Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Баданга гул чизиш, татуировка, ўзи бу кимга керак?!

Баданга гул чизиш, татуировка, ўзи бу кимга керак?!

“Гулбаданлар” — эркак, аёл, қари, ёш, қиз, йигит, ўспирин... Орасида биз санъатига қойил қолиб, тик туриб чапак чаладиганларимиз — номдор артистлар, эстрада, кино ва спорт “юлдузлари” кам эмас. Баданидаги “гуллар” уларнинг хорижий сафарларда орттирган тажрибасидан.

— Очиғи, ҳозир биз мураккаб бир даврда яшаяпмиз, – деб ёзади Ҳуррият мустақил газетаси мухбири Адиба УМИРОВА ўз мақоласида. – Мураккаблиги шундаки, бировга яхши туюлган одат бошқанинг нафратини қўзғаши мумкин. Оддий мисол — баданга гул чизиш, татуировка. Таит тилидан олинган бу сўз айрим халқлар учун “та” — расм, “атоуа” — илоҳ деган маънони англатади. Яванликлар ва полинезияликлар тилида эса “тату” —  “яра”, “ярадор” ўрнида қўлланилади. Кўплар ўз халқини бундай иллатлардан муҳофаза қилиш учун эҳтиёт чораларини кўриб қўйган.

 Биз-чи? Йўқ. Асло!

 Тарихий китобларда ёзилишича, татуировка ашаддий жиноятчилар учун жазо воситаси ҳисобланган. Илгари бундай “ижод” асосан узоқ муддат қамалганларнинг тана-тўшида бўларди: ваҳима, қўрқитиш ва зўравонлик тимсоли сифатида. Энди бундай “гул”ни ҳар қадамда учратиш мумкин. Билак, мушак, юз, гардан, киндик усти, ости... Айтишга уяласан киши.

Шаҳар кўрган эчкидан қўрқ.

Барча динлар, жумладан, муқаддас ислом, томонидан қораланадиган бундай одат ҳаётимизга сездирмайгина кириб келди ва бу кун суваракдек кўпайётганини ёзади муаллиф куйинчаклик билан. У диний эътиқодимизга зид бундай “санъат” қаерда ва кимлар томонидан “урчитилаётгани”ни билиш учун пойтахтимизнинг Қатортол кўчасидаги баъзи тату-салонларига боради. У ерда мавзуга алоқадор шахслар билан очиқ суҳбат қуради, масала юзасидан ахборотлар қидиради.  Изланишлар жараёнида одамлар, айниқса, вояга етмаган қизларнинг ҳам танасига тиғ тегдираётганини кўриб ҳайратланади, азият чекади.

Кўрган, билганларини ўз ҳолича қоғозга кўчирган муаллиф хулосани муштарийлар ихтиёрига қолдиради.

Мақолани батафсил шарҳламоқчи эмасмиз. Шунчаки, бир савол билан мурожаат қилмоқчимиз.  Айтинг-чи, азиз муштарийлар,  баданга расм чиздириш — дину диёнатимизга хилоф бўлса-да, бундан ўзини тиймаётганларга қандай муносабат билдирасиз? Ўзи татуировка керакми?!   

Журналист кузатуви асосида тайёрланган мақолани батафсил ўқинг.