Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Баҳорга етганлар омон бўлсинлар!

Баҳорга етганлар омон бўлсинлар!

Баҳор келди дегунча сумалак сайли билан боғлиқ болаликдаги хотиралар кўнгилни ўртаб юборади-да... Бир ҳовлида сумалак пиширилса, бутун қишлоқ аҳли жамулжам бўларди. Айтилса-айтилмаса, “Фалончиникида эртага сумалак”, деб эшитган борки, керакли асбоб-анжомини қўлга олиб, “чошга барака”лаб бемалол кириб бораверарди. Оиламизда бир эмас, икки кампир – бувим ва момом (бувимнинг опалари, у киши ёлғизликлари туфайли бизникида яшарди) бўлгани боис оиламизда бу муқаддас таомни ҳар йили пишириш анъанага айланиб қолганди. “Савобдан бебаҳра қолмайлик, бизнинг ҳам қўлимиз тегсин”, деб икки кампир ҳам ишга шўнғиб кетарди. Ёш жувонларнинг хижолат тортиб қаршилик қилиши бефойда эди.

– Эҳ, болажонларим-а, – аввал кўзига ёш олиб гапга тушиб кетарди момом, – биз авваллари сумалакни қанчалар кутганимизни тасаввур ҳам қилолмайсизлар, – сўнг чинакамига йиғлашга тушардилар. Бувим ҳам бунга қўшилгач, биргаликда ҳовурлари босилгунча тўйиб-тўйиб йиғлаб олардилар-да, сўнгра галма-галдан ҳикояларини бошлардилар.

 – Очарчилик, қимматчилик йиллари бошимизга не-не тошлар ёғмади, қандоқ кунларни кўрмадик. Бундай ёруғ кунларга етишимиз тушимизга ҳам кирмаган. Уруш одамларнинг ёстиғини ҳам, ризқини ҳам қуритганди. Рўзғорда бирорта туёқдан ном-нишон йўқ, ҳаммасини фронтга жўнатгандик. Қолгани қорин ғамида сотилиб кетганди. Уйида битта сигири борлар бадавлат саналарди, болаларининг оғзи сут-қатиққа тегиб турарди-да. Хуллас, очарчилик кучайгандан кучайиб, ейишга ҳеч вақо йўқ. Бир-икки сиқим буғдой ё қотган нон топсак, болаларга илинардик Шулар ўлмасин, шулар яшасин, дердик. Ўзимиз эса очликдан кечалари ухлолмай чиқардик. Тун ҳам бирам узоқ бўлардики, зўрға тонг оттирардик. Тағин саҳармардонлаб ёш боламизни опичлаб, далага ишлашга чиқиб кетардик. Ер чопаётиб, бирор дона буғдой, арпа ё егулик нам илдиз чиқармикан, деб ерга қушдек термулардик. Қанча одамлар очликка чидолмай, яна қанчаси кунжара еб шишиб, ўлиб кетишди. Ўз туққан боласини иложсизликдан бир қоп буғдойга алмашиб ёки бойларнинг эшигига хизматкорликка берганлар ҳам бўлди, айланайлар. Айниқса, қишнинг ўтиши қийин эди. Ҳам совуқ, ҳам очлик. “Эй, художон, оч бўлсак ҳам, юпун бўлсак ҳам майли, фақат жонимизни соғ-омон қилсанг бўлди. Бу йилги баҳорни ҳам кўрайлик, “илик узилди”дан узилмай чиқайлик”, деб зор-зор йиғлаб илтижо қилардик.

– Нимага айнан баҳорни? – сўрайди аёллардан бири.

