Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бекатлар ойнабанд, аммо ойналари оддий эмас, и н н о в а ц и о н !

Бекатлар ойнабанд, аммо ойналари оддий эмас, и н н о в а ц и о н ! Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Термиз шаҳрининг ёш тадбиркорлари ҳамкорлигида Сурхондарё вилояти марказида инновацион жамоат транспорт бекатлари фойдаланишга топширилди.  Термиз шаҳрида иккита ақлли бекатнинг қурилиши якунланиб, тўлиқ жиҳозланди, яна саккизта бекатнинг қурилиши давом этмоқда. Бу ҳақда "Kun.uz" манбаси хабар берди.

Ишга тушган замонавий бекатларга ёзги-қишки кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, “Фуқаро-тезкор ёрдам хизмати” фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет тармоқлари, видео назорати ҳамда USB электр тармоғи нуқталари ўрнатилган. Ҳар бир бекатда қуёш панеллари ҳам  бўлиб, бу панеллардан олинадиган энергия бекатнинг ёритгичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр энергияси билан таъминлаш қувватига эга.

Бундан ташқари, энди бекатдаги одамларнинг сони тўғрисида тезкор маълумотлар тўплаш имконияти ҳам пайдо бўлган, бу йўналишдаги транспортни режалаштиришга шароит яратади. Шунингдек, бекатларда ва уларнинг ён-атрофида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари бўйича тезкор маълумот олиш ҳам мумкин. Яна бекатларга банк тўлов терминаллари ҳам ўрнатилгани аҳолига яна бир қулайлик беради.

Учта бўлинмага эга чиқинди қутичалари ахлатларни турларига қараб ажратиш имкониятини беради. Бу ўз навбатида аҳолининг экологик маданиятини ўсишига ҳисса қўшади. Бекатларга ўрнатилган пойабзалларни тозалаш ускуналари йўловчиларни саранжом-саришта юришларига, жамоат транспортининг озода сақланишига сабаб бўлади.

Инновацион бекатларда қулайликни таъминлаш мақсадида унинг орқа ва ён модуллари уяли поликарбонатли устунлар иборат бўлиб, ламинатланган қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган. Мавсумий иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда бекатлар очиқ ва ёпиқ кутиш залларидан иборат. Шунингдек, ақлли бекатнинг ўзгарувчан ҳаво иқлимига чидамлилигини ошириш мақсадида унинг ички томонида иқлимни назорат қилувчи мосламалар жойлаштирилган.

Бекатлар ойнабанд, аммо ойналари оддий эмас, инновацион. Шу ойналар кеч тушгач катта экран ролини ўйнай бошлайди. Бугундан улар орқали турли ижтимоий ва тижорат реклама роликларини намойиш этиш бошлаб юборилди. Бу роликларни бекатни ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам томоша қилиш имконияти мавжуд.

Ушбу инновацион бекатлар аҳоли учун ҳам, жамоат транспортлари қатнаши учун ҳам замонавий шарт-шароитларни яратиши билан кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Кейинчалик бундай бекатлар республиканинг бошқа вилоятларининг шаҳар ва туманларида қурилиши кутилмоқда. Термиз шаҳрининг ўзида яна 50та ақлли бекат барпо этилиши режалаштирилган.