Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БЕГУНОҲ БОЛАДА НИМА АЙБ?

БЕГУНОҲ БОЛАДА НИМА АЙБ?

Бу қизалоққа кимдир йўл-йўриқ кўрсатган бўлса, эҳтимол. Йўқса, ўн-ўн икки ёш нари-берисидаги қизча депутат эшигини қоқиб келармиди? Баҳодир Аҳмедов ҳам аввалига ҳайратда қолди: “Қизим, бу ерга... ўзинг келдингми? Ёки каттароқ ҳамроҳинг борми?”. Қизча индамай ер чизади, бир нима демоқчи бўлади-ю, ҳаяжонданми ёки катта одамнинг салобати сабабми, ичдагини ташига чиқаролмайди. Сўнг... ҳўнг­раб йиғлаб юборади. Ҳайрати тарқамаган депутат қизчани гап солади. Қизалоқ яккаш бир гапни қайтаради: “Мен билан укам энди ҳеч кимга керакмасмизми?..”

***

...Шариф (исм-фамилиялар шартли) ва Гўзалнинг турмуши “ўхшамади”. Ора кунда жанжал, эр хотинни, хотин эрни тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Ўртада туғилган икки нафар фарзанд ҳам оила сақлаб қолинишига сабаб бўлолмади.

Аёл киши сабрли бўлсин экан, акс ҳолда сих ҳам, кабоб ҳам бирдек жизғанак бўлиши ҳеч гап эмас. Гўзал турмуш икир-чикирларига чидамади. Икки боласини икки ёнига олди-да, ота уйига кетиб қолди. Шариф ҳам ялиниб ўтиришни орият ҳисоблади. Шартта уйланиб олди!

Энди Гўзал боши очиқ аёл, тергайдигани йўқ, алам аччиғи юрагини куйдиради. Тишлай деса, бармоғи оғрийди. Шундай куйикиб юрган бир пайтда Ҳомидбойга рўпара келди. Ҳомид маҳалладаги тадбиркорлардан. Катта дўкон эгаси. Гўзалга бир-икки гап ташлади. Қараса, аёл томондан ройишлик бор. Кўришувлар одатий учрашувларга айланди. Учрашувлар “мева” беришни кўпам куттирмади. Гўзал йигитга бор гапни айтганида, Ҳомид бамайлихотир “шаръий никоҳ” ўқитиб яшайверишини, бунинг суннат эканлигини айтди. Аёл енгил тин олди...

Тавбангдан кетай, суннатмиш... “Ҳой, номард, зино ботқоғига бота-бота валадизинонинг зуваласини қориб қўйганингиздан кейин мусулмончилик ёдга тушдими?” дейдиган одам йўқ...

 

***

Ҳомид қонуний оиласи билан янги уйга кўчиб чиққанига ҳеч қанча вақт бўлмаган. У кўнг­лидаги гапни онасига айтганида, она жон-дили билан маъқуллади. Янги уйда биринчи рўзғори, онасининг ёнида иккинчи турмуши... Йигит ўз “уддабуронлиги”дан кўксини кериб қўйди.

Энди навбат – никоҳга. Ҳар ҳолда, ота уйига янги келин тушади. Тўрт-беш чоғли яқин одамларга билдириб қўйилмаса бўлмайди. Хўш, ишни нимадан бошлайди? Маҳалладан! Ҳозир маҳалла фуқаролар йиғинига кўп ваколатлар бериб қўйилган. Мабодо, биринчи хотини кундошли бўлганини билиб ғалва бошласа, биринчи навбатда маҳаллада муҳокама бўлади. Оғриқнинг олдини олиб қўйиш керак.

 

***

...Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Маҳалла маслаҳатчиси Гулнора опа Ҳомидбойнинг ниятини гапи тугатмаёқ илғади. Илғаш ҳам гапми, қўлдан келганча ёрдам беришини билдирди. Яъники,  аввалига “ҳожатбарор домла” топиш, никоҳни қайда ва кимлар иштирокида ўқитиш масаласи ҳал этилади. Чунки вақт ўтгани сайин бўлажак иккинчи хотиннинг гумонаси сирни ошкор қилиб қўйиши мумкин эди-да. Иккинчидан, мабодо, Ҳомиднинг қонуний хотини бирор можарони бошлаб қолгудай бўлса, унга “тўғри тушунтириш” бериб, “йўлга солиш” ҳам – унга тан.

 

***

...Кўп ўтмай маслаҳатчи бош қўшган никоҳ режалаштирилди. Жўравой қори норасмий домлалардан. “Ҳожат чиқаришга” уста. Ўз айбини “савоб” ортига бекитишдан уялмайди. Хуллас, шаръий никоҳ ўқилди. Гўзал фарзанд­ларини ота уйига ташлаб, “янги” куёвнинг ҳовлисига кўчиб ўтди.

 

***

Тўполон кейин бошланди. Ҳомиднинг биринчи аёли бундай номаъқул ишдан маҳаллага арз қилди. Бўй етган болалари олдида отасининг бу қилмишидан номус қилаётганини айтиб, маҳалла маслаҳатчисидан кўмак сўради. Аммо... иллатнинг илдизи маҳаллада эканини шўрлик аёл қаердан билсин. Маслаҳатчи хотин оила бутунлигини сақлаб қолиш ўрнига Ҳомид билан тил бириктириб, унинг бошқа аёл билан ноқонуний яшаб келишига ўзи шароит яратиб берганига не дейсиз?! Не ҳолки, зиммасидаги масъулиятни, маҳалла маънавий муҳитига жавобгарликни унутган маҳалла “суянчи”нинг ўзи тарбияга муҳтож! Бошқаларга маънавият улашиши, дарз кетаётган оилаларни тиклашга ҳаракат қилиши керак бўлган инсон ўзига юклатилган вазифанинг аксини қилаётганига қандай изоҳ керак?!

 

***

Ҳомиднинг биринчи аёли арзини ҳеч ким тингламагач, маҳалладан ҳафсаласи пир бўлди. Бошга тушганни кўз кўришига кўникди. Ҳомид биринчи рўзғоридан хабар олмай қўйгач, фарзандлари ора-сира дадасини соғиниб  боришдию... бошлари балодан чиқмай қолди. Уларни кўриб Гўзалнинг сочи тикка бўлди... “Сенлар учун фақат онанг бор! Дадангни унутинглар!” – “кичик ая”нинг гаплари гўдакларга қаттиқ таъсир қилди, кўнгиллар ўксиди, кўз ёшлар аламга қоришиб кетди. Маҳалланинг аралашуви эса бесамар. Гўдаклар нима қилишсин? Оқил инсонлардан бири болаларнинг тўнғичини депутат ҳузурига жўнатди.

 

***

Баҳодир АҲМЕДОВ,

Халқ депутатлари Андижон вилоят

Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик

гуруҳи аъзоси:

– Ҳали болалиги билан хайрлашиб улгурмаган қизчани ўйлантираётган савол кап-катта аёлни ташвишга солмаётгани ҳайрон қилади, кишини. Қизалоқнинг жовдираганча “Энди биз нима қиламиз?” дейишини тасаввур қиляпсизми?..

Бугун бир-бирига “тўймаётган” ноқонуний эр-хотиннинг эртага “юлдузи юлдузига тўғри келмай қолиши” эҳтимоли жуда юқори эмасми?  Бу ерда маҳалланинг ўрни сезилмаяпти. Нима учун иллат шу даражада илдиз отгунга қадар маҳалла аҳли жим турди? Оилавий муаммони ҳал қиладиган мард маҳалладан чиқмагач, бечора қизалоқ депутатдан кўмак сўрашга мажбур бўлган!

Тўғри, аслида биз жамият ривожи, ҳаловати учун масъулиятни юракдан ҳис қиламиз. Аммо бундай вазиятда биринчи масъулият маҳалла мутасаддиларига юкланишини унутмаслигимиз керак. Йигит нафс иродасини масъулиятдан устун қўйди. Муқаддас манбаларда болалар жаннатнинг райҳонларига қиёсланмаганми?

Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиман: маслаҳатчи лавозимига қўйилаётган номзод аёлларни синчиклаб ўрганиш, улар орасидан бу вазифага муносибларини, ҳаётий тажрибага эга, оиласи тинч-тотув, ибратга лойиқ инсонларни танлаш, тайинлаш керак. Шундагина юқоридаги каби ҳолатларга чек қўйилади.

...Депутат ҳақ. Маҳалла раисига юзландик. У бошини сарак-сарак қилиб, муаммони еча олмаётганидан ташвишда. Икки ўртада эса бегуноҳ норасидалар сарсон...

Зилола РАҲМОНОВА

“XXI asr” мухбири