Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги самарали музокаралар

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги самарали музокаралар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Хитойда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли тараққиётнинг умумий ёндашувларини муҳокама қилиш мақсадида бир қатор давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори билан учрашувлар ўтказди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХИТОЙ РАИСИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи 25 апрель куни эрталаб Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашувдан бошланди.

Хитой раҳбари Шавкат Мирзиёевни “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида иштирок этиш учун Пекинга ташрифи билан қутлади. Си Цзиньпин Хитой Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини юксак қадрлаши ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қатъий интилишини таъкидлади.

– Ҳурматли Президент, сиз биринчи форумда ҳам иштирок этганингизни мамнуният билан эслайман, – деди Си Цзиньпин. – Шу маънода, сизни “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг асосчиларидан бири сифатида биламиз. Ўзбекистоннинг форумга эътибори ва ундаги иштироки мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожидан далолат беради. Ўтган йил июнда ШҲТнинг Циндао саммитида иштирокингиз чоғида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича кўплаб келишувларга эришилган эди. Бугун улар изчил амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг истиқболи порлоқ. Сизнинг ушбу ташрифингиз ҳар томонлама стратегик шериклигимизни янги босқичга олиб чиқади.

Давлатимиз раҳбари халқаро форумда иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, ушбу тадбир ҳам икки томонлама, ҳам минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Сизни ва мамлакатингиз халқини яқинлашиб келаётган муҳим сана – Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 70 йиллиги билан муборакбод этаман. Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Хитой ҳар томонлама стратегик шериклардир. Тошкент Пекиннинг ташқи сиёсий йўли ва ягона Хитой масалалари бўйича қатъий позициясини, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши олиб бораётган курашини қўллаб-қувватлайди. Хитой мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатини олқишлайди. Давлатларимиз халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Си Цзиньпин “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси Ўзбекистонда қабул қилинган 5 та йўналишдан иборат Ҳаракатлар стратегиясига тўла ҳамоҳанг эканлигини таъкидлади. Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Хитой Ўзбекистондан юқори сифатли қишлоқ хўжалиги махсулотларини импорт қилишга тайёр. Бизнес алоқаларини замонавий босқичда ривожлантириш, энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш, халқаро магистрал автомобиль йўллари ва темир йўллар қуриш лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Илм-фан, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда Хитой маданият марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Хитой “Самарқанд сити” лойиҳасини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга хайрихоҳлик билан қарайди. Марказий Осиё минтақасида ва қўшни Афғонистонда тинчлик-осойишталикни сақлашда Ўзбекистоннинг ҳиссасини алоҳида эътироф этади. Чин мамлакати ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиши қайд этилди.

Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири. Ўзаро товар айирбошлаш изчил ўсмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, унинг ҳажми 6,4 миллиард доллардан ошган.

Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Президентимизнинг 2017 йил май ойида ХХРга давлат ташрифи натижасида умумий қиймати 4,5 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда товар айирбошлашни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди, ўзаро савдо ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказишдан манфаатдорлик билдирилди. Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция, инновация ва технологиялар жалб этиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига, турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, минтақанинг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унинг кенг кўламда рўёбга чиқарилишига амалий ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Хитой Раиси Ўзбекистоннинг бу борадаги иштироки ва ташаббуслари Хитой билан Ўзбекистон ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

 

ЎЗБЕКИСТОН – БЕЛАРУСЬ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ЯНГИ ЙЎНАЛИШЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

zbekiston_belarus_amkorligining_yangi_y_nalishlari_k_rib_chi.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашди.

Бугунги кунда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва шериклик руҳида ривожланмоқда. Ўтган йиллар давомида икки ва кўп томонлама асосда мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Халқларимизнинг дўстлиги ва яқинлиги ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва мамлакатларимизнинг турли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашига мустаҳкам асос бўлмоқда.

Учрашувда Беларусь Президентининг Ўзбекистонга ўтган йилги расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани, сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиққани ва амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқотда илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши атрофлича кўриб чиқилди. Президентлар икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми жадал ортаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот мустаҳкамланди, турли соҳалардаги амалий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Машинасозлик, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишбилармон доиралар ва етакчи корхоналар ўртасида алоқалар кенгаймоқда.

Учрашувда қўшма корхоналар ташкил этиш, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорига экспорт қилиш мамлакатларимиз иқтисодиёти барқарорлигини ошириши таъкидланди.

Давлатлар ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва ҳамкорликнинг амалий натижаларига эришишга ўзаро қатъий интилиш уни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда. Бугун мамлакатларимиз бунинг учун зарур салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Шунингдек, ўзаро савдони кенгайтириш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, туризм соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, таълим, маданият ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича фикр алмашилди.

Президентлар шерикликнинг янги йўналишларини самарали ривожлантириш мақсадида турли даражадаги мулоқотни фаол давом эттиришга тайёр эканини таъкидладилар.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТЛАРИ УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

zbekiston_va_tozhikiston_prezidentlari_uchrashuv_tkazdi.jpg

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам учрашди.

Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимизнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар 2018 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Президентимизнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа етакчи соҳаларда ривожлантиришга доир кўплаб истиқболли келишувларга эришилди.

Учрашувда Президентлар кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилган кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлиги изчил ривожланаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг аниқ масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди.

Ўтган йил Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари ривожида тарихий йил бўлгани, ўзаро давлат ташрифлари натижасида у стратегик шериклик даражасига кўтарилгани алоҳида қайд этилди.

Бу борадаги ишлар натижасида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошиб, ҳудудлараро ва гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгайиб, илм-фан, таълим муассасалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Шубҳасиз, Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида эришилган бундай ижобий ўзгаришлар халқларимизнинг тарихий ютуғидир.

Музокарада ўзаро муносабатларнинг истиқболли йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ЖАМҒАРМАСИНИНГ БОШҚАРУВЧИ ДИРЕКТОРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

shavkat_mirziyeev_khal_aro_valyuta_zham_armasining_bosh_aruv.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Дяоюйтай” қароргоҳида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Халқаро валюта жамғармаси билан кейинги йилларда жадал ва тизимли тус олган ҳамкорлик даражасидан мамнунлигини билдирди.

Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси комплекс иқтисодий ва таркибий янгиланишларни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистонга зарур барча ёрдамни кўрсатишни давом эттиришга қатъий интилишини таъкидлади.

Жамғарма Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатга доир, жумладан, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган аниқ чораларни ишлаб чиқишда техник кўмак соҳаларини фаол кенгайтиришга тайёр экани қайд этилди.

Халқаро валюта жамғармаси ўз таҳлилларига таянган ҳолда мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ҳолатини ижобий баҳоламоқда. Хусусан, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши жорий йилда 5,5 фоиз, келаси йили эса 6 фоизга етиши кутилмоқда.

Жамғарма экспертларининг фикрича, Ўзбекистон муҳим ислоҳотларнинг илк босқичини муваффақиятли амалга оширди, жумладан, валюта муомаласи либераллаштирилди, солиқ бошқаруви ислоҳ қилинди ва давлат статистикаси тизими тубдан яхшиланди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг жорий масалалари кўриб чиқилди, унинг самарадорлигига юксак баҳо берилди. Жамғарманинг техник кўмаги туфайли янги солиқ сиёсати ва маъмуриятчилиги концепцияси жорий этилгани, "Марказий банк ва валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси тайёрлангани, Ўзбекистон Давлат бюджети илк бор ўрта муддатли асосда ишлаб чиқилгани, мамлакатимиз жамғарма статистика маълумотлари тарқатишнинг умумий тизимига қўшилгани ижобий баҳоланди.

Томонлар фаол ҳамкорликни, аввало, пул-кредит сиёсати, банк тизими, солиқ-бюджет сиёсати, тўлов балансини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш соҳаларида давом эттиришга келишиб олдилар.

Кристин Лагард мазмунли муҳокама учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор қилиб, ўзининг 2019 йил май ойига мўлжалланган Ўзбекистонга ташрифи давомида мулоқотни давом эттиришга умид билдирди.

Сиз Ўзбекистон аҳолиси фаровонлиги йўлида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларни ўз кўзим билан кўрмоқчиман, деди Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори.
ЎзА дан олинди.