Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ...

БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ...
Тенгдошларинг жавлон уриб, фаол меҳнат билан шуғулланаётганини ўз кўзинг билан кўрсанг ёқимли-да: ҳам дилинг яйрайди, ҳам шулар қаторида бўлиб, ота-онангга маошингни тутқазиб, дуосини олишни орзу қиласан. Қолаверса, минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши!
Нукус шаҳридаги “Ҳаво жўли”, “Айдин жол”, “Шимбай шайхана” ва “Батаника бағи” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудларда истиқомат қиладиган 15 нафардан ортиқ уюшмаган ёшларни ота-оналари билан биргаликда энг нуфузли корхоналардан бирига саёҳат уюштиришдан мақсад ҳам асли шу эди.
O‘zLiDeP Нукус шаҳар Кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур саёҳат объекти этиб “Кардар маҳсулотлар ишлаб чиқариш” масъулияти чекланган жамияти танлангани ҳам бежиз эмас. Чунки бу ерда жавлон уриб ишлаётганларнинг кўпчилиги айнан ёшлардир. Шоядки,  келажагимиз эгалари ҳам бирор ҳунарнинг бошини тутса.
Уч йил бурун 34 нафар ходим билан фаолиятини бошлаган ушбу ишлаб чиқариш объектида ҳозирда 150 нафардан ортиқ ҳамюртимиз 100 га яқин маҳсулот тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Яқинда иссиқлик манбаи маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган янги завод ҳам фаолият бошлаши кутилмоқда. Менежер Арислан Турсинбеков меҳмонларни корхона фаолияти билан таништирар экан, ёшларнинг саволлари узилмас эди, чунки уларни бу ердаги ҳаёт ўзига маҳлиё этиб бўлган эди-да.
Хуллас, тадбир кутилган самарани берди: ёшларнинг кўпчилиги  ишга кириш истагини билдирди. Яқин кунларда улардан энг муносиблари танлаб олинади.  
Фурқат ЮСУПОВ,
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон
Республикаси Кенгаши матбуот хизмати раҳбари
“START UP” ЛОЙИҲАЛАРИ:
Экспертлар лол қолди
Навоий давлат кончилик институтида O‘zLiDeP вилоят ҳудудий ташкилоти Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан “Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш – тараққиёт гарови” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, Савдо саноат палатаси вакиллари, инвесторлар, банк ходимлари, илғор тадбиркор ва фермерлар ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этган “START UP” лойиҳаси доирасидаги мазкур тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Шу куни тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ўз бизнес лойи­ҳаларини намойиш этиб, мутахассислардан керакли маслаҳатлар олишди.
– Лойиҳам “Crystal Laundromat” хизмати деб номланиб, кўп қаватли уйлар ҳамда давлат корхоналарининг ётоқхоналарида истиқомат қиладиган ҳамюртларимиз учун кир ювадиган масканлар қуришни назарда тутади, – дейди иштирокчи Баҳодир Абдуллаев. – Агарда у амалга ошса, аҳолига нафақат енгиллик, ҳатто бир нечта янги иш ўринлари ҳам яратилади.
– Мен эса талабаларга муносиб шароит яратишни мақсад қилдим, – дейди Абдулхай Нусратуллаев. – Маълумки, баъзи коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида ётоқхоналар йўқ. Шу боис талабаларнинг аксарияти ортиқча пул сарфлаб, ижарада ёки қариндошлариникида яшайди. Бу эса уларнинг назоратсиз қолиши, турли зарарли ғоялар кетидан эргашишига шароит яратади. Лойиҳамда таълим даргоҳлари учун махсус қўриқлаш тизими, дарс қилиш учун барча имконият, сунъий қопламали стадион бўлиши режалаштирилган. Натижада узоқ жойларда ўқийдиган ёшларнинг хавфсизлиги таъминланади ва улар вақтларини беҳуда ўтказмасдан, бор эътиборини илм олишга қаратишади.
– Ёшларимизнинг ғоя, таклиф ва режаларини эшитиб, тўғриси, лол қолдим, – дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, “Кармана сут” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳмуд Бопилов. – Тадбиркор сифатида уларнинг айримлари билан ҳамкорлик қилишга келишдик.
Тадбир якунида экспертлар томонидан энг яхши деб топилган 3 та лойиҳа муаллифи диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жўрабек АСЛОНОВ,
 O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши
Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири