Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БИР ТАДБИРНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

БИР ТАДБИРНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” томонидан “Бизнинг вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар вакиллари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган мазкур тадбирда мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёш авлоднинг жамиятда ўз ўрнини топиши яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар, уларнинг турли бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ёшларни қийнаётган турли муаммолар муҳокама марказида бўлди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, юртимиз аҳолисининг 58,8 фоизи ёшлардан иборат. Бу кўрсаткич уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсиб улғайишини таъминлаш, қизиқиш ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда муайян соҳага йўналтириш, навқирон авлодда “мафкуравий иммунитет”ни шакллантириш юртимиз келажагига бевосита дахлдор эканини англатади. Мамлакатимиз тараққиётининг беш устувор йўналишидаги вазифалар белгиланган Ҳаракатлар стратегиясида, янги таҳрирда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, Президентимиз маърузаларида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Яқинда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари ёшларга оид долзарб муаммоли саволларни ўртага ташладилар, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов. – Хусусан, экстремизм ва зўравонлик билан боғлиқ аксарият жиноятлар 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганини қайд этиб, барчамизни яна бир бор огоҳликка даъват этдилар. Унутмайликки, эртамиз эгалари бўлган ёшлар тақдирига ҳар биримиз масъулмиз.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш O‘zLiDePнинг ҳам устувор вазифаларидан биридир. Давра суҳбатида айтилганидек, “Ёшлар қаноти” томонидан ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни иш билан таъминлаш, юксак маънавиятли баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 750 дан ортиқ тадбир ўтказилиб, уларда 58 мингдан ортиқ йигит-қизлар иштирок этди. Жумладан, “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида “Интернет хавфсизлиги ва интернет маданияти: муаммо ва ечимлар”, “Ёшларда ахборот хуружига қарши иммунитетни шакллантиришнинг муҳим омиллари”, “Интернет хавфсизлиги ва ёшларда мафкуравий иммунитет ҳамда интернет маданиятини шакллантириш” мавзуларида анжуманлар ташкил этилди. “Ёшлар бандлигини таъминлаш муҳим вазифамиз” шиори остида ўтказилган форум доирасида 308 нафар уюшмаган ёшлар партия фаоллари бошқараётган тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирилгани, айниқса, аҳамиятлидир.

Уюшмаган ёшларни тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқтириш, уларга ҳам иқтисодий, ҳам ҳуқуқий ёрдам бериш, таълим муассасалари битирувчилари учун бизнес курслар ташкил этиш бизнинг устувор вазифаларимиздан биридир, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Сардор Марипов. – Шу мақсадда “Ёш мулкдор – юрт таянчи”, “Диплом билан – бизнесга” каби лойиҳалар амалга ошириляпти. Улар доирасида ҳозирга қадар 822 нафар йигит-қизнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашдаги муаммолари бартараф этилди. Бундан ташқари, партиямиз томонидан ўтказилаётган “Ёш фермер” кўрик-танловининг бу йилги ҳудудий босқичларида 1000 нафарга яқин иштирокчиларнинг қатнашгани ҳам сафимиздаги фаол ва тадбиркор ёшлар сони йилдан йилга ортиб бораётганидан далолат беради.

Самимий мулоқот руҳида ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, ўзаро эркин фикр алмашдилар. Айниқса, ёшларнинг мулоҳазалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Кўзлари ёниб турганларнинг мушоҳадаларини тинглар эканмиз, глобаллашган дунёга улкан хавф туғдираётган зўравонлик ғояси “вируси”га қарши бизда кучли мафкуравий иммунитет шаклланганига яна бир бор амин бўлдик.

Азизбек РАМАЗОНОВ