Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БАХТ УЗОҚДА ЭМАС

БАХТ УЗОҚДА ЭМАС
 
 
 
 
 
Юзма-юз мулоқотга нима етсин? Муаммо-ю камчиликлар ҳам ана шунда аниқ-тиниқ, рўйи рост айтилади. Шунга яраша ечим топилади. O‘zLiDep Қонликўл туман Кенгаши ходимлари ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Жана қала овул фуқаролар йиғинидаги хотин-қизлар билан учрашишидан асосий мақсад ҳам айни шу эди.
 – Айтиш керакки, ушбу овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган 4 минг 165 нафар аҳолининг 2 минг 112 нафари хотин-қизлардир, – деди йиғин маслаҳатчиси А. Бекмуратова. – 50 дан ортиқ фермер хўжалигининг 2 тасини аёллар самарали бошқариб келмоқда. Опа-сингилларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида патронаж ҳамширалар ўз вақтида хонадонма-хонадон кириб, тиббий назоратдан ўтказиб туришибди.
– Сайловчиларимизнинг яшаш шароити билан яқиндан танишамиз, – деди депутат Д. Абдуллаев. – Ушбу маҳалла аҳлининг ўз томорқасидан ва мавжуд бошқа имкониятларидан самарали фойдаланиб келаётгани бизни мамнун этди. Масалан,
Ф. Нуримбетова ёш оила бекаси бўлишига қарамай, тикувчилик қилиб келаётганини айтди. Дастегул Аметова эса 8 сотих томорқасида полиз экинларини экиб, рўзғоридан ортганини сотиб даромат топмоқда.
– Бахтни узоқдан излашга ҳожат йўқ, – дейди Дас­тегул опа. – Юртимиз жаннатмакон, ерга чўп суқсак ҳам униб, ҳосилга киради. Томорқада ишлаш рўзғорни тўкин қилади, фарзандларнинг суяги меҳнатда қотади. Бу эса уларнинг келгуси ҳаётида жуда асқотади. Бир қарич еримизда эккан қовоқ, мурч, помидор, узумдан ўзимизга лойиқ фойда оляпмиз.
Муболаға эмас, миришкор жанақалаликларнинг яшаш тарзи ибрат олса арзигулик. Шу куни партия фаоллари ва депутатлар имкониятлардан янада унумли фойдаланиш бўйича маслаҳатлар беришди.
 
Асем СИРИМБЕТОВА,
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши масъул ходими
 
 ТОМОРҚАЧИЛАРГА  ПАРТИЯ  КЎМАГИ

Томорқа ерларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани эл дастурхони тўкинлигининг кафолатидир. Мазкур йўналишда партиямиз тизимли ишларни амалга ошираётгани эътиборга молик. 
 
Яқинда партия Сурхондарё вилоят Кенгаши саъй-ҳаракатлари билан “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида Узун туманида иш юритаётган “Сурхон замини неъматлари” агрофирмасида ўқув-семинар ташкил қилинди. Унда мазкур корхонадаги  бошланғич партия ташкилотига бириктирилган оилалар ҳам иштирок этди. Учрашувда мутахассислар томонидан узум етиштириш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича тавсиялар берилди. Боғдорчилик, хусусан, узум етиштиришда учрайдиган айрим камчиликлар таҳлил қилинди, муаммолар айтилди, турли мулоҳазалар ўртага ташланди. Ўзаро фикр алмашинувлар тарзида кечган тадбирда токларни совуқдан асраш, касаллик­ларни бартараф қилиш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш бўйича муфассал  маълумотлар берилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга агрофирма ходими, БПТ етакчиси Абдураҳмон Ўлжаев жавоб берди.
Мутахассислар ва иштирокчилар куннинг иккинчи ярмида “Меҳрож” хусусий корхонасига қарашли интенсив боғда бўлишди. Мазкур корхонадаги БПТга бириктирилган А. Янгибоев эрон пистаси ва бодомзорларни ташкил қилмоқчи эканини, бироқ ер олишда қийинчиликларга дуч келаётганини билдирди. Масала жойида ўрганилгач, вилоят Кенгашига партиямиздан сайланган депутат Қурбон Шукуровнинг ёрдами билан А. Янгибоевга лалми майдондан 20 гектар ер ажратилишига оид ҳужжатлар расмийлаштирилиши бошланди.
Тадбир қатнашчилари бир неча фермер хўжалиги далаларига ҳам боришди. Фидокорона меҳнати билан бошқаларга ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ пахтакорларга партиянинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
 
Бахтиёр АЛИҚУЛОВ,
“ХХI asr” мухбири