Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Балиқчилик ривожига қаратилган 76 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда

Балиқчилик ривожига қаратилган 76 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда

Мамлакатимиз денгизлардан олисда жойлашган. Шу боис балиқчиликни ривож­лантиришда фақат ички имкониятлар, яъни юртимиздаги турли сув ресурсларига таяниш мумкин. Бугунги кунда табиий сув ҳавзалари ва сув ўсимликларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига балиқ маҳсулотлари ҳажмини янада кўпайтириш чоралари кўриляпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сонли қарорига асосан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва самарали бошқаришни ташкил этиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга комплекс ёндашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат-унитар корхонаси ташкил этилган. Солиқ қўмитаси мазкур давлат-унитар корхона фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда. Бунинг натижасида шу йилнинг охирига қадар 18 минг 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўп маҳсулот етказиб берилади. Ана шу режа бажарилиши учун имкониятлар етарли. Ҳозирда тилга олинган кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектарни ташкил қиляпти. Узунлиги 180 километр, кенглиги ўртача 21 километр, энг чуқур жойи эса 45 метрга тенг. Албатта, сув ҳавзасининг мавжудлиги балиқчилик ривожланиши учун кифоя қилмайди. Давлат солиқ қўмитаси ривожланган мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш мақсадида Хитой, Туркия, Вьетнам, Франция, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйгани эътиборга молик. Жумладан, Хитой Халқ Респуб­ликасидан лаборатория ускуналари ва серҳосил балиқ турлари олиб келинаётган бўлса, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда балиқларни қайта ишлаш цехлари қуриляпти, Бирлашган Араб Амирликлари билан қафас (садок) мосламаларида балиқ етиштириш йўлга қўйиляпти, айни чоғда Саудия Арабистони билан табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга ошириляпти.

Гап аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тўғрисида кетар экан, нафақат миқдор, балки сифат ҳам муҳимлигини ёддан чиқармаслик лозим. Одамларнинг саломатлигига зиён етмаслиги керак. Бинобарин, “Айдар-Арнасой кўллар тизими”да кўпайтирилаётган балиқларни касаллик ва бактериялардан муносиб ҳимоя қилишга алоҳида эътибор бериляпти.

Ҳудуддаги балиқчилар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш, истиқболли хўжаликларни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан инвестициялар фаол жалб этилмоқда. Бу орқали “Айдар-Арнасой кўллар тизими”нинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий технологиялар ҳамда жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Балиқчиликни ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Чунончи, 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этиляпти. Унда балиқ чавақлари етиштирилади. 500 гектар ер майдонида балиқ чавақларига озуқа бўлувчи экинлар экилади. Шу каби талай ишларни амалга ошириш учун дирекциянинг автопарки шакллантирилди. Кредит маблағлари ҳисобидан 3 дона “Isuzu” автомашинаси (2 дона юк ва 1 дона музлаткичли), 1 дона фронтал юклагич, 1 дона бульдозер, 2 дона “MAN” русумли автосамосвал, 4 дона трактор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинди. 3 та экскаватор, балиқ чавақлари ва балиқларни ташиш учун махсус автомашина, музлаткичли юк автомобилига ҳам буюртма берилган.

Тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ етиштириладиган парваришхоналар ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, махсус техника воситалари келтириш, балиқни қайта ишлаш, қадоқлаш, балиқ уни ва ем ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қўшимча кредит линиялари ўзлаштирилиши режалаштирил­япти.

Ҳозирда кўллар тизимини балиққа тўлдириш учун 5,2 миллион дона чавақ етиштирилмоқда. Режага кўра октябрь-ноябрь ойларида 7 миллион дона балиқ чавағи кўллар тизимига ташланади. Йил якунига қадар жами майдони 100 гектар бўлган сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Инкубация цехи қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш учун шу ернинг ўзида қафас (садок) мосламалари тайёрлайдиган ишлаб чиқариш цехи ҳам барпо этилди. Арнасой кўли соҳилида 2 та – ҳар бирининг сиғими 25 куб метр бўлган балиқларни сақлаш музлаткичи ҳам бунёд этилди. Россиянинг “Тюмень судокомплект” заводидан келтирилган 2 дона йирик катер учун причал қурилмоқда.

Шу кунгача кўллар тизимида 477 та янги иш ўрни яратилган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши туфайли ишчилар сони 2000 нафарга етади.

Афсус билан қайд этиш зарурки, кўллар тизимидаги табиий сув ҳавзаларида электр ёрдамида балиқ овлаш авж олган. Бундай хатти-ҳаракатлар балиқ захирасига, унинг насл беришига жиддий зиён етказади. Браконьерликка қарши курашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Прокуратура ҳузуридаги департамент ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

– Мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантириш йўлидаги саъй­-ҳаракатлар аҳолининг оқсилга бой маҳсулотларга талабини қондириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда, – дей­ди “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК директори Илҳом Бегмирзаев. – Яқин истиқболда қабул қилиниши кутилаётган “Балиқчилик соҳасини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси бу йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлишига ишонамиз.

Акмал НАЗАРОВ,

Акмал НАЗАРОВ,

Давлат солиқ қўмитасининг 

жамоатчилик билан алоқалар

ва ҳуқуқий ахборот бўлими

катта инспектори