Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Беш бармоқ йиғилса, мушт бўлар

Беш бармоқ йиғилса, мушт бўлар

 
Ўлмайдиган одам 

           Ҳаёт ва ўлим, чегара қаерда? Жон нима? Руҳ-чи? Куни кеча сен билан фикрлашган одам бугун гапларинг­га қулоқ қоқмай жим ётади. Нима ўзгарди?.. Адоқсиз саволлар... Минг марта, миллион марта сўралгандир. Лекин бунга жавобан айтилган гаплар инсонни ҳеч қачон қониқтирмаган. Айниқса, кўз ўнгингдаги тирик жон қаро тупроқ мулкига айланганида... ҳар қандай фалсафий мулоҳазалар ҳам ўз аҳамиятини йўқотади.

        Ўзбек адабиётининг азим чинорларидан бири, салкам бир асрлик тарихимиз гувоҳи, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар нафасини бугунги авлодларгача етказган улуғ зот Носир Фозилов вафоти ва бу машъум воқеадан бир неча кун олдинги гурунгимизни ўйласам, тириклик моҳияти тўғрисидаги уч-қуйруқсиз саволлар ёғилиб келаверади.

        Ўладиган одам қанақа бўлади?! Наҳотки танамиздан “пуф” этиб учган бир нафас билан ҳаммамиз шунчаки лошга айлансак?! Бир қоп гўштга айлансак?! Ўладиган одам ­бугун бутун мамлакатни қамраган ҳаётбахш ислоҳотларнинг эртанги самараларидан тўлиб-тошиб гапириши мумкинми? Эҳтимол, беш-ўн йилда, балки чорак аср ё ундан ҳам нарида рўёбга чиқажак орзулар, мақсадлар хусусида тўлқинланиб сўзлаши-чи? Ўлимни бўйнига олган одам шулар ҳақида ўйлайдими? Ўлимни бўйнига олмаган одамни эса ўлдириб бўладими?! Унинг қаршисида ажал ҳам ожиз қолмайдими?! Оқсоқол ўз танасини кемираётган дарддан асло қайғурмас, қадим Туркистоннинг очиқ яраларига боғланган малҳамлардан қувонарди. Умри қардош халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида ўтган устоз адиб ва таниқли журналист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Ҳуррият” газетасида айни шу мавзуда эълон қилинган суҳбати жамоатчилик орасида тилга тушганини эсладик. Устознинг бир парча қораламасигача авайлаб йиғиб юрадиган, ҳам котибаси, ҳам муҳаррири ­– умр йўлдоши Муборак ая шифохонадаёқ чўнтагидан флешка чиқариб қўлимизга тутқазди. Суҳбатнинг тўлиқ электрон нусхаси борлигини айтди.

          Туркистоннинг чўнг ва чин ўғлонини янги йилнинг 14 январида тупроққа қўйиб келиб, ўша тарихий гурунгга яна бир бор кўз ташладим. Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди, дейилганда унинг моҳиятини ташкил этадиган ­– меҳр, муҳаббат, орзу, мақсад сингари туйғу ва тушунчалар завол билмаслиги назарда тутилган бўлса, ажаб эмас. Умрбоқий ғоялар билан яшаган зотнинг ўз умри ҳам боқийлигига ишонгинг келади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Давлат мукофоти, “Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” халқаро мукофоти (Қозоғис­тон) совриндори Носир Фозилов матбуотда ҳозиргача эълон қилинган энг сўнг­ги суҳбатида асосан беш масалага эътибор қаратган, жўяли таклифларини билдирган.

Фаррух ЖАББОРОВ

“...Биз бир-бирларимизни қўллаб-қувватлаш у ёқда турсин, унутиб қўяёздик, – дейди Носир Фозилов минтақада охирги йиллари ҳукм сурган сиёсий муҳитни эслаб. – Алоқаларимиз (гарчи қўполроқ ўхшатиш бўлса-да) чириб битаётган занжир ҳолига келиб қолди. Энди бу занжирни янгилаш пайти келган эди. Бундан бу ёғига муносабатлар аввалгидай давом этишини, таъбир жоиз бўлса, Аллоҳ ҳам истамади. Ўзаро алоқаларнинг янги, умрбоқий даврини бошлаш Президентимиз
Шавкат Мирзиёев зиммасига тушди. Дунёдаги энг қадим халқлардан ҳисобланган туркийларни қайтадан бирлаштириш, уларнинг бир-бирларига нисбатан қалбларидаги ўчиш ҳолатига келган қўрларини қайта оловлантириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Бир муҳим жиҳатга эътибор беринг, Президентимиз ўз кўнглида ардоқлаб келган бу мақсадини унча-мунча ерда эмас, нақд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб бутун жаҳонга билдирди: “Ўзбекистон, – деди Шавкат Мирзиёев, – бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир.

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон шу минтақа барқарорлиги, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир”.

 ***

“Марказий Осиё давлатлари билан ўртадаги муносабатларимиз яқин йигирма йил орасида совуқ сукунатга чўмган эди. Шунча вақт ичида “бармоқ вазни”да қадам ташлаб келдик. Энди “аруз вазни”да, яйраб қадам ташлаш пайти келганга ўхшайди. Илгари нима бўлар эди? Президентлар бир-бирига борса ёки у жой-бу жойда учрашиб қолишса, бир ҳафта-ўн кун тилимиздан “Биз ака-укалармиз, еримиз бир, сувимиз бир”, деб жаврашдан бўшамас эдик. Бугун ўша амалда йўқ гапларни ҳақиқатга айлантирадиган шабадалар эсмоқда. Масалани кўндаланг қўйиб, сўздан амалга ўтайлик энди, деб жон куйдиряп­ти Президентимиз. Унинг кунни тунга улаб қилаётган ҳаракатларининг боиси нима? Мен ҳайрон қоламан бу одамга: ҳар қандай раҳбар ҳам ўшандай суръат билан ишласа, толиқиб қолиши табиий. Асаблар чарчайди. Бугун Қирғизистонда, эртага Қозоғистонда, бошқа куни эса Америкада бизнесменлар, мамлакат раҳбарлари билан мулоқот қилаётганига гувоҳ бўласиз. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ўз куч-қуввати, соғлиғини аямай шу юрт учун ҳаракат қилмоқда. Мақсад ­– шунча йиллар йўқотилган вақтни янада яхши, савобли ишлар билан тўлдириш. Нега биз мана шундай пайтда у кишини қўлламаслигимиз керак? Билганларимизни, тажрибаларимизни айтмаслигимиз керак?

...Конфуций шундай деган: “Мақсад йўли ўхшаш бўлмаган кишилар билан маслаҳатлашиб, кенгашиб бўлмайди”. Бизнинг мақсадларимиз эса Президентнинг ўйлари билан уйқаш. Айтмоқчи бўлган таклифларимиз маъқул бўлса, ўз жойини топар, йўқ эса бошимизни олишмайди-ку.

Ўзбекдаги “Меҳр кўзда” деган мақол, қозоқда ҳам, қирғиз ва туркманда ҳам бор. Халқларни ҳукуматлараро борди-келдилар ҳам, адабиёт ва санъат, маданият ҳам бирлаштиради. Лекин яна бир восита борки, бу – халқ дипломатияси бўлиб, унинг қудрати боягилардан-да кучлироқ. Халқ дипломатияси дегани оддий одамлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият арбоблари ва ҳатто давлат раҳбарларининг ҳам ўзаро шахсий алоқаларига қурилади. Айтайлик, тўйми ё бирор маърака ўтказяпсиз, ўша йиғинга келган одамларнинг олдида ёнингизда туғишганларингиз турса, кўкрагингиз қандай баландга кўтарилади. Биродарларнинг бир-бирларига эътибори жуда улуғ саналади. Бунга мисол шуки, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекис­тонга қилган ташрифи давомида Президентимиз у кишига “Эл-юрт ҳурмати” орденини тақиб қўяр экан, Нурсултон оға бу эътибордан қувониб, мен кўп мамлакатларнинг мукофотларига лойиқ кўрилганман, аммо ўзбек халқининг ҳурматига сазовор бўлиш мен учун ўта қадрли, деган гапни айтганида, тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Биз ана шундай борди-келдиларни, бир-биримизга бўлган эътиборни кучайтиришимиз лозим. Тарихда бу каби алоқалар, айниқса,
Ойбек, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Иззат Султонлар билан қозоқ адиблари Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабит Мусреповлар ўртасида бўлиб, қандай дўст-иноқлик мавжуд эди-я. Ғафур Ғулом вафот этганида Собит оқсоқол “Вой бовурим!” деб ўкириб йиғлаб, ўша пайтнинг ўзидаёқ Тошкентга учиб кетганини Қозоғистонда ҳалигача гапириб юришади”.

 ***
“Европадан улгу олайлик демайман. Лекин бир ўйлаб кўрса бўладиган ибрат. Марказий Осиёда бешта давлат бор. Бу яқин етмиш миллион аҳоли дегани. Борди-келдиларимизни осонлаштириш учун шу мамлакатларнинг барчасида қўлланадиган, шунингдек, чет элларда алмаштириш қобилиятига эга ягона пул бирлигини, масалан, “Осиё” деган пулни муомалага киритсак, нима бизни биров сўкадими? Қачонгача бошқаларнинг тергашларига чидаб, мурувватларидан кўз қиймай ўтамиз. Бешта республика бу – бешта бармоқ дегани. Худонинг ўзи мушт қилиб бирлаштириб қўйибди-ку. Ягона пул бирлигига эришсак, кўп муаммоларимиз ҳал бўлади”.

 ***

“Бир пайтлар Қозоғистон халқ ёзувчиси Абдулла оға Тожибоев шундай деган эди: “Қозоғистонда шарқий туманлар (йигирманчи йилларда – Н. Ф.) ўзича автономия аталиб, жанубдаги – ҳозирги Қизил Ўрда, Чимкент, Жамбил ҳамда Қирғизистон Ўрта Осиё респуб­ликалари қаторида қолди. Бундай талотўп замонларда адабиётларимизни дўстлаштириш, замонга хос борди-келдиларни йўлга қўйиш ҳақида ҳеч қанақа гап-сўз бўлгани йўқ. Бинобарин, бунга ўша пайтда фурсат ҳам бўлмаган. Шунинг учун биз ўзимизнинг қадимий одатимиз бўйича чиғатой тилида босилган адабиётларни ўқиб, мутолаа қилиб юраверганмиз. Тошкентда чоп этилган ўшандай асарларни ўзбек тилига ёхуд туркман, қирғиз тилларига ағдаришнинг ҳожати йўқ эди. Бир-бирларимизни таржимасизоқ тушунаверар эдик”.

Энди-чи? У алифбодан бу алифбога, унисидан бунисига ўтавериб, халқнинг тинкаси қуриди. Саводсизлик урчиди. Лотинда қоладиган бўлсак, унинг ҳарфларини ислоҳ қилиб, товушларимизни тўла ифода этадиган ҳарфларга тўхтам қилайлик. Йигирманчи, ўттизинчи йилларда ўрта турк адабий тилини яратиш устида иш олиб борилган эди. Бу мақсадлар ҳам... қатағонга учраб йўқ бўлди. Энди нима қиламиз? Энди Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, истаса Тожикистон ҳам бир юмалоқ стол атрофига ўтириб, имломизни тартибга солишни, уни туркий тил – ҳаммамиз гаплашадиган тил меъёрларига мослаштиришни ўйлашимиз керак. Акс ҳолда, келгуси авлодлар бир-бирларидан бугунгидан ҳам йироқлашиб кетади. Шундай қилиб, ягона пул ва ёзув масаласи ҳал этилса, қадимгидай бир халқ, бир миллат бўлишимизга шубҳа йўқ”.

 ***

“Айтмоқчи бўлганларимдан бири бу – тарих дарсликлари масаласидир.

Хабарингиз бор, шўролар пайтида ҳамма мактаб ва олий, ўрта-махсус ўқув юртларида СССР тарихи дарслиги мажбурий ўқитилган. Мана, чорак асрдан кўп бўлди, СССР йўқ, ўша тарих ҳам йўқ. Албатта, ҳозир ҳам ўқув юртларида чет мамлакатлар тарихи ўтилаётган бўлса, ажабмас. Ўзимизда яратилаётган баъзи тарихий китобларни ўқиб ҳайрон қоламан. Уларда муаллифлар тарихий воқеалар ҳақида сўзлар экан, бувиларининг, кўкаларининг, тоға, боболарининг хотираларини бизга тарих ўрнида тақдим этишмоқда. Бу ҳам керак. Аммо тарих – алоҳида фан. Ростдан ҳам бўлиб ўтган воқеаларга, аниқ манбаларга асосланади. Қачон, қаерда, қандай, ким ва нима деган аниқ саволларга жавоб бериши керак. Ҳозир кунимиз қўлбола солномаларга қолмоқда.

Бизнинг Ватанимиз қадимий Туркистон шон-шавкатли тарихга эга. Кейинги минг йилликларни қўйинг, ҳатто милоддан аввалги бу ерлар билан боғлиқ манбалар ҳам кўп. Шу фикрлардан келиб чиқиб, барча қўшни давлатлар ўқув юртларида “Туркистон ёки Турон тарихи” деган фан ўқитилса. Бу соҳада зарур дарсликлар яратилса, деган таклифим бор. Мазкур тарих, кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар, мавжуд. Уни ўрганиш эса ер-суви, тоғи-боғи бир, аммо кейинги йигирма йилларда янги тарихлари бошқа-бошқа бўлган халқларимизни фақат бирлаштиради, деб ўйлайман”. 

***

“...Қирғизистонда расмий маълумотларга кўра бир миллионга яқин, Қозоғистонда олти юз мингдан кўп, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа ўнлаб мамлакатларда ҳам ўзбеклар истиқомат қилади. Бундан тахминан ўн йил илгариги ҳисоб-китобларга кўра бутун дунёда қирқ миллиондан ортиқ ўзбек бор эди. Ҳозирда бу рақам янада ошгани табиий. Шунча одамнинг битта кўзи тарихий Ватанлари бўлган Ўзбекистонда туради. Биз шу муборак юртда яшар эканмиз, четда умргузаронлик қилаётган ўзимизнинг ўзбекларни унутмаслигимиз фарз. Улар биздан нон-туз талаб қилишмайди. Бу одамларни аввало юрт соғинчи, қолаверса, Ўзбекистонда чоп этилаётган газета-журналлар, бадиий китоб­лар, Ватанда кечаётган ўзгаришлар ҳақида ахборотлар кўпроқ қизиқтиради. Қисқаси, уларнинг шундай эҳтиёжларини қондиришга Ўзбекистон масъул деб биламан.

Тошкентнинг Шота Руставели кўчаси билан эски Заводская кўчаси кесишган жойда қардош халқларнинг китоб дўкони бўлар эди. Ҳозир эса йўқ. Шунга ўхшаган дўконлар барча қардош республикаларнинг ҳечқурса катта шаҳарларида бўлиши керак.

Кузда мамлакатимизда чет эл валюталарининг расмий конвертацияси очилди-ку. Газета-журналларимиз, нашриётларимизнинг вакиллари энди қардош республикаларга боришсин, одамлар билан суҳбат қилишсин. Ўз обуначиларини, харидорларини албатта топишади”.

 ***

“Қардош республикаларда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар, ўқитувчилар йилдан-йилга камайиб бораётгани ҳақида ҳам тўхталайлик, демоқчисиз-да? Бу жуда оғриқли масала...

...Бир пайтлар Тошкентда Ўрта Осиё давлат университети бўлар эди. Республикалардаги кўплаб мутахассислар ўша даргоҳни битиришган. Жумладан, ўзим ҳам. Кейинги йигирма беш йилда Тошкент ва бош­қа шаҳарлардаги олий ўқув юртлари қўшни республикаларда яшайдиган қанча абитуриентга жой берди экан. Битта-иккита бўлса бордир. Совет даврида нафақат четдаги ўзбеклар, шу билан бирга, бошқа миллат вакилларининг кўплаб болалари ҳам Тошкентда ўқиб кетишган. Кўнгилни кенгроқ қилишимиз керак. Қардошларимизнинг болалари учун олий ўқув юртларида маълум имтиёзлар бериб, таҳсил олишлари учун шароит яратиш ўта муҳим.

Ёқубжон, келинг, энди ўзимизнинг дўконимизга ҳам бир кириб чиқайлик. Хусусан, ёзувчиларнинг ҳаёти, иш фаолияти ҳақида тўхталмоқчиман. Бугун қардош халқларнинг ёзувчилари билан алоқамиз қандай? Уларга мақтаниб кўрсатадиган асарларимиз борми? Ёки бўлмасам, кейинги пайтда қайси қирғиз, қозоқ ёзувчисининг асарини ўқидик? Замонавий қозоқ, қирғиз, тожик ёзувчи-шоирларидан кимларни биламиз? Бизнинг адабиётларимиз юқорига қараб ўсяптими ёки пастга қарабми? Кўпчилик укаларимга ана шулар ҳақида айтсам, жим бўлиб қолишади. Чунки биз ўз қобиғимизга ўзимиз ўралиб, бир-биримизни яхши билмайдиган аҳволга тушиб қолдик. Ҳамма нарса қиёслаганда кўринади. Ҳадеб Ғафур Ғулом билан Собит Муқоновнинг дўстлигини айтаверсак ҳам ярашмайди. Бугуннинг Ғафур Ғуломларию Собит Муқонлари, Мирзо Турсунзодаю Абдулла Қаҳҳорлари, Берди Кербобоеву Ойбеклари, Миртемиру Тугелбой Сиддиқбековлари зарур бўлиб турибди. Бунинг учун ўзаро борди-келдиларни, адабий алоқаларни, хусусан, таржимачиликни катта йўлга олиб чиқишимиз талаб этилади.

Президентимизнинг адабиёт ва санъат, маданият ходимлари билан учрашувида бу соҳадаги долзарб муаммоларга эътибор қаратилди. Жумладан, ўша йиғилишда баъзи ижодий уюшмаларда йиллар давомида сайлов ўтказилмагани танқид қилинди. Бундай аҳволни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам кузатиш мумкин. Бу ташкилотда сўнгги сайлов 1986 йили ўтказилган. Шундан буёнги янги раисларнинг барчаси олиб келиб қўйилди. Бизнингча, бу ташкилот аллақачон ислоҳталаб бўлиб қолганга ўхшайди. 

Ўша тарихий учрашувда ижодкорларнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини таъминлаш учун тураржойлар, ижод уйлари қурилиши ҳақида гап бўлди. Неча йиллардан буён у жойдан бу жойга кўчиб, сарсону саргардон бўлиб юрган ёзувчиларнинг ўз биноси яқинда фойдаланишга топширилади.

Президентимиз йиғилиш аҳлига қараб шундай деди: “...биз ҳаммамиз бир-биримизни яхши биламиз, машҳур бир қўшиқда айтилганидек, “ўртада бегона йўқ”. Бу гапларни Ўрта Осиё халқларига ҳам татбиқ этса бўлади. Республикалар раҳбарлари бир стол атрофига ўтириб, бу халқларнинг ҳамкорликда, бирдамликда оға-ини бўлиб ҳаёт кечириш йўриқларини бамаслаҳат келишиб олишса, нур устига нур бўлар эди. Зеро, ўртада бегона йўқ”.