Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Биз ҳам сизга елкадошмиз, азиз бободеҳқонлар!

Биз ҳам сизга елкадошмиз, азиз  бободеҳқонлар!

Яна пахта мавсуми, пахтакорлар шаънига мақтову ҳамду санолар ёзибдими бу мухбир, деб ҳайрон бўляпсизми? Йўқ, азиз замондошим, мен ўттиз йилдан кўпроқ муддат оралиғида фидойи чўпону чўлиқлар, фермеру тадбиркорлар, олиму фузалоларнинг ибратли ҳаёти, аянчли қисмати ҳақида баҳоли қуд­рат нималардир қоралаган бўлсам, азбаройи чин дилдан уларнинг юракларига қулоқ тутдим. Ишонинг, оддий меҳнаткаш деҳқон ё чорвадор, мулкдор ё муаллим, борингки, пахта даласида тер тўкаётган сувчи ё теримчи аёл сизу бизнинг қуруқ мақтовимизга муҳтож эмас. Аксинча, уларнинг кўнгил дунёсини обод қилгулик бир оғиз ширин сўзимиз керак уларга! Улар орасида ҳалол пешона тери эвазига бунёд бўлаётган катта хирмонга улуши қўшилаётганидан боши осмонга етаётган юртдошларим сони жуда кўп.

Бу гапларни самодан олиб ёзаётганим йўқ. Куни кеча Қашқадарё воҳаси далаларини бир гуруҳ ижодкорлар билан айланиб қалбимиз ёришди. Негаки, олтин кузакнинг тиллога тенг дамларида кўпчилик бободеҳқонга кўмак бермоққа шошилган. Вилоятнинг Косон, Қарши, Ғузор, Миришкор, Қамаши, Касби, Нишон ва бошқа туманлари далаларида ҳаёт қайнаяпти, гўё.

– Ҳозир ҳар лаҳза ғанимат, айниқса, йилнинг тўрт фаслида ҳам тиним билмайдиган пахтакор учун бу йил ғоят ташвишли келганини биз ижодкорлар ҳам ҳис этиб турдик, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Қашқадарё вилоят бўлими масъул котиби Ўроз Ҳайдар. – Лекин ерга бор меҳрини бериб ишлаган деҳқонни Яратганнинг ўзи қўллайди, деганлари рост. Туманларга чиққанимизда ўзимиз гувоҳи бўлдик, пахта ҳосили кўнгилдагидек. Фақат ўз вақтида ҳамжиҳатликда ишлаш керак, холос. Биз фермер хўжаликлари аъзолари, кўнгилли ҳашарчилар билан дилдан суҳбатлашиб, англадикки, насиб этса, бу йил ҳам воҳаликларнинг юзи ёруғ бўлади. Президентимиз, ҳукуматимиз қўллаб-қувватлови билан барча ҳудудларда теримчиларга етарли даражада шарт-шароитлар яратиб берилган, терим пуллари пешма-пеш бериляпти, нақд пул масаласида умуман муаммо йўқ. Аввалги йиллардагидек, мажбурий меҳнатга жалб этиш, хўжасизлик ҳолатларига деярли барҳам берилган. Асосийси, одамларнинг руҳи тетик.

Кечагина биз Ғузор туманидаги “Олашўр” фермер хўжалигида бўлиб қайтдик. Қўлига китоб тутқазганимда хурсанд бўлган бир  аёлнинг ҳаяжонли сўзлари мени ғоят руҳлантириб юборди. “Бўлар экан-ку, тирик шоир дастхати ёзилган китоб насиб этармикан, деб орзу қилардим, сизга минг раҳмат!” деганида бошим осмонга етди. Демак, одамларимиз китоб ўқишга орзу­манд, биз ижодкорлар кўпроқ улар ҳузурига шошилишимиз керак экан!  

Бу йил қашқадарёлик пахтакорлар 139 минг 800 гектар майдонга чигит қадаб, йил давомида фидокорона меҳнат қилишди. 8 минг 58 та фермер хўжалиги аъзолари оғир синовли кунларда ҳам ғўза қатори ораларига ишлов бериш, озиқлантириш ишларини талаб даражасида бажаришди. Табиат инжиқликлари ҳар йилгидан ҳам ошиб тушди. Ҳароратнинг кескин кўтарилиб кетиши, оқар сув етишмаслиги, ғўза зараркунандаларининг кўпайиши бободеҳқонни анчагина қийнаб қўйди. Аммо воҳа миришкорлари кўп йиллик тажриба ва замонавий агротехнологиядан унумли фойдаланган ҳолда фидокорона меҳнат қилишиб, далаларда режага яраша ҳосил етиштиришга муваффақ бўлдилар.

­Айни пайтда вилоят бўйича икки юзга яқин фермер хўжалиги пахта сотиш бўйича давлат шартномасини ортиғи билан бажарди. Касби туманидаги “Жалолиддин Жомуродов” фермер хўжалиги  18,9 гектар майдондан 56,7 тонна, “Обод замин зийнати” 20 гектар майдондан 60 тонна, “Механизаторлар шижоати” 20 гектар майдондан 50 тонна, Қарши туманидаги “Хушнуд Қурбонов” фермер хўжалиги 16 гектар майдондан 34 тонна пахта топшириб, йиллик шартномани ортиғи билан бажарди. Шунингдек, Касби туманидаги “Уйрот ёғдуси”, “Хадича Каримова”, “Азизхон Нуриллаев”, “Хушназаров Оғабек Акрамович” фермер хўжалик­лари ҳам зафар маррасини эгаллади.

Меҳнат ҳақининг кўпайтирилгани, ҳашарчиларнинг дам олиш соатларини мазмунли ўтказишлари учун барча шароит муҳайё этилгани терим суръатининг кун сайин ошишига замин яратяпти.

– Албатта, ижодкор халқи, қачонки, оддий одамлар ҳаётини ортиқча мақтовларсиз, борича ёзолсагина, асарлари кўпчиликка манзур бўлади. Вилоятда яшаб, ижод қилаётган қаламкашлар ўз меҳнати билан қадр топаётган инсонлар, шу жумладан, айни кунларда мардона меҳнат қилаётган пахтакорлар ҳузурига бориб, таниқли шоир-адиблар, санъаткорлар иштирокида шеърият кечалари, бадиий мулоқотлар, концертлар уюштиряпмиз, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Нилуфар Умарова. – Йиғим-теримда фаол қатнашаётган илғор теримчиларга воҳа ижодкорларининг янги нашрдан чиққан китоблари ва эсдалик совғаларини улашяпмиз.

Бу гапларда заррача муболаға, расмиятчилик йўқ. Борича ёздим. Қолганини бошқа ҳамкасбларим давом эттирар. Нега десангиз, ана шундай жонли, юзма-юз мулоқотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳам давом этаётир.

 Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири