Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Байкал ЭМ 1: энг фойдали, безарар ўғит экан

Байкал ЭМ 1: энг фойдали, безарар ўғит экан
Пахта пайкаллари... Бир тарафдаги ғўзаларнинг бўйи нисбатан баландроқ (кейин­чалик билдикки, 70 см экан), ҳар тупида 5-7 тагача кўсак туккан. Бошқа томондагиси паканароқ (50 см), кўсаклари сони ҳам икки-учтагина. Бир фермер даласида ўсаётган бир хил навдаги ғўзалар ривожи нега турлича?

Ушбу ерлар соҳиби, Шароф Рашидов туманидаги “Орзуқул Ўткир” фермер хўжалиги бошлиғи Шокир Мўминов бу ҳолатни шундай изоҳлайди:

– Саккиз йилдан буён фермерлик билан шуғулланаман. Унумсиз ерларни секин-аста ўзлаштиряпмиз. Экинлар парваришида ҳар йили ҳар хил ўғитлардан фойдаланамиз. Яқинда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши “Байкал ЭМ 1” микробиологик ўғитини тавсия этди. Фаоллар тажриба сифатида 3 гектар ерга сепиб беришди. Кўриб турганингиздек, ўғитланганлари 20 см.га баланд ва кўсаклар сони ҳам икки-уч баробар кўп. Тафовутни бир қарашда илғаш мумкин. Ўн кундаёқ фойдасини сездик. Нархи ҳам қиммат эмас. 10 литри 270 минг сўм экан. Энди экинларимнинг барчасига сепмоқчиман.
Микробиологик ўғит ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида партиянинг вилоят ташкилотига йўл олдик. Йўл-йўлакай далаларни кузатиб борар эканмиз, тажриба сифатида “Байкал ЭМ 1” сепилган ғўзалардек серавж, серҳосил ғўзаларга бошқа кўзимиз тушмади.

– Микробиологик ўғитни синаш учун унумдорлиги паст, энди ўзлаштирилаётган ер майдонларини танлаганмиз, – дей­ди O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Алишер Фозилов. –
Микробиологик ўғитни ишлаб чиқараётган Баҳодир Байжанов билан ҳам суҳбатлашдик. Маҳсулот менда катта қизиқиш уйғотди. Зомин туманидаги “Шифобахш Зомин чашмаси” МЧЖ, Зарбдор туманидаги “Бўстон тулпори” ҳамда Шароф Рашидов туманидаги “Орзуқул Ўткир” фермер хўжалигига тажриба тариқасида партия ҳисобидан сепиб бердик. Натижаларни кузатиб боряпмиз. Ўн кун ичида тажриба қилинаётган ўсимликлар 20 см. ўсди. Ҳозирча натижалар кутганимиздан ҳам аъло.

Шу ўринда мазкур ўғит хусусида батафсилроқ маълумот бериш жоиз. “Байкал ЭМ 1” микробиологик ўғити фойдали микроорганизмлар комплекси ва уларнинг фаолияти маҳсулотларидан иборат сувли эритма. У тупроқни фойдали микроорганизмлар билан бойитиб, унумдорлигини тиклайди. Микроорганизмлар тупроқни турли ферментлар, физиологик фаол моддалар, аминокислоталар, нуклеин кислоталар ва бошқалар билан тўйинтириши туфайли ўсимлик­лар яхши ривожланади. Суюқликнинг таркибида 80 дан ортиқ фойдали бактерия бор. Эътиборлиси, ундан фойдаланиш бўйича деярли чекловлар йўқ. Яъни, мамлакатимизда экиладиган қарийб барча экинларни парваришлашда қўллаш мумкин. Микробиологик ўғитни тиббиёт фанлари доктори Петр Шаблин ихтиро қилган. Баҳодир Байжанов эса юртимизнинг қуруқ ва иссиқ иқлимига мослаштирган. Байкал кўлида мавжуд микроорганизмлардан тайёрлангани учун ҳам шундай номланади. Янги ўғит Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбойжонда синовдан ўтказилган. Диққатга молик яна бир жиҳати шуки, унинг инсон саломатлиги учун ҳеч қандай зарари йўқ. Ҳозирда Сирдарё, Андижон, Жиззах, Фарғона ва Бухоро вилоятларида синаб кўриляпти. 2015 йили Болгарияда бу ўғитнинг инсон ва атроф-муҳитга мутлақо зиёнсизлиги алоҳида эътироф этилиб, олтин медаль билан тақдирланган.

– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда янги ўғитни фермерлар орасида тарғиб қиляпмиз, – дейди Баҳодир Байжанов. – “Байкал ЭМ 1” микробиологик ўғитини республикамизда кенг кўламда синов ишларини ташкил этиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Мавриди келганда шуни ҳам айтишни истардимки, 5 нафар ходимимизни АҚШда 6 ой ўқитиб, янги техника олиб келдик. У ер ҳайдайди, текислайди, борона қилади, ўғит солиб, пушта очади. Бир йўла тўртта ишни бажаради. Демак, ундан фойдаланилганда, анчагина ёнилғи ва вақтни тежаш мумкин. Ҳар бир гектарга 70 литр кам ёнилғи ишлатилади. Мисол учун, Андижон вилоятида пахта ва ғалла майдонлари 164 минг гектарни ташкил қиладиган бўлса, ҳисоб-китобларимизга кўра, жами 6 миллион 720 минг АҚШ доллари иқтисод қилишга эришамиз. Техниканинг АҚШдаги нархи 35 минг доллар. Ўзимизда тайёрланса, 28 минг долларга тушади. Олиб келишга ҳам ортиқча маблағ сарфланмайди. Ҳозир янги плугни ишлаб чиқариш ҳаракатидамиз. Инновацияларнинг барчаси қишлоқ хўжалигимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими ушбу ўғит ҳақида тушунтиришлар бериш мақсадида ер эгалари билан учрашувлар ташкиллаштирмоқда. Шунингдек, партия ташкилоти ходимлари фермер хўжаликларига ўғитнинг бепул сепиб берилишига бош-қош бўлишяпти.

Пахта йиғим-теримига ҳам оз қолди. Микробиологик ўғитга ҳосил чўғига қараб баҳо берилади. Самара кутилганидек бўлса, қишлоқ хўжалигининг бошқа жаб­ҳаларида ҳам ундан кенг фойдаланилади.

Чарос ЁҚУБОВА,

“XXI asr” мухбири