Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БАНК-МОЛИЯ ТИЗИМИ: ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР ҚАНДАЙ?

БАНК-МОЛИЯ ТИЗИМИ:  ИСТИҚБОЛДАГИ  РЕЖАЛАР ҚАНДАЙ?
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент молия институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишда банк-молия тизимининг самарали таъсирини кучайтириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари ва илмий ходим-изланувчилари, қатор вазирлик ҳамда идоралар, шунингдек, Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат Тадқиқотлари институти, айрим хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, “Ландесбанк Баден-Вюртемберг” (Германия) банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда
оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ушбу нуфузли тадбирни Банк-молия академияси ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Адҳам Бекмуродов кириш сўзи билан очар экан, аввало, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, юртимиз иқтисодий салоҳиятини оширишда асосий етакчи кучга айланиб бораётган тадбиркор ва фермерларга кўмакчи бўлиш, уларнинг сафини янада кенгайтиришда O‘zLiDeP  яқиндан ўз ҳиссасини қўшаётгани, тижорат банклари томонидан ёш ишбилармон ва ер эгаларининг имтиёзли кредитлар билан таъминланишида сиёсий куч томонидан ишлаб чиқилаётган истиқболли лойиҳалар, уюштирилаётган кенг кўламдаги тадбирлар алоҳида аҳамият касб этаётганига урғу берди.
 
 
– Бугунги конференция кун тартибига қўйилган ҳаётий мавзу O‘zLiDeP учун ҳам долзарб масалалар сирасига киради, – деди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Бахтиёр ЯКУБОВ. –  Масаланинг муҳимлиги нафақат партиямизнинг Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган ғояларнинг ҳаётга жорий этилиши борасида масъулиятни ҳис қилган сиёсий куч эканлиги билан, балки партиянинг тадбиркорлар учун банкларнинг кредит базасини ортиши ва ривожланишидан бевосита манфаатдор қатлам эканлиги билан ҳам белгиланади. Зеро, тижорат банкларининг инвес­тициявий имкониятларини мус­таҳкамлаш, уларнинг инвестицион лойиҳаларга маблағ киритишларига қизиқишини кучайтиришнинг таъсирчан механизмларини амалиётга жорий этиш масаласи партиямиз дастурида алоҳида қайд этилган. Қолаверса, 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз раҳбари айнан O‘zLiDeP Иқтисодиёт, Молия вазирлик­лари ва Инвестициялар қўмитаси фаолияти устидан парламент назорати ўрнатиш зарурлигига алоҳида аҳамият қаратган эдилар. Шу нуқтаи назардан бугун муҳокама қилинаётган мавзумиз ҳам ниҳоятда муҳим. Молия тизими ҳар қандай иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланади. Дарҳақиқат, бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектларининг тўлақонли фаолият юритишида бу соҳанинг ўрни бўлакча. Кейинги қарийб бир йил мобайнида яъни жуда қисқа фурсат ичида бу борада қатъий қадамлар ташланди, чуқур ўзгаришлар амалга оширилди. Бугун ушбу жараёнлар нафақат юртимизда, балки бутун дунёда катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Мамлакатимизга ўз инвес­тицияларини киритиш истагида бўлганлар сони ошмоқда. Бугунги конференциямизда бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашаётганлигининг ўзи ҳам ана шундан дарак беради. Ўйлаймизки, бугунги муҳокамалар мазкур соҳада амалга оширилаётган  ислоҳотларнинг бориши, кейинги қадамлар бўйича ҳам янги-янги фикрларни шакллантиришига ишонамиз.
Шу ўринда бу каби муҳим масалалар юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқишда нафақат мамлакатимиздаги етакчи илмий ва таҳлилий марказлар, балки, хорижлик мутахассисларнинг ҳам бу жараёнга жалб этилаётгани ва ҳамкорлик қилинаётгани ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан бугунги халқаро илмий-амалий конференциянинг партиямизнинг бевосита энг яқин ҳамкорлари –
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент молия институти билан биргаликда ўтказилаётгани алоҳида таҳсинга сазовор.
 
 
– Шу маънода бугунги конференция кун тартибига қўйилган долзарб мавзу мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида алоҳида ўрин тутишига эътибор қаратиш лозим. Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш ва унинг самарадорлигини ошириш учун банк-молия тизимида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ислоҳотларнинг асосий йўналишлари аниқ қилиб белгилаб берилган, – деди Банк-молия академияси ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Адҳам БЕКМУРОДОВ – Хусусан, банк тизими олдида турган энг долзарб масалалардан бири бўлган валюта сиёсатини либераллаштириш, валюта бозорини халқаро талаб­лар ва андозаларга мослаштириш, валюта барқарорлигини мустаҳкамлаш, банк тизимини бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ислоҳ этиш, кўрсатилаётган банк хизматларининг инновацион турларини жорий этиш ва сифатини ошириш бўйича белгиланган ишлар бугун ўз натижасини бермоқда.
 
 
Хитой  Халқ­ Рес­публикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Ли Цзе бу каби конференция­ларни ўтказиш мамлакат илмий ва эксперт салоҳиятини, валюта-молия сиёсатини янада ривож­лантириш истиқболларини муҳокама этишга фаол жалб қилиш имконини бераётгани, бу эса бугун Ўзбекистонда жадал суръатлар билан амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар жараёнида ниҳоятда муҳим эканлиги ҳақида фикр билдирди. Хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ўтказилган бу каби муҳокамалар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар очиқлиги ва ошкоралигидан далолат беради, уларнинг чет эл инвесторлари учун тушунарли эканлигини таъминлайди, бу эса инвесторлар ва инвестицияларни жалб қилиш учун жуда муҳим.
 
 
 
 
 
– Мамлакатимиз банк-молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити макроиқтисодий барқарорликка эришиш учун қулай шароит яратмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,  O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Адҳам ШОДМОНОВ. – Юртимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, валюта сиёсатини эркинлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини яратишда муҳим омил бўлмоқда. 
Бинобарин, ташқи савдо фаолиятининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши ва миллий валюта алмашинув курсининг рағбатлантирувчи динамикага эга бўлиши натижасида 2017 йилнинг ўн ойи давомида экспорт орқали кириб келаётган валюта тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиздан зиёдга ўсди. Бу ниҳоятда қувонарли кўрсаткичдир.
 
 
Япония Молия вазирлиги ҳузуридаги Сиёсий тадқиқотлар институти президенти Т. Дои қайд этганидек, Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, банк тизимини либераллаштириш ва унинг барқарорлигини ошириш жараёни бозор механизмларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Япон эксперти баҳолашича, яратилган ҳуқуқий пойдевор ва мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти шароитида ислоҳотларнинг ижобий натижаларини таъминламоқда. 
Эксперт томонидан валюта сиёсатини либераллаштириш ва унификациялаш муҳимлиги алоҳида қайд этилган. Таъкидланганидек, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ушбу соҳага бозор механизмларини жорий этиш аҳоли учун “таъсирли ва айрим ҳолларда оғриқли” ўтади, аммо Ўзбекистон кўрилган чоралар туфайли бу жараённи “ортиқча йўқотишларсиз” бошдан кечирмоқда. Шу боис, эксперт таъкидлашича, республика чет эллик инвесторлар учун жозибадор ҳисобланади, ўз навбатида ҳамкорлик доирасида Япония томони Ўзбекистонда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича дастурларда иштирок этишга тайёр.
 
 
Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К. Аллан таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган ислоҳотлар бугунги босқичда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожининг барча йўналишлари бўйи­ча ишларни фаоллаштиришга улкан туртки бўлди. Унинг фикрига кўра, ушбу Стратегия ҳақиқатан ҳам жуда чуқур ўйланган ва муҳим дастур бўлиб, энг асосий вазифалар сирасига киради. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбари Британия томони қайд этилган йўналишлар бўйича Ўзбекистон олдида турган вазифаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлади.
Илмий маъруза ва муҳокамалар тарзида ўтказилган тадбирда иштирокчилар томонидан валюта сиёсатини либераллаштиришнинг миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишдаги роли, давлат молия тизимини янада такомиллаштиришнинг устувор масалалари, мамлакатда иқтисодий ўсишни солиқлар орқали рағбатлантиришнинг замонавий механизм ва тенденция­лари, инвестицион муҳит жозибадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишнинг муҳим йўналишлари, Ўзбекистонда молия инфраструктурасини модернизациялаш ва ривожлантириш масалалари, банкларнинг барқарорлиги ҳамда рақобатбардош­лигини ошириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.
Айниқса, тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шароит ва уларнинг янада самарали фаолият юритишлари учун бир қанча имтиёзларнинг берилгани алоҳида қайд этилди.
 
Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Н. НОРБАЕВ шундай дейди:
– Маълумки, ҳар бир давлатнинг нуфузи ва қуд­ратини солиқлар асосида шакллантирилган давлат бюджети, хусусан, унинг молия тизими ташкил этади. Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби солиқ соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, давлатнинг молиявий тизимини мустаҳкамлаш орқали бюджет тизими механизмини шакллантириш, бозор иқтисодиёти шароитида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини, эркин хусусий тадбиркорлик учун кенг имкониятларни ва бозор муносабатларига жавоб берадиган мустаҳкам, барқарор иқтисодий ишлаб чиқариш тизимини яратишдан иборатдир.
Шундай экан, бугунги кунда улар фаолиятини айнан солиққа тортиш механизми орқали рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади ва бунга юртимизда алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, микрофирма ва кичик корхоналар учун солиқ юкини камайтириш мақсадида ягона солиқ тўлови ставкаси 2005 йилдаги 13 фоиздан, 2017 йилга келиб 5 фоиз қилиб белгиланди, яъни икки ярим баробарга камайтирилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун солиқ юкини камайтириш мақсадида 2014 йилдан бошлаб улар  давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди ҳамда ягона ер солиғи ставкаси 2015 йилдаги 6 фоиздан, 2017 йилга келиб 0,95 фоиз қилиб белгиланди.
 
– Диёримизда тадбиркорлик ва хусусий мулк­чиликни янада қўллаб-қувватлаш, соҳага янги-янги имтиёз ва преференциялар яратиб бериш бўйича ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда, – деди Иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин МИРЗАЕВ. – Бир қатор эркин иқтисодий зоналар, қишлоқларда кичик саноат ҳудудлари ташкил этиляпти. Қишлоқ хўжалиги соҳасида биз учун янги бўлган тармоқ ва йўналишларга асос солинмоқда. Масалан, айни кунда республикамизнинг 10 та ҳудудида 14 та эркин иқтисодий зоналарнинг  фаолият юритаётгани фикримизнинг далилидир. Ҳозиргача бу зоналарда 62 та лойи­ҳа амалга оширилди, 87 та лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
 
 
Энг муҳими, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилган, алоҳида солиқ режимлари амал қилади ҳамда бир қатор имтиёз, преференциялар берилган.
Хусусан, ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси, қолаверса, бюджетдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ҳамда тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинган. Ушбу имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади.
Солиқ тўловчиларни рағбатлантириш борасида амалга оширилган тадбирлар халқаро молия институтлари томонидан ҳам эътироф этилиб келинмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш 18” (Doing Business 2018) гуруҳининг мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш бўйича тарқатган маълумотларига кўра Ўзбекистон бир йил мобайнида 60 поғонага яъни 138 ўриндан 78 ўринга кўтарилди! 
Умуман олганда, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвес­тицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратишни таъминлайдиган солиқ тизими шакллантирилди.
Маърузаларда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш юзасидан бир қанча ижобий таклифлар билдирилди ва улар ҳозирда мутасадди вазирликлар билан биргаликда кўриб чиқилиб, амалдаги солиқ қонунчилигини такомиллаштиришда фойдаланилади.
 
– Амалга оши­ри­­лаётган банк-молия тизимидаги ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистонда яратилган қулай­ инвестиция­вий-инновацион муҳит макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий мутаносиб­ликни таъминлаб келмоқда, – деди Молия вазири ўринбосари Анвар КАРИМОВ. – Жумладан, 2017 йилнинг тўққиз ойлик натижаларига кўра, ташқи савдо фао­лиятининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши ҳамда миллий валютанинг реал алмашинув курсининг рағбатлантирувчи динамикага эга бўлиши мамлакатга экспорт орқали кириб келаётган валюта тушумлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсишига олиб келди. Бу ўз навбатида, реал сектордаги иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омил вазифасини бажарди.
 
– Шу ўринда, банк тизимининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида Президентимиз 2017 йил 16 июнда имзолаган “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва капиталлашув даражасини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор муҳим аҳамиятга эга бўлди, – деди Марказий банк раиси ўринбосари Б. ЗОҲИДОВ.
 

Маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, иқтисодиётда кузатилаётган ўзгаришлар доирасида жорий йилнинг дастлабки 10 ойи давомида экспортдан валюта тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиздан зиёдга ўсди ҳамда мамлакатимиз олтин-валюта захиралари ҳажми сентябрь-октябрь ойларининг ўзида 754 миллион АҚШ долларига ошиб, 1 ноябрь ҳолатига 26 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Умуман олганда, валюта бозорини либералллаштиришдан сўнг ички валюта бозоридаги операцияларнинг ўртача ойлик ҳажми сезиларли даражада ошди.
Конференция иштирокчиларининг таъкидлашича, мамлакатимизда амалга оширилаётган ушбу кенг қамровли ислоҳотларга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Жаҳон Банки, Халқаро валюта фонди каби нуфузли ташкилотларнинг ҳисоботларида ижобий баҳо бериб келинмоқда. Натижада Ўзбекис­тоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳамда хорижий хусусий сармоядорлар, йирик трансмиллий компаниялар, халқаро молия инс­титутларининг давлатимизга бўлган ишончи ва қизиқиши янада ортиб бормоқда.
Бундан ташқари, ушбу тадбирда халқаро ва маҳаллий экспертлар, Банк-молия академияси ҳамда бошқа олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари олимлари томонидан амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижасида шаклланган таклиф ва тавсиялар, билдирилган фикр-мулоҳазалар кенг муҳокама қилинди. 
Мулоқот натижасида конференция кун тартибидаги масала юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга, қолаверса, O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига киритилиши белгилаб олинди.
 
Саҳифани “XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА тайёрлади.
 
Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.