Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Биз Ердаги бешинчи ҳаёт қучоғида яшаяпмиз

Биз Ердаги  бешинчи ҳаёт  қучоғида яшаяпмиз

Навоийдан кейин 500 йил ўтиб, туркий халқлар орасидан фақат Чингиз Айтматов ижодигина адабиёт Олимпига кўтарила олди, жаҳоншумул шуҳрат қозонди. Академик Рустан Раҳмоналиев посангини қўйишда адашмаган. Қадим Туркистоннинг Тангритоғидаги Шакар овулидан тушиб келган ёзувчи бетакрор асарлари билан дунё адабиётининг энг юксак чўққиларини забт этди. Нобель мукофоти берилмаганига келсак, бу ҳам Чингиз Айтматовнинг шуҳратига соя солган эмас, аксинча, ўша донгдор совриннинг тақдим этилиш тарихидаги қусурлардан бири бўлиб қолди. Мутафаккир ёзувчининг машҳур қиссаю романларидан ташқари, қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан гурунглари жамланган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори (Аср адоғида айтилган истиғфор)” китобини ўқир экансиз, икки адиб қалбида акс садо берган замоннинг зарбларини тинглагандек бўласиз. Нозик масалалар тўғрисидаги нозик фикрлардан айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.


            Айни чоғда миллий ахлоқ-одоб, кўникма, стратегик идеалларга мутлақо ёт бўлган ва ҳар куни муваффақиятли равишда тарғиб қилинаётган “бозор маърифати”, “янгича турмуш тарзи”, афсуски, одамлар онгига сингдириляпти. Шундай кунларга ҳам етиб келдик. Яна бундан беш баттар бўлади. Бу ҳам аччиқ ҳақиқат. Масалан, мутахассислар ўтказган тажрибаларда исботландики, ҳатто қўғирчоқ қурол-яроқни ўйнаб вояга етган болакайнинг руҳий олами жанжалкашлик, жиззакилик, тажовузкорлик жиҳатлари билан яққол ажралиб турар экан. Ўзимиз билиб-билмасдан болаларимизни ёшлик чоғидан зўравонликка иштиёқ руҳида тарбиялаяпмиз... Устига қандай қайла суртиб тортиқ қилинишидан қатъи назар, тарбия қотиллик асосида қурилган бўлса, охир оқибат ўзини ўзи ўлдирадиган камикадзега ёки Жеймс Бондга эга бўламиз.

***

        Надоматлар бўлғайким, чексиз ҳокимият одамларни кўпинча ўз қадр-қимматини билмайдиган, инсоний ғурурини ҳис этмайдиган ҳолатга келтириб қўяди. Президент ҳокимияти – инсон бошига қўниши мумкин бўлган бахт қуши, тақдирнинг буюк иноятидир. Баъзилар бу сиёсий шоҳсупага ўз иқтидори, ақл-идроки, ўзига хослиги ва бошқа фазилатлари туфайли кўтарилади. Бошқаларга эса бошқарув жилови тасодифан насиб этади. Тарихий ўтиш даврида кўпинча шундай бўлади. Бошқарув жилови гоҳида халқ оёғига урилган кишан бўлиб қолиши ҳам мумкин...

***

        Айрим президентлар “мен” олмошини тез-тез ишлатиб турадилар. Бундан эҳтиёт бўлмоқ даркор. Чунки бугунги “мен” эртага бориб “Давлат бу – мен!” деган машҳур иборага айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Иккинчидан, чексиз ҳокимиятга эга бўлган ҳукмдорлар баъзан хатога йўл қўйиши мумкин. Бироқ улар ўз хатоларини танқид қилишга ҳам, муҳокама этилишига ҳам асло изн бермайдилар. Хатоларини халқдан яширадилар. Демократик тараққиёт йўлини танлаган мамлакатларда президентнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир қарор қатъиян назорат остида бўлади. Бунга жуда кўп мисоллар бор. Учинчи хавф шундан иборатки, парламентнинг ҳақ-ҳуқуқларини, имкониятларини президент чеклаб қўйишга, уни ўз иродасига бўйсундиришга интилади. Масалан, давлат бошлиғининг шахсий самолёти унинг айби билан икки соат мобайнида бекор тургани учун парламент қарорига кўра президентга жарима солинади. Ғарб мамлакатларининг бирида шундай воқеа бўлди. Тўртинчидан, ҳаддан ташқари ҳамд-санолар, сиғиниш­лар, хушомадлар асло рағбатлантирилмаслиги керак. Ширин сўзлар тўлқинлантирмайдиган, мақтовга бефарқ раҳбарлар жуда оз. Шубҳасиз, ундай шахслар бор. Вақт борида эс-ҳушни йиғиштириб олиш лозим. Васвасага учмасдан, одам ўзини идора қила билиши даркор. Бу нарса мамлакат раҳбари учун ҳам, халқ учун ҳам зарур.

***

          Назаримда, ҳар бир зиёли одам бир пайтлар Циолковский айтган сўзларни асло эсидан чиқармаслиги керак: “Инсон табиат устидан зўравонлик қилди, энди табиат бизнинг устимиздан зўравонлик қилишини кутмоқдан бошқа иложимиз йўқ”.

        Олимларнинг тахмин қилишларича, Ер сайёрасида биздан олдин ҳам тўрт марта такроран ҳаёт кечган экан... Дастлаб, мисли кўрилмаган зилзила оқибатида йўқ бўлиб кетади. Сўнг, қонли уруш натижасида ҳаёт тугайди. Кейин, даҳшатли кучга эга қурол туфайли ҳаёт тамом бўлади. Ниҳоят, дунёни сув босгач, ҳаёт тўхтайди. Жамики кулфатларнинг асл сабабчиси – инсон маънавияти қашшоқлашади, очкўзлик, худосизлик охир оқибат тирикликни адойи тамом қилади. Инсон табиатга қарши бош кўтаради! Ҳамма бало мана шунда! Биз Ердаги бешинчи ҳаёт қучоғида яшаяпмиз. Ҳозир асосий муаммо шундан иборатки, хўш, биз Ер сайёрасини муқаррар ҳалокатдан асрай оламизми-йўқми?

