Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БАНКРОТ БЎЛМАЙ ДЕСАНГИЗ...

БАНКРОТ БЎЛМАЙ ДЕСАНГИЗ...

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

 Бозор иқтисодиётининг бутун дунёда қабул қилинган тамойилларига ўтиш, Ўзбекистонда стратегик тараққиётнинг энг муҳим устувор йўналиши сифатида хусусий мулкнинг дахлсизлигини мустаҳкамлаш, шу асосда бугунги кунда жамиятнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи қатлами, ижтимоий-сиёсий барқарорлик кафолати ҳамда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлайдиган ўрта қатлам – яъни мулкдорлар синфини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тез, жадал ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган қатор фармон ва қарорлар мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, зарур ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ҳамда мамлакатимизда бизнес, хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини таъминлашда ҳамда шак-шубҳасиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг электорати бўлган тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутиб, уларга кенг имкониятлар яратмоқда.
Жумладан, юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат кўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ушбу йил 8 августдаги “Тадбиркорлар учун ўкув курслари ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилганлиги ҳам соҳа вакилларига катта имконият эшигини очиб берди.
Чунки янги очилган марказнинг асосий вазифалари сифатида тадбиркорларга бизнесни юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, соҳага оид қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ҳамда бошқа зарур билимларни ўргатадиган ўқув курсларини ташкил этиш; тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур маълумотларни олишда кўмаклашиш, шунингдек, инвестиция жараёнини амалга оширишнинг барча босқичларида тадбиркорларга ҳамроҳлик қилиш; ходимларни танлаш ва ўқитиш, уларнинг касбий малакасини доимий ошириб боришда тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, ушбу ўқув курслари мобайнида олий таълим муассасалари, вазирликлар ва идоралар мутахассисларини, ўз меҳнат фаолияти давомида муваффақиятларга эришган тадбиркорлар билан бир қаторда хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳамда марказ фаолияти йўналишлари бўйича халқаро молия институтлари, хорижий донорлар ва хориждаги тадбиркорларни ўқитиш марказлари билан ҳамкорлик қилиш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика марказининг махсус дарсларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ва тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси фаол иштирок этишлари ҳам белгиланганлиги марказ фаолияти самарадорлигини оширишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Тадбиркорлар учун давлатимиз томонидан бундай имкониятларнинг яратилиши самарали фаолиятга хизмат қилиши билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс, мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш каби вазифаларнинг ўз вақтида самарали бажарилишига хизмат қилади.