлик ибодатхонаси ҳисобланиб, милоднинг бошларида шу ҳудуд  аҳолиси  эътиқод қилувчи манзил бўлган.

Айритом ибодатхонаси ҳозирги Термиз шаҳридан 18 чақирим узоқликда, Шарқда, баландлиги  2-2,5, қалинлиги 1,5 метрлик истеҳком деворлари билан ўралган, 1-2 асрларга оид будда ибодатхонаси. Ибодатхона ўз даврида оҳактошдан ишланган ажойиб фризлар билан безатилган. Унда ботхи дарахтининг барглари остида уч нафар созанданинг сурати акс этган. Ноғорачи ҳамда ранг-баранг кийимдаги аёлларнинг сурати, айниқса, диққатга сазовор. Мазкур фриз сарой ва ибодатхоналарнинг шифтини безашда ишлатилган. Бу санъат асари бақтриялик ҳайкалтарошларнинг ижод маҳсулидир. Ҳайкалларда ҳақиқий бақтрияликларнинг юз қиёфаси акс эттирилган, учала созанда чеҳрасида ҳам енгил табассум ифодаси балқиб турибди. Бу санъат асари будда дафн маросимини акс эттирувчи махсус мажмуадир.  Яъни  эътиқодга кўра, Будда вафотидан сўнг унинг руҳини шод қилиш учун маҳзун куйлар чалиниб турган ва  у шу куйлар садоси остида дафн этилган.

Сарвар ТЎРАЕВ,
“XXI asr”   мухбири

Айритом ибодатхонаси ҳақида қўшимча маълумотларни бу ерда ўқинг.