Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бир парча чорлов

Бир парча чорлов

...2013 йилнинг апрель ойида Ҳиндистонга саёҳатга боргандим. Деҳли шаҳрида кун бўйи ўтказилган анжумандан сўнг Гопакумар исмли маҳаллий шоир бир гуруҳ ижодкорлар қатори мени ҳам уйига меҳмонга таклиф қилди. Дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтирганимизда бир буюм эътиборимни тортди. Китоб жавонининг бир буржида Самарқанд тасвири туширилган жажжи сувенир турарди. Қизиқсиниб уни қўлимга олдим. Пастки қисмида инглиз тилида
“Самарқанддан совға” деган сўзлар ёзилган эди.    

– Дарвоқе, сиз Ўзбекистондансиз-а? – деди мезбон. Сўнг ўрнидан туриб ёнимга келди. Эсдаликни қўлимдан олиб, унга меҳр билан тикилди. – Бундан уч йил илгари Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз  шаҳарларида бўлганман. Уйга қайтишда ўзим билан Ўзбекистоннинг бир “парча”сини олиб келганман. Унга ҳар гал кўзим тушса, жаннатмонанд диёрингиз, меҳмондўст халқингиз ва гўзал шаҳарларингиз кўз олдимда гавдаланаверади. Ширин таассуротлар қайта уйғонади. Айниқса, яқин дўстларим уйимга келганида бу ажойиб совғани қизиқиб томоша қилишади. Мен эса уларга юртингиз ҳақида сўзлаб бераман...

Гопакумарнинг сўзларидан тўлқинланиб кетдим. Эътиборлиси, ўшанда биргина сувенир Ўзбекистоннинг довруғи, унинг бетакрор табиати, қадимий ёдгорликларини дунё бўйлаб кенг ёйиш ва танитишда қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини тушуниб етгандим. Ўз навбатида, мен ҳам Ватанимга дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналган Тож Маҳалнинг мармардан ишланган кичик нусхасини ўзим билан ола қайтдим. Ҳақиқатан, Гопакумар айтганидек, ўша сувенирга қачон кўзим тушса, Ҳиндистонга қисқа саёҳатим кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади...

Бугун мамлакатимизда хорижлик сайёҳларни чорлайдиган кўплаб шаҳарлар, тарихий қадамжо ва қадимий ёдгорликлар кўп. Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари мунтазам равишда туристларни ўзига жалб этиб келмоқда. Айниқса, Қарши шаҳрини қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривож­лантириш ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида объект­ларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастурлари шарофати билан қайта чирой очган мазкур икки гўшага ташриф буюрувчи сайёҳларнинг сони икки баравар ортган, десак муболаға бўлмайди. 

Шунга мос тарзда ҳудудда миллий ҳунармандчилик намуналари ҳамда гўзал юртимиз манзаралари ифода этилган эсдалик совғалар тайёрлаш, сайёҳлик соҳасида кўрсатилаётган хизматларни кенг миқёсда тарғиб этиш, сувенирлар индустриясини равнақ топтириш, тўқимачилик ва ҳунармандчиликни янада тараққий эттиришга доир ишлар изчил амалга оширилаётгани аҳамиятли.

Биргина Шаҳрисабз шаҳридаги қадим обидаларни бирлаштирган  аллея бўйлаб қурилган 30 та қўш қаватли уй нафақат хорижлик сайёҳларни, балки барчанинг эътиборини ўзига жалб этаётгани бежиз эмас. Мазкур уйлар ҳунармандлар учун мўлжалланган бўлиб, уйнинг биринчи қаватида устахоналар фаолияти йўлга қўйилган.

Авваллари уста ва ҳунармандларимиз хорижлик сайёҳларга ўз маҳсулотларини кичик ва кўримсиз дўконларда тақдим этарди. Қолаверса, ўзлари ясаган сувенирларни фақатгина сотиш билан чекланишарди. Бугун кўҳна Кешдаги аллея майдонида ҳунармандлар учун қад ростлаган уйларда нафақат маҳсулотларини сотиш, балки уларнинг қандай тайёрланишини ҳам кўрсатиш имкониятига эга бўлишди. Чунки, хорижлик сайёҳлар учун миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизнинг тайёрланиш жараёни жуда қизиқ.

Хорижлик меҳмонлар ота-боболаримиздан мерос зардўзлик, заргарлик, бешикчилик, кулоллик, гиламдўзлик намуналарини бир вақтнинг ўзида кузатиш имкониятига эга бўлгани улар учун қулайлик яратмоқда. Шунингдек, турли хил сувенирлар, қўл телефони ёки кўзойнак учун махсус ишланган ва шарқона нақшлар билан безак берилган ғилофлар, сиртига Оқсарой тасвири туширилган керамика маҳсулотларига, талабга кўра инглиз, француз, араб ва рус тилларида  “Шаҳрисабздан совға”, “Амир Темур юртидан совға” каби битиклар ёзилиши сайёҳлар учун ажойиб туҳфа бўлмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, сувенир тарзида тайёрланаётган ҳунармандчилик маҳсулотлари яхшигина даромад манбаи бўлиши билан бирга миллатимизнинг бой маданиятини кўз-кўз этишда ҳам қўл келади. Зеро, ҳунармандларимиз томонидан яратилган санъат асарлари, хусусан, миллий нақшлар акс этган гиламлар, рўмоллар, чойхонада гурунг­лашиб ўтирган оқсоқоллар, дўппи кийган, юзларидан нур ёғилиб турган кайвони кексалар, бири нон-чой, яна бошқаси тарвуз-қовун кўтариб, меҳмонларга иззат-икром кўрсатаётган кишилар акс этган сопол ҳайкалчалар юртимизда сайёҳ сифатида келган хорижлик кишиларнинг уйи, жавонини безаб, ўлкамизда ўтган ҳайратларга бой дамларни эслатиб турса, бундан сизу биз ифтихор ҳиссини туямиз.

Азизбек НОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси

қошидаги Ёшлар

муаммоларини ўрганиш

ва истиқболли кадрларни тайёрлаш

институти тингловчиси