Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БАРАКАЛИ ЙИГИТ

БАРАКАЛИ ЙИГИТ

Президентимизнинг шу йил  10 августда имзолаган фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган Термиз шаҳридаги “Термиз-тезкор-қурилиш” ихтисос­лаштирилган
қурилиш-таъмирлаш корхонаси бош директори Ҳайитали Алламуродовнинг босиб ўтган мураккаб ва ибратли ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қилинган бадиий-­публицистик қиссадан
айрим парчалар:
 

                   Тупканинг таги  қаерда?

“Ҳайитали Алламуродовни танийсизми?”, деб сўрасам, сиз, албатта, елка қисасиз: “Йўқ”. Ажабланадиган жойи кам. Ўзим ҳам танимас эдим. Қандай танийлик, айримларга ўхшаб бўлар-бўлмас иш учун атрофига тўда-тўда мухбир йиғиб, уларга узундан-узун, маза-бемаза интервьюлар бермаса! Матбуот анжуманларию брифинг­лар, пресс-турлар уюштирмаса! Газета-журналлардан ялтироқ суратлари, телеэкранлардан мамнун қиёфаси аримай, радио тўлқинларидан салобатли овози жаранглаб турмаса!

Шу гапни кейинчалик бир ҳамкасбимга айтсам, кулди: “Тухум қўйган товуққа ўхшаб, дунёни бошига кўтариб қа-қалайвериши шартми?”

Тасодифан танишиб қолгач, ҳайратга тушдим: Ҳайиталининг ўттиз йиллик фаолияти ҳақида матбуотда ўттиз сатр ҳам гап чиқмаган ҳисоб. Лекин бунинг учун қалам аҳлидан гина қилиш адолатдан эмас. Бугун, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да бундай иш одамлари ҳақида ҳар қанча ёзсанг, уларнинг бой тажрибасини тарғиб қилсанг  арзийди.

Аслида, бу қишлоқ йигитининг кўп­ларга, айниқса, тайинли касб-корнинг бошини тутиб, сабр-бардош билан ҳаракат қилиш ўрнига, ҳар қадамда зорланишни одатга айлантирган айрим ёшларга намуна сифатида кўрсатса арзийдиган ишлари талайгина.

Агар сиз “замонамиз қаҳрамони” деган мартабага лойиқ одам излаётган бўлсангиз, мен Ҳайиталини кўрсатган бўлардим.

Агар сиз тиниб-тинчимаган, шунинг баробарида, ишлари юришган тадбиркорни қидираётган бўлсангиз, мен Ҳайит­алини тавсия қилган бўлардим.

Агар сиз камтарин ва камсуқум, гап­дан кўра ишни афзал биладиган, хокисор, лекин бой-бадавлат мулк­дор, сармоядорнинг тажрибаси билан танишмоқчи бўлсангиз, мен Ҳайиталининг адресини берган бўлардим!

Ҳайитали бугуннинг айрим билағон ёшлари каби дунёнинг нуфузли олий таълим даргоҳлари, дейлик, Кембриж, Окс­форд, Гарвард, Токио каби университетларда бизнес илмидан сабоқ олмаган. Дафъатан сўрасангиз, “менежмент”, “маркетинг”, “монетаризм” сингари айрим ажнабий, бироқ дунё истилоҳидаги сержилва сўзларнинг маъносини дарҳол тушунтириб бера олмаслиги ҳам мумкин. Лекин амалда уларнинг пири бўлиб кетган. На магис­трлик ридосини кийган, на имтиёзли дип­ломни кўрган. Кўргани  –  Термиз давлат университетининг умумтехника фанлари ва меҳнат факультетининг сиртқи бўлими. Муаллим. Шунга етгунича ҳам неча уриниб, неча суринган. 

Ҳайиталининг оғзидан ҳар бир гапни тишини суғургандай суғуриб олишимга тўғри келди. Яна биласизки, баъзилар танига сал жир битса, ҳеч кимга гап бермай қўяди. Ҳар кимга, ҳар ишга баҳоси тайин. Ҳаммадан доно, ишбилармон. Ҳайиталининг даврада бор-йўқлиги ҳам билинмайди. Бир чеккада, кўпинча пойгароқда, чой сузиб, чой узатиб, одамларнинг гапларига жимгина, бироқ сергак қулоқ солиб ўтиради. Очиқ юзида босиқ табассум. Гўё, миллионларни, миллионлар нима, миллиардларни қўлда соққадай айлантирувчи бой - наби эмас, ўзидан ёши, нуфузи ва илми хийла зиёда одамларнинг даврасига тасодифан тушиб қолган анчайин бир коранда.

Ҳайитали Алламуродов 1967 йилнинг сунбуласида  туғилиб,  вояга етган Сайроб қиш­лоғига бориш илгари осон эмасди.

Ўттиз йил бурунги бир гапни айтсам. Пойтахтдан Термизгача – самолётда, сўнг тоғ-даранинг биқинигача – кунда, баъзан кунора қатнайдиган шалоғи чиққан автобусда, ундан кейин тубсиз жарликлару қоялар оша ёлғизоёқ сўқмоқлар билан тиззагача лой кечиб, от ёки эшакда етар эдингиз. Тупканинг тагини кўрмоқчи бўлсангиз, Бойсуннинг Сайробига боринг, дейишарди.

“Энди нима қиламан?”

Кимки унинг тадбиркорлик йўлига оқ пояндозлар тўшалиб, устига анвойи гуллар сочилган эди, деб ўйласа, хато қилади. Бу йўлларда гулдан кўра чағиру харсанглар, роҳатдан кўра азобу иккиланишлар – эзилиш­лар кўпроқ. Бугун, ишлари юришиб, назаркардалик рутбасига эришганида ҳам куни осон кечаётгани йўқ.

Ўша кунни у жуда яхши эслайди.

Наҳорги чой устида Нормамат амакининг овози момақалдироқдек гулдираб кетди. Бу одамнинг кўнгли Шерободнинг чўлларидан кенг, овози Боботоғнинг чўққиларидан  баланд, ўктам. Доим гулдираб туради.

– Сенга нима бўлди, Ҳайитали? Шеър ўқияп­санми?

Ўспирин бошини кўтарди:

– Йўқ. Унинг кўзлари тўла ёш эди.

– Унда нима деб ғўлдираяпсан?..

– Ётгандаям, тургандаям “энди нима қиламан?” деб пичирлагани пичирлаган, - дея  гапга қўшилди холаси. – Худди эси оғиб қолганга ўхшайди.

Важоҳатидан от ҳуркадиган амаки лабини тишлади. Сийрак қошлари бир учиб тушди. Оғир хўрсинди. Боланинг эзилганича бор. Саратонга чалинган отаси икки дунё оралиғида ҳақ деб ётибди. Суюнчихўри – Ҳайит­али университетда сиртдан ўқиш баробарида, ғишт заводида лой чангаллаб юрибди. Беморнинг эртаси маълум. Дўхтирлар нари борса, бир йил яшайди, дейишган. Ўғилники номаълум. Ҳали на тайинли ҳунари, на иши бор. Отасининг “оёғи тойиб кетса”, етти, йўқ, ўзи билан саккиз жоннинг ташвиши шу тўнғич боланинг нимжон елкасига тушади...

Эртаси куни ошпаз Ҳайиталини шогирдликка олди. 

Нормамат Нуралиев савдонинг пирларидан эди.

Ўчоқбошида

Шўролар замонида Термизу Тифлисда ҳам, Ургуту Сургутда ҳам –  ҳамма жойда,  барча ошхоналарда хўроз бир хил қичқирган: овқатга “қўли текканнинг оғзи тегар”ди. Яъниким, раҳбару ходим масаллиқдан урарди: таъминотчи, омборчи, ошпаз, бош ошпаз, ҳисобчи, бу ёқда директор... Чунки ҳамма нарса давлатники. Давлат бой, мол-дунёси камайиб қолмайди. Мантининг гўшти кам, пиёзи мўл, хамири қалин бўлгани шундан. Шўрва шилдир-шилдир, эти тош­дан қаттиқ, картошкаси “серяра” бўлгани шундан. Қозондаги туби кўриниб қолган шўрвага оқшом бир челак қайноқ сув қўшиб юборилганини айтмасак-да бўлади. Аммо шугина таомни ҳам бозорга келган авом товоғигача ялаб-юлқаб кетишидан емакхона аҳлининг кўнгли доим тўқ: одамларнинг борадиган бошқа ошхонаси, танлаш имконияти йўқ.

Устози тумовга чалиниб қолганида ўчоқбоши бир муддат Ҳайиталининг ихтиёрида қолди. Умрида қўлига чўмич ушламаган йигит пазанда онаси Рўзихол опани эслади. Мантига данакдек думба, бир чимдим зира қўшганлари кўз олдига келди. Опа-сингилларига ускунада эзилиб эмас, пичоқда кесилиб майдаланган гўшт таомни тотлироқ қилишини уқтирганлари хаёлидан ўтди.  Шўрвани бир соат эмас, тўрт-беш соатлаб қайнатганлари хотирида гавдаланди.

Тонгда, одамлар ҳали уйқудан кўз очмасидан, у ошхонага келиб, хамир қоришни, шўрвага қозон осишни одат қилади.  

Хўрандалар – ҳайратга, янги ошпазнинг таомлари тилга тушди: “Ҳайиталининг шўрваси”, “Ҳайиталининг мантиси”, “Ҳайиталининг қовурдоғи...”

“София” ошхонасида ҳозир ҳам шундай. Ишонмасангиз, боринг, кўринг. Камида эллик-олтмиш чоғли хўранда иштаҳа билан гўшт чайнаб, хўриллатиб чой, пиво симираётганига гувоҳ бўласиз. Бай-ба-ай!  

...Шўролар давлати путурдан кетиб, дўконларнинг пештахтаси тиши тўкилган кампирнинг оғзидек ҳувиллай бошлаган замон эди. Салтанат аҳли бол йўқотган асаларидай гувуллайди. Дўконга мол келса, чакамукдай ёпишади. Бундай пайтда кўпчилик пулнинг бетига қарармиди? Товарни топганидан хурсанд. Хўранданинг бўйни ингичкароғи овқатни ошхонага келиб ейди, йўғонроғи сим қоқади: “Шофёримиз боради, бир тоғора қовурдоқ бериб юборинг!..”

Кейинроқ савдони “тебратиб турганлар” ота юртлари – соя-салқин гўшаларга кетаманга тушди. Шаҳар матлубот жамиятининг куни ҳайиталиларга  қолди. Кейин ҳукумат қоғоз беришга киришди: муассасалар хусусийлаша бош­лади. Ҳайитали Алламуродов ҳам кўп қатори мулкдор, амлокдор бўлиб олди. Ўша мулкни гаровга қўйиб, кредит олиш, бошқа муассаса, масалан, тўйхона қуриш имконияти пайдо бўлди. Ке­йин тўйхонаю майхона – иккаласини ҳам гаровга қўйиб, яна кредит олиш мумкин. Сўнг лизинг деган тушунча истилоҳга кириб келди. Бунинг устига, инфляция деганлари ҳам Сайробга қатнайдиган автобусдай қирнинг елкасида тутаганча тўхтаб қолгани йўқ. Ўша йиллари каттакон завод харид қилган маблағингизга бугун битта дарвозасини ҳам олишингиз душвор. Кредитда барака бор, деган гапни ана шундай олди-сотдиларни дўндирганлар айтган бўлса не ажаб.

Ишлар гуриллаб кетди!     

Тарозининг тошини тўғри қўйиш, сид­қидилдан меҳнат қилиш ва Яратганни мудом ёд этишнинг хосияти кўп. Ҳайиталининг ошпазликдан олган энг муҳим сабоғи шу бўлди: “Сифат бор жойда – барака бор!”   

Лекин қозон-ўчоқ олдида ҳам бир умр куймаланиб қолмади.

Мукаммаллик замони

Бошида жуда қийин бўлди. Қиш­лоқда пахсаю лойсувоқдан бошқа нарсани кўрмаган йигитга бинокорлик йўлини тутиш осон кечмаслиги тайин. Мутахассислиги – муаллим, чиққан жойи ошхона бўлса. Бундай пайтда куладиган бекорчиларнинг уруғи урчийди: “Сендан қурувчи чиқса, мен эшагимда Ойга бориб келаман!..”

Ҳайитали умидни ва сабрни билади. Пўртанаси тоғдан баланд изтиробларини сиртга чиқармасликни билади. Поччаси Нормамат бободек дарёдил одамларнинг қадрини билади. Ўгитларини бир умр эслаб қолади: “Сен тоғнинг боласисан, болам. Ишонган тоғда кийик ётмайди!”

Кейинчалик, Ҳайитали Сурхондарёда нуфузли тадбиркорлардан бири сифатида танилгач, мен унинг хайрли ишлари ҳақида ёзмоқ ниятида Термизда юрганимда Нормамат бобони гапга солдим. Бобо бу пайтда муборак ҳаж зиёратига бориб, Фаёзтепа деб аталмиш дунёга машҳур қадимги кент харобалари ёнидаги қақшаб ётган ерни сонга солиб, боққа айлантирган. Сермева дарахтлари соясидаги сўрида ёнбошлаб ётган эди. Ҳайиталининг қай бир фазилати унга кўпроқ ёқишини сўрасам, жавоби лол қолдирди: “Ўрлиги, қайсарлиги!”

Нормамат ҳожи Нуралиев айт­ди: “Бу бола қаердаки янгиликни кўрса, яхши ғоядан хабар топса, оромини йўқотади. Ўшани ўрганмагунча, ўрганиб ўз корхонасида йўлга қўймагунича тинчимайди. На тун дейди, на кун. На қиш дейди, на саратон!..”

Бугун Ҳайитали воҳадаги энг йирик компаниялардан бири – “Термиз тезкор қурилиш” (“Тезкорқурилиш”) ихтисослаштирилган таъмирлаш – қурилиш ташкилотининг бош директори даражасига эришган экан, бу чеккан ана шундай заҳматлари туфайлидир. Жамоаси кўп қаватли уй-жой бунёд этишга киришган жойда ҳали пойдевори кўтарилмасидан одамлар квартира олиш учун навбатга туради. Чунки билади: Ҳайитали қурган уйга фақат кўрпа-ёстиқ кўтариб кирилади. Қолгани бадастир!

Бизнеснинг  бош устуни

Ҳайитали ҳам ўз замонасининг фарзанди. Кечаги куннинг  “текшир-текширлари”, “чўз-чўзлари”, “узат-узатлари” Ҳайиталининг даргоҳларини ҳам четлаб ўтмаган. Айрим ишонган дўсту ҳамкорларининг хиёнатларини ҳам кўрди. Жиззадек куйиб, оловдай ёниб қолган пайтлари кўп бўлди. Чидади. “Майдонга тушган алп манглайини қашиламайдур”, дей­ди қабринг нурга тўлгур устоз адибимиз Одил Ёқубов.

Қурилиш компаниясини ташкил этиш аввалида деярли ҳамма ишни ўзи бажаришига тўғри келди. Кетмону белкуракдан то михгача қўлидан ўтказди. Бетон қорувчи машинани ҳам, минорали кранларни ҳам ўзи топди. Сувни ҳам ўзи гаплашди. Бошқа чораси йўқ эди. Тендерда ютгани билан ҳамкору шерикларнинг ишончини қозониш шарт. Бизнеснинг бош устуни –   ишонч. Бироқ муаллимдан чиққан ошпазга, ошпаздан чиққан қурувчига ҳамма ҳам дарҳол ишона қолмайди. Лойиҳани билмаса, тушунмаса. Кўп қаватли иморатларни шаҳарга келибгина кўрган “тоғлик бала”  бўлса.

Мен ҳам ишонмаган бўлардим. Уринишларию жидди жаҳдини “шунчаки тиртанглаш” деб, қўл силтаб кетардим. Ҳар қадамда учратиш мумкин бўлган қилни қирқ ёргувчи қурилиш компания­ларидан энг синамолига бориб учрашардим.

Катта пул ўйнайдиган жойда бу ҳам табиий ҳол.

 Туяга минган узоқни кўзлар

Ҳайитали кўламни доим кенгроқ олишга уринади. 2012 йили “Тезкорқурилиш” компаниясини ташкил этиб, унга ўзи бош бўлганининг боиси ҳам узоқни кўзлаб, кўламни кенгроқ олиб амалга оширилган ишлардан бири. Ўзбекистон сўнгги йилларда улкан қурилиш майдонига айланди десам, янги гап айтмаган бўламан. Биргина Сурхондарёнинг ўзида узоқ муддатга мўлжалланган юзлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундай улкан бунёдкорлик ишларидан четда туриш, уларга фаол ҳисса қўшмаслик – ўзини билган тадбиркорни ташвишга солиши табиий.

“Тезкорқурилиш” шиддат билан ишга киришди ва кўп ўтмай, воҳанинг энг йирик, энг ишончли компанияларидан бири сифатида довруқ қозонди.

Оддий арифметикага таянадиган бўлсак, кўп қаватли уйларнинг ўзи ўнга яқин. Намунавий лойиҳали қиш­лоқ уй-жойлари эса қирқдан ортиқ. Бу – юзлаб оилалар, минглаб одамлар – аёллар, айниқса, болалар, қизлар, келинлар, оталар, оналар, кексаларнинг яшаш шароити кескин яхшиланиб, дилларига қувонч инганидан, орзу-­умидлари барқ уриб, келажакка ишончи мустаҳкамланганидан далолатдир. Бу мамлакатимизнинг тинчлиги, осо­йишталиги, ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва аҳиллигини мустаҳкамлашга замонлар оша хизмат қиладиган муҳим омилдир. Бу ёрқин келажак сари йўналтирилган баракали сармоя, қурилган мустаҳкам кўприкдир!    

Яратганнинг инъоми

Тадбиркорнинг энг катта душмани нима, деб сўрадим.

Ҳайитали айтди: “Нафс! Бозорга чопган бой бўлмас. Бизнес бу – ижод. Ўзингни топишинг, ўзгаларга фойда келтиришинг, бу тўрт кунлик дунёда эзгу ишларинг билан яхши ном қолдиришинг. Сизга балки баландпарвоздек туюлар. Бугун фалон сатр шеър ёзиб, фалон минг маблағ ишлайман, деган шоирни кўрганмисиз? Агар бу ёруғ оламда шундай қаламкаш бўлса, унинг ижоддек илоҳий туйғуга асло дахли йўқ. У маҳсулотига ҳеч ким бурилиб қарамайдиган жўн ва омадсиз косиб. Ишнинг кўзини билган тадбиркор топган маблағини шахсий эҳтиёжларини қондиришга эмас, энг аввало, бизнесини ривож­лантиришга сарфлайди”. 

Илгари одамлар тадбиркорликни ўз ҳолича, билганича ўрганган. Қоқилиб-суринган. Лекин бугун давлатимиз мазкур соҳага жуда улкан эътибор қаратмоқда. Минглаб-миллионлаб одамларга бизнес учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Кеча кредит сўраб борсангиз, қўлингизга қарайдиган банк ходимлари бугун уйма-уй юриб, хизматини таклиф этмоқда. Кеча “сан”лаб” турган амалдорнинг қўли кўксида: “Тадбиркор бўламан десангиз, марҳамат! Ёрдам – биздан, ғайрат –  сиздан!”

Ҳамма шеър ёзади, лекин ҳар ким ҳам шоир бўлолмайди. Ҳамма спорт билан шуғулланади, лекин чемпионлик шоҳсупаси саноқли одамларгагина насиб этади. Кўпчилик ўзини бизнесга уради – тадбиркор чиқиши қийин. Раҳбарлик, кайвонилик, донишмандлик иқтидори етишмайди. Тадбиркорлик ҳам Яратганнинг инъоми.

Жамият аҳлининг  насибаси

 “Бизнес хусусий бўлса-да, унда бутун жамият аҳлининг насибаси бор!”

Буларнинг барчаси ўша насибанинг амалдаги кўринишлари эмасми? Энди уларга Ҳайиталининг тасарруфидаги корхона ва хўжалик­лар, муассаса ва идоралар тўлаётган миллиардлаб солиқ ва бошқа тўловларни қўшинг. Юзлаб, минглаб ишчи-хизматчилар олаётган маошу мукофотларни қўшинг.      

Ҳайиталининг бизнеси кушойиш топаётган, уни бало-қазолардан Ўзи асраётган бўлса, бу миннатдор қалбларнинг дуолари туфайли эмасми!..

Ҳайиталининг кечмиши, қадам олиши, сарфу тасарруфи бошқачароқ ҳам бўлиши  мумкинмиди?

Ҳа!

Масалан, қайси бир давлатда пайдо бўлган нефтфурушу газфуруш корчалон сингари топган-тутганига ўнлаб қимматбаҳо автомобиль сотиб олиб, авомнинг кўзини ўйнатишга ва ҳашамдор гаражлар қуришга ружу қўйса нима қилардингиз?! Сўнг бир юз йигирма беш машинасига икки юз эллик ҳайдовчи, ўнлаб мулозиму қўриқчи, ошпазлар ёллаб,  “Ҳа-ё ҳуйт!” деб узоқ сафарга отланса-чи?! Оврупонинг остонасига етганида юзлаб метрга чўзилиб кетган автомобиллар карвонини кўриб, шошиб қолган чегарачилар “Йўл бўлсин, бовурим?” дейишга ҳам тили бормай қолса-чи? Карвонбоши “Парижни ўз отимда айланиб шиқмесем ўлемен!” деса-чи, не ҳолга тушар эдингиз? Яйраб-яйраб кулармидингиз? Ё номуслардан ерга кириб кетармидингиз? Ё алқаб дуолар қилармидингиз? Сизни билмадим, менинг гапим тайёр: “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг!”

Раҳнамо

Мен унинг навқиронлиги мус­тақиллик йилларига эмас, мустамлака замонига тўғри келганида, тақдири қандай кечар эди, деб ўйладим ва қизиқ-қизиқ жавоблар топдим.

Аввало, унинг тадбиркорлик иқтидори ва салоҳияти рўёбга чиқмасдан, Бойсуннинг қирларида қолиб кетарди. Нари борса, бирорта ресторанга директор бўлиб, ўша замоннинг машҳур “қўли текканнинг оғзи тегар” деган ақидасига амал қилишни, хўрандаларнинг ҳақидан уришни ўрганиб оларди, эҳтимол. Балки ўзига ҳашамдор уй қуриб, машина ҳам оларди. Лекин хусусий заводи, фабрикаси, ресторани, ёқилғи қуйиш шохобчалари бўлармиди? Масжид, шифохона, стадион қургани учун ҳамқиш­лоқлари ўз дуоларида унинг, раҳматли ота-онаси, устозларининг номларини  такрор ва такрор тилга олармидилар?  Ҳозирда бўлгани каби ўнлаб корхонани тасарруф этиш, юзлаб одамларни иш билан таъминлаш, давлатнинг, жамиятнинг ишонган тоғлари  – тадбиркорлар сафида бўлиш саодати насиб этармиди?

Комил ишонч билан айтаманки, Ҳайит­алининг ва катта-кичик бошқа тадбиркорларнинг, аҳли Ўзбекистоннинг бахти – мустақиллик шарофати билан яратилган ва яратилаётган улкан имкониятлар, кенг шароитлардан баҳраманд бўлиб яшаётгани, таълим олаётгани, меҳнат қилаётганидадир. 

Сезиб турибман, сизнинг ҳам бўш келгингиз йўқ: “Ортида иш ўргатиб турувчи қандайдир раҳнамоси, устози бордир-да. Йўқса, бир йигитнинг бунча маблағни топиши, топгач, жой-жойига қўйиб тасарруф этиши осон гап эканми?!”

Хўп, ана, сиз айтганча ҳам бўлсин: раҳнамоси, устози, пири комили бор дейлик. Бўлса-чи? Нимаси ёмон? Ҳаётда кимнинг меҳрибон раҳнамоси, талабчан устози йўқ, бўлмаган? Бу дунёда ҳеч ким осмондан оёғини осилтириб тушмайди. Ҳаммамиз кимларнингдир кўмаги, маслаҳати, йўл-йўриғига таяниб ва суяниб, оёққа турганмиз. Турамиз. Устоз кўрмаган шогирд қандай мақомларга йўрғалаши маълум.

Эл-юртимизнинг, давлатимизнинг куч-қудрати Ҳайиталидек қут-баракали инсонлар, тадбиркорлар туфайлидир. Ҳайиталининг, ҳайиталиларнинг раҳнамоси кимлигини жуда-жуда билгингиз келаётган бўлса, айтай: Кўқда – Худо, Ерда – Ўзлари! 

Юртбоши айтадики, “Тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўп­лаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидойи инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман”.

Бу ҳақ гапга, тилакка, орзуга қўшимча қилиш менинг қўлимдан келмайди.

Қўлимдан келгани шу – олқиш ва дуо: ишингизнинг баракасини бераверсин, Ҳайитали Бой! 

Қулман ОЧИЛ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

ЎзА суратлари.