         Каромат қилишларича, агар келажакда инсонлар табиатга муносабатини тубдан ўзгартирмаса, одамларнинг бир-бирига муносабатлари ҳам тубдан ўзгармаса, шак-шубҳасиз, инсоният мисли кўрилмаган вулқон олови ичра куйиб кетади. Унда ҳар ким фақат худодан меҳр-шафқат сўрайди...

           Айтадиларки, тараққиёт – табиатнинг душмани. Бу хато фикр. Асосий айбдор – инсоннинг ўзи. Ўз қўли билан яратган тараққиёт ноз-неъматларидан оқилона фойдаланишни билмаган инсон айбдор. Бошқа гапларни бир четга қўя турайлик, қани, айтгин, қайси биримиз баҳорда бир туп кўчат экишга яраймиз? Афсуски, кўпчилик кўчат экмайди. Назаримда, бизнинг меҳрсизлигимизни кўрсатадиган бундан ортиқ мисол бўлмаса керак.

***

       Биз негадир муайян бир даҳонинг қаерда туғилганига қараб туриб, унинг қайси миллатга мансуб эканини аниқлашга киришамиз. Ҳар бир тадқиқотчи уни ўз томонига тортқилайди. Шундай қилиб, Аҳмад Яссавий қозоқ бўлиб чиқади, Маҳмуд Кош­ғарий – уйғур, Юсуф Болосоғуний – қирғиз, Муҳаммад ал-Хоразмий – ўзбек ва ҳоказо. Гўё уларнинг ҳар биттасида бу ҳақда гувоҳнома бордай! Олимлар ўртасидаги шафқатсиз баҳс-мунозаралар гоҳ кучайиб кетади, гоҳ сўниб қолади. Агар бизнинг ота-боболаримизнинг шажараси саклар давридан бошланган бўлса, агар барча халқлар ўшангача турклар деб аталган бўлса, демак, бизнинг буюк боболаримизнинг ижодий мерослари ҳам Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари учун умумий бўлиши керак. Агар бизнинг боболаримиз Туркистон деб аталмиш умумий уйда яшаган бўлсалар, битта тилда сўйлашиб, битта тилда ёзган бўлсалар, хўш, нима учун биз йўқ жойдан муаммо чиқариб, бошимизни оғритишимиз керак экан?! Бундай асоссиз баҳс-мунозараларнинг кимга кераги бор?! Нима учун бой ва мураккаб меросимизни биргаликда синчиклаб ўрганиш тўғрисида ҳеч ким гапирмайди?! Нима учун меросимизни ҳар томонга тортқилашимиз керак?! Бунинг ўрнига ўша илмий асарларнинг аслиятини бир жойга тўплаб, туркий халқларнинг умумий мероси, тарихимизнинг ажралмас қисми сифатида эълон қилганимиз минг марта афзал эмасми?! Ёки бу ҳол империя давридан қолган “бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қилавер!” деган ғоянинг узвий давоми бўляптими?! ...ўрта асрлардан сўнг бизнинг халқларимиз ажралиб кетган бўлса, ҳар бири ўз ҳолича давлат қурган бўлса, лекин унгача урф-одатлар, анъаналар, тил ва дин бир бўлган бўлса, демак, худди битта газмолнинг парчалари каби улуғ боболаримизнинг мероси ҳам, номлари ҳам барчамизга баробар бўлиши лозим. 

***

      Шўро ҳокимияти ҳукм сурган ке­йинги 15-20 йил давомида мактаб­лардан олий ўқув юртларида аёл ўқитувчиларнинг миқдори кескин кўпайиб кетди. Ҳозирги ёшлар болалар боғчаларида, мактабларда, олий ўқув юртларида асосан хотинлар қўлида тарбия олишяпти. Эркак таъсирини сезмаган болалар, ўсмирлар беихтиёр аёл мураббийларнинг айрим сифатларига тақлид қила бошлайдилар. Ўз лафзидан қайтгандан кўра ўлимни афзал деб биладиган ор-номусли эркаклар ўрнига тинимсиз маҳмадоналик қиладиган, фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлайдиган беномус эркаклар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетди. Бу масала жамиятимиз учун жиддий муаммога айланди. Оқибат шундай бўлдики, ўзимиз истамаган ҳолда эркак билан аёлнинг асил вазифаси тўғрисида чўлтоқ тасаввурга эга бўлган авлодни вояга етказиб қўйдик. Эркаклар нима учун ўқитувчи бўлишдан ор қиладилар? Бу саволнинг жавоби кундай равшан: биринчидан, бу касб эгалари эътибордан қолган; иккинчидан, маоши кам. Мисол учун, айтайлик, Олмония билан Францияда (ўйлайманки, Ғарбдаги бошқа тараққий этган мамлакатларда ҳам шундай) энг обру-эътиборли касб эгалари деб ўқитувчилар, дўхтирлар, полициячилар ҳисобланади. Масалан, Англияда болалар боғчасига тарбиячи ёки мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кириш учун жуда катта кўрик-танловда ғолиб чиқиш керак. Ниҳоятда адолатли йўл шу: бошқа иш қўлидан келмагани учун таълим-тарбия соҳасига тасодифан кириб қолган беғам кимсалар болаларнинг тарбияси билан шуғулланишини ота-оналар мутