Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Банк ходими омонатга хиёнат қилса-я...

Банк ходими омонатга хиёнат қилса-я...
“Миллий банк”нинг Марғилон шаҳар филиалида мижозларнинг кредит қарздорлигини омонатчиларнинг маблағлари ҳисобидан қоплаб келаётганлиги фош этилди.
 
Азал-азалдан халқимизда бировнинг ҳаққини ейиш, омонатга хиёнат қилиш каби иллатлар кескин қораланган. “Бировнинг ҳақи – балонинг ўқи”, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Ташқи иқтисодий фаолият “Миллийбанк” Марғилон шаҳар филиалининг бошқарувчиси А. Мадвалиев ва ходимлар Ш. Раҳимов, Э. Усмонова, И. Раҳматуллаевалар иш фаолиятларида буни унутишди. Улар фуқаролар ишониб топширган маблағларини банкдан кредит олган бошқа мижозларнинг кредитдан бўлган қарздорликларини қоплашга йўналтириб, ушбу маблағларни растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
 
Хусусан, А.Кавлановнинг 49 миллион сўм маблағини касса мудири Ш.Раҳимов қабул қилиб олиб, унга сохта омонат дафтарчаси ва ҳисобварақ расмийлаштирган, ўзига бириктирилган дастурий тизимига қайд этмаган. Мижозга топширган пул маблағлари унинг омонат ҳисоб рақамига кирим бўлганлигини маълум қилиб, топширилган пул маблағлари ҳисобидан ҳар ойнинг белгиланган санасида А.Кавлановга омонат фоизларини ўз ҳисобидан бериб, бу ҳақда омонат дафтарчаси ва ҳисобварағига сохта ёзувларни қайд этиб келган. Мазкур филиалнинг мижозлари бўлган бир қатор корхоналарнинг кредит тўловлари шу каби айрим омонатчиларнинг банкка топширган пул маблағлари ҳисобидан қоплаб берилган.
 
“Ўзмиллийбанк” бош офиси раисининг фармойиши асосида банкнинг Марғилон филиалида ўтказилган хизмат текширувида 5 та ҳолатда мижозлар ҳисоб рақамига жами 116 миллион 732 минг 500 сўм маблағи кирим қилинмагани аниқланди.
 
Бундан ташқари, “Миллийбанк” Марғилон шаҳар филиалининг жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш бўйича конверсион операциялар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Э.Усманова филиалнинг айирбошлаш амалиётлари шўъбаси кассир-назоратчиси вазифасида ишлаган И.Раҳматуллаева ҳам ўзгаларнинг ҳақига хиёнат қилди. Улар компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, “Золотая корона” халқаро пул ўтказмалари тизими орқали 11 нафар шахслар номига келган чет эл валютасини мижозлар банкдан олиб кетишганидан сўнг уларнинг номидан маълумотлар киритишиб, 3 минг 260 долларини талон тарож қилган.
 
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, уларга тегишли жазо тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар эса қопланди.

М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА