Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Беш сабаб ва бош сабаб

Беш сабаб ва бош сабаб

Матбуотнинг куни битди, газетани ўқишга вақт борми, керакли ахборотни интернетдан топса бўлади-ку, дейдиганлар ҳам орамизда кам эмас. Мутолаадан ҳузур қила оладиган, тафаккур дунёси кенг, зиёли қатлам эҳтиёжини қондирувчи жиддий публицистика, танқидий-таҳлилий мақолаларни чоп этаётган, даврийлигидан қатъи назар, ўқишли нашрлар ҳар доим ўз аудиториясини топади. Лекин бугунги куннинг яна бир асосий талаби ҳам борки, эртасини ўйлаган матбуот, ижодий жамоа ҳеч иккиланмасдан замонавий интернет сайтини юритиши шарт!

Носиржон ТОШМАТОВ, “Муштум” журнали бош муҳаррири: 

“Газета-журналлар ўладими?” деган савол кўтарила бошладими, бу ҳаммамиз учун жиддий қўнғироқ. Огоҳлик қўнғироғи. Савол ҳамиша ички саволни туғдиради: хўш, бунга нима сабаб бўлди? Биринчидан, сон кўпайди-ю, сифат камайди. Иккинчидан, бир тоифа нашрлар монополистлик қилиб, обуначиларни мажбурий (зўравонлик билан, деса ҳам бўлаверади) эгаллаб турибди. Учинчидан, шўро тизими давридаги “инкубатор” газеталар ҳамон яшаб келмоқда. Тўртинчидан, матбуот бозори амалда шаклланмади... Энг асосий ва аянчли сабаб­лардан бешинчиси —  илгари икки мингга яқин газета дўконлари ишлаб турган вилоятда бугун бармоқ билан санарли киоскалар қолди. Уларнинг муаммолари ўз вақтида ўрганилмади, ечилмади.

Интернетнинг кун сайин даврасини кенгайтира бораётгани босма нашрлар ортидан кун кўраётганларга жиддий бошоғриғи бўлмоқда. Аммо газета-журналларнинг тобора кам адад бўлиб кетаётганига ўқувчи ҳам, интернет ҳам айбдор эмас. Айбни ўзимиздан қидиришимиз керак: бизлар халқ дардини ёзмай қўйдик. Ҳайбаракаллачига айландик. Ғишт ишлаб чиқарувчини тушунса бўлар – машина-машина ғишти бировларнинг ҳовлисида уюлиб ётганини кўрса, пинагини бузмайди. Лекин тахлам-тахлам газеталар ақалли бирортаси варақлаб кўрилмасдан, матбуот дўконларию маҳалла идораси, мактабларда чанг босиб ётишини қандай изоҳлаш мумкин? Эсиз қоғоз, эсиз кўз нури, эсиз пул!..

Иқтисодий қарамлик – ижодий қарамликни келтириб чиқаради. Ижодий қарам нашр ҳеч қачон чатнаган, янгиликка етакловчи фикрни ёзмайди. Ёзолмайди! Мен учун сариқ ҳам, қизил ҳам, қора ҳам нашр йўқ. Мен учун фақат яшил матбуот бор, холос. Миллат корига камарбаста бўладиган – элнинг этагига ёпишадиган эмас, элга этагини ушлатиб, ортидан эргаштириб юрадиган матбуот керак! Ўзбек матбуоти яшил матбуот бўлиши учун ОАВ тўғрисидаги қонунларимизни ҳам ҳаракатга келтиришимиз зарур.

Газетамизнинг 38-сонида эълон қилинган "МАТБУОТ: Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ!" сарлавҳали мақоладан олинди.
Бизни телеграмдаги @XXIasrofficial каналимизда тезкор ва осон кузатиб боринг.