Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Бировнинг ризқи бошқага буюрмайди

Бировнинг ризқи  бошқага буюрмайди

             Биз томонларда катталар янги уй қуриб, алоҳида кўчиб чиққан ёш оилага рўзғорнинг баракаси деб қурби етса сигир, жилла қурса боқиб катта қиласизлар, дея бузоқ беради. Янги ҳовлига кўчаётганимизда Зарҳол момом сизларга атагандим деб Узуншохни (шохлари кийикникидек узун бўлгани учун шундай атардик) бизга берган эди...

             Қурилишдан ортган ёғочлардан томорқа адоғида оғилхона қурдик. Сигирни ўзгача меҳр билан парваришлай бош­ладик. Айни қиш чилласи Узуншох бузоқлади. Хурсандлигимнинг чеки йўқ эди, энди қиш бўйи қаймоқ-қатиқ узилмайди. Онам сигир  соғаётганда бузоққа кўпроқ қолдиринг деб, ўзим унга кўз-қулоқ бўлиб турардим. Бузоқча кун сайин тўлишиб, ўсиб бораётганини кўриб, буғдой ўримидан сўнг далага мол боққани чиқсак, энг зўр новвос меники бўлади, деб ич-ичимдан севинардим...

            Ҳар кун мактабдан қайтгач, оғилхонага сер солардим. Бу сафар ҳам шундай қилдим. Аммо не кўз билан кўрайки, молхона айвонида Узуншохнинг ўзи турибди. Томоғимга тиқилган йиғини ичимга ютиб, уйга кириб бордим. Даҳлизда отам бир даста пулни санаб, онамга тутқазаётган экан. Вазиятни тушунгач, “Нега сотдингиз”, дея тўполон қилишга ўтдим...

            – Бузоқнинг пулига қиш учун буғдой сотиб олдик, – деди онам юпатгандек...

             Шундагина отамнинг аҳволини фаҳмладим. Келаси йил бундай вазиятга тушмаслик учун ўзим астойдил ишлашга, лой кечиб далада юриб, тез-тез бели оғрийдиган отамни авайлашга қарор қилдим. Маҳалламиздаги қаровсиз ётган адирликдаги ерга буғдой сепдик. Шу йили об-ҳаво ҳам серёғин келиб, кафтдек жойдан мўл ҳосил олдик, ҳатто тўрт-беш қопини сотдик ҳам. Бу йил буғдо­йимиз борлиги учун эмас, яна бир бузоқни сотмаслигимиздан қувончим чексиз эди.

            Юк машинаси ҳайдайдиган Баҳодир аканинг маслаҳати билан отам бизнес қилмоқчи бўлди. Қўшни қишлоқдаги Рўзибой акадан 50 мингча қарз кўтариб, Тошкентга бир “КамАЗ” пиёз олиб кетди. Лекин уч кун ўтмай, бор пулини ўғирлатиб, қайтиб келди. Буни эшитган Рўзибой ака кунда қарзини сўраб, уйимизга келадиган, жанжал кўтарадиган бўлди. Бирорта қариндош ёрдам бермагач, отам анча қиммат турса-да, сигирни қарзни узиш учун бериб юбориш ниятига тушди. Бузоғини бериб юборсак, ўғлим яна ўксиб қолади, деб ўйлагандир. “Ана, сигирни олиб кетинглар, тезда қарздан қутулиб, қайтариб олиб келамиз”, деди. Рўзибой ака ҳам шу гапни кутгандай сигирни арқонидан ечасолиб, етаклаб ҳайдади... 

           Муҳлатида пулни қайтаролмаганимиздан сўнг Рўзибой ака ўғлидан ўттиз минг сўм пул бердириб юборибди. Айтишича, улар сигиримизни саксон мингга сотиб, эллик минг сўмини қарзимиз ҳисобидан олиб қолишибди.  Отам бозорда Узуншохдай сигир нархи 140-150 минг сўм эканини куйиниб айтгани ҳали-ҳамон ёдимда. Буни эшитиб, онам роса йиғлади...

           Орадан бир неча кун ўтиб, Рўзибой ака Узуншохнинг ўлигини қўшнисининг тракторига ортиб, адирга кўмгани олиб кетаётганини кўришибди. Одамларнинг айтишларича, сигир емиш емай қўйган, бора-бора озиб-тўзиб кетган. Охири бир куни арқонига ўралиб, ўлиб қолибди.

            Эшитсак, Рўзибой ака Узуншохни сотмаган экан...

Элбек ШОЙИМ