– Аҳ, болам-а, – чуқур тин олиб ҳикоясида давом этади бувим ҳали ҳам ўтган кунлар азобида йиғлаётган опаларига (улар уруш туфайли ҳам эрлари, ҳам икки ўғилларидан жудо бўлганлар) қараб қўйиб. – Сизлар учун баҳор оддий бир фасл, холос. Биз учун эса чинакам Янги йил, яна бир йил бўлса ҳам яшаб қолиш учун имконият эди. Чунки Баҳор бизни роса сийларди-да. Янги чиққан майсами, бойчечак ё бинафша борми, чўккалаб пешонасидан ўпардик, йиғлаб-йиғлаб кўзимизга суртардик. Шу кунларга етказганига шукр, деб Яратганга ҳамду санолар айтардик. Кўча-кўйда бир-биримизни Йилбоши билан табриклардик. Кейин ана шу кўкатлар – исмалоқ, ялпиз, қоқигул, йўнғичқа, момақаймоқларни мазза қилиб ғачир-ғучир чайнаб, қорнимизни тўйғазардик. Ёки оддий сувда қайнатиб тановул қилардик. Булар тугагач, бошқа ўт ёки илдизларни ковлаб тамадди қилардик. Ана шунақа, болажонларим. Биламан, бу гаплар сизларга гўё эртакдек, қандай тановул қилишган экан, деб оғзиларингни мазаси қочяпти. Лекин биз учун энг тансиқ таомлар эди... Яна бир сирни айтиб қўяй – умрни узайтиришда бу кўкатларнинг фойдаси катта.

– Хафа бўлманглар-у, ҳозир исрофгарчилик кўп, – ўзини тутиб олиб гапга қўшилади момом. – Дастурхонда ушатилган нон бўлса ҳам, сал қотибди, деб бутунини синдирасиз. Овқатга масаллиқни ўлчамай солиб, сўнг ортган овқатни чиқиндига тўкасиз. Тўйларни-ку гапирмасаям бўлади. Ўз ота-оналарини меҳмон қилиш тугул, бир коса овқат илинмайди-ю, лекин беш бегона меҳмонларни алоҳида таклиф қилиб, уч-тўрт  хил тансиқ таом улашадиганлар ҳам бор. Ахир яқинларингизни тириклигида қадрламасангиз, эрта-индин бу дунёдан ўтиб кетишгач, дод-вой қилсангиз ҳам, кеч бўлади, кеч...

Дийдор сайли

Гиналар узоқ чўзилишини билиб бувим силлиқлашга тушади:

– Шунча гапни гапирибмиз-у, сумалак ҳақидагиси қолиб кетибди. Ёзда колхознинг хирмони йиғиб олингач, ерга тўкилиб қолган бошоқларни териб, шундан  бир коса буғдойни “кўрмадик”ка олиб, кўзага солиб бирор қуруқ жойга яшириб қўярдик, баҳорга эсон-омон етсак, сумалак пиширамиз, деб. Ейишга ҳеч вақомиз қолмаганда ҳам унга тегмасдик. Сумалакка етган, уни тайёрлашга қўли теккан энг бахтли инсон саналарди. Сумалак сайли – дийдор сайли, аслида.

– Ҳой, келин, ҳаммани айтдингми сумалакка? – тўсатдан момом сергак тортади. – Ҳеч ким қолиб кетмасин, тағин. Бу кунда бировни оқ, бировни қора деб ажратиб бўлмайди. Чунки бугун осмондан фаришталар тушиб, бизни томоша қилиб, ҳар биримизга савоблар ёзади. Камида етти қўшни айтилиши керак. Ҳатто касал ётганни ҳам йўқлаб, “Наврўз муборак, баҳорни кўрдингизми, демак, тузалиб кетиб, узоқ яшайсиз энди”, дея кўнглини олиш керак. Бу таом беморга ҳеч қандай дори-укол беролмайдиган давони, дармонни беради. Илгарилари юз кўрмас кундошлар ҳам сумалак сайлига бир-бирини таклиф қилишган.

Масаллиқлар дошқозонга солинар маҳал ҳовлимиз янаям гавжум бўлиб кетарди. Бир томонда кўм-кўк майсага тўшалган гиламча устига ёзилган дастурхон кўк сомса, кўк чучвара, устига кўкат майдалаб сепилган қайлали ош, яна ҳар ким илиниб олиб келган неъматлар билан тўла. Бир тарафда ош учун ҳозирлик кўриляпти. Икки кампир қонун-қоидаси бўйича қайта-қайта дуолар ўқиб, қозонга масаллиқни солади-да, жувонларга ул-булни ўргатиб кўрпачага чўккалайди. Кўк сомсаларни тағин кўзга суртиб, сўнг тановул қилишади. Биз ёш қизчалар бунинг маъносига тушунмай, “Бувижон, кўзингиз ёғ бўлди-ку”, деб кулардик. Бунга жавобан: “Ёғ бўлса бўлсин, ёш бўлмасин”, дейишарди. Сўнг ҳар йили сумалак сайлида айтиладиган хиргойини бошлардилар:

Дошқозонда сумалак,

Биқир-биқир қайнайди.

Унга қараб кўзларим,

Баҳри дилим яйрайди.

 

Наврўзжонга етолмай,

Ўлиб кетган отам-а.

Сумалакни еёлмай,  

Ўлиб кетган онам-а.

Ўлиб кетган болам-а,

 болам-а, болам-а...

Эрта саҳаргача ўйин-кулги, ҳангома авжига чиқарди. Бувим айтганидек, баҳонада бир-биридан аразлашганлар ярашиб олишарди. Ўтган гина-кудуратлар унутилар, қўшнилар эса опа-сингилдек қадрдон бўлиб қолишарди. Оёғини сал нотўғри босган, ё босар-тусарини унутиб қўйган айрим жувонлар шу куни қизаришиб, кейин негадир тўғри йўлга тушиб кетарди. Сумалакнинг хосияти, улуғлиги шу бўлса керак, деб ўйлайман. Бу таом кўп вақт, яъни камида ўн икки соат қайнашида ҳам бир ҳикмат яширин. Бир қозон атрофида шунча вақт бирга бўлиш бегона кишиларни ҳам яқинлаштиради-да!

Эрталаб момолар сумалакни сузишни бош­лаб бергач, аввал беморларнинг уйларига, сўнг келганларга тенг миқдорда улашиларди. Ҳақиқатан ҳам, сумалак пишириш аразлар унутиладиган, инсонлар қадрланадиган чинакам эзгулик сайлига айланиб кетарди.

Бемеҳр қўшнилар

Қишлоққа борганимда, келолмаганларга улашгин, савоб бўлади, деб сумалак бериб юборишувди. Тарқатдим. Озроқ қолганди, талабаликдан қадрдон, сумалаксевар опамга илиниб йўлга тушдим. Қўнғироқ жиринглаши билан гул-гул очилиб эшик очадиган Турсуной опа негадир ҳаяллади. Яна тугмачани босдим. Жим. Шу вақт қўшни аёл чиқиб: “Турсуной опа йўқ, тунов куни тез ёрдам машинаси олиб кетди. Тоби қочдими, дейман... Ҳа-я, эри эрталаб мана бу манзилни ташлаб кетганди. Касалхонаники, шекилли”, деди. Ён қўшнининг тусмоллаши ғашимни  келтириб, манзилни олдим-у, йўлга тушдим. “Тоби йўқми, дейман, касалхонада, шекилли”, эмиш. (Аслида девордармиён қўшнилар опа-сингилдек яқин бўлишлари керак эмасми? Мана бундай кунларда узоқдаги жигарингдан, ёнингдаги қўшнинг кунингга яраса бўлмайдими. Эҳ, оқибатсизлик қурсин-а.)

...Ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлган Турсуной опага исмининг қўйилиши ҳам бежиз бўлмаган. Болаларидан бири ўлик туғилиб, икки нафари эса ёшига ҳам етмай вафот этаверган она Турсуной опага ҳомиладорлигида: “Агар шуни эсон-омон туғсам, исмини Турсунбой ё Турсуной қўяман ва ўлмаса умримнинг охиригача ҳар йили қўй сўйиб, сумалак пишириб, элга тарқатаман”, деб ният қилибди. Бахтига, у соғ-омон улғайибди, оилада ҳар йили сумалак пиширилаверибди. Афсуски, қизлари Турсунойни турмушга берган йили ота-она олдинма-кетин бандаликни бажо келтирибди. Қисқаси, Турсуной опа учун сумалак ҳаётининг мазмунига айланган, “Сумалакни кўрсам, ота-онамни кўргандай бўламан”, деб кўзига суртиб, йиғлаб-йиғлаб ейди. Тақдирни қарангки, бу аёлга ҳам фарзандини қўлига олиш уч бора насиб этмади. Шифокорлар тўрт-беш йил бола кўрмай туринглар, деб маслаҳат бергач, эр-хотин бироз чалғиш, ҳам малакали шифокорлар назоратида бўлиш учун Тошкентга кўчиб келишган, опа таваккалига ўқишга имтиҳон топшириб талабага айланганди. Шу-шу, пойтахтда қолиб кетишган эди...

Турсуной опа жонлантириш бўлимида экан. Ранги бир аҳволда, илгари эътибор бермаган эканманми, қорни ҳам дўппайиб турибди. Демак...

Саволга тутмай, хурсанд қилишга уриндим:

– Сумалак олиб келдим, патир ҳам, – дедим кулиб қўлимдаги тугунни баланд кўтарганча.

Шундай дейишимни биламан, Турсуной опа ўрнидан туриб кетди:

– Ростданми, қани?!

– Мана, опажоним!

Сумалакни қўлига олиши билан, у киши ҳўнграб йиғлаб юборди:

– Мана шуни деб шу аҳволга тушдим, – дея сумалак тўла косани ҳидлашга тушди. – Бундан онажонимнинг ҳидлари келади. Бу йил менга насиб этмади онажонимнинг дийдори... Дилимга, жонимга озор беришди.

Баттар йиғлашга тушди у яна. Унинг нима учун бундай деётганини на мен, на ҳамширалар тушунардик. Тинчлантирувчи укол қилишгач, ухлаб қолди. Уйғониши билан яна сумалакни сўради. Бу сафар, ҳарқалай, йиғламади.

– Иккиқат бўлганим учун эрим узоқ йўл деб бу йил Сурхонга юбормади. Сумалак ковлашни, ейишни жуда соғингандим. Сумалакни кўрсам, онажонимни кўргандек бўламан.

– Ҳали кўп сумалаклар ковлайсиз, опажон, – дейман уни тинчлантиришга уриниб. – Бу ерда ҳам ҳар йили қилишади.

– Эй, қуриб кетсин, бу ернинг бағритош, бемеҳр қўни-қўшнилариям, сумалагиям. Шунга ишониб қолгандим...

– Тинчликми, опа?! – сўрайман гапига тушунмай.

– Қўни-қўшнилар якшанбада сумалак пиширамиз, деб айтишганди. Бозорга тушдим-у, ул-бул олиб келдим. Бир кун қолганда, “Эртага сумалак, чиқинг”, деб келадими биров, дея икки кўзим эшикда бўлди. Йўқ, эртаси эрталаб ҳам кутдим. “Ҳомиладор аёлни ташвишга қўймайлик, қозонга солиб бўлгач, гурунгга чақирамиз”, деб кексалари унамагандир-да, айтиб қолишса, қуруқ чиқмай деб ҳаракатга тушдим. Пешингача бир тоғора кўк сомса, бир сирли челак қатиқли ош қилдим, оҳорли уст-бошларимни кийдим, ўсма қўйиб, озгина пардоз ҳам қилдим. Ҳеч ким дараклайвермагач, “домком”га телефон қилдим: “Тушаверайми, опа, куттириб қўйдингизлар-ку”, десам, “Сиз рўйхатда йўқсиз-да, қозонимиз кичикроқ бўлгани учун кўп йиллик эски қўшнилар йиғилишгандик. Бутун “дом”га қанчадан ҳам тегарди. Тўйгулик бўлмайди-да”, деса бўладими? Бошқа гапини эслолмайман, синглим. Қон босимим ошиб кетибди...

Дўхтирлар ўн кундан сўнг рухсат беришди. Машинадан тушиб, подъездга яқинлашарканмиз, биринчи қаватдаги хонадоннинг томорқасидаги жўмракнинг тагига қўйилган сирли челакдан сумалак сувга қўшилиб оқиб ётарди. Уйдан бир аёл чиқиб келиб, сувни яна кўпроқ очди. Турсуной опанинг айтишича, “домком” шу экан. Қўшнисининг касалхонадан қайтаётганидан хабари йўқ, шекилли, бош ирғаб шунчаки сўрашган бўлди-да, ўзича гапира кетди: “Эсиз-эсиз, чала пишганми, “дом”ни ҳавосиданми, шунча сумалак ачиб қолибди-я”.

Бировга берсам – эсиз ошим, уйда турса – сасир ошим, деб бежиз айтмаган халқимиз. Қолаверса, пишган сумалак қирқ йилда ҳам ачимас экан. Янаям, ким билади дейсиз?

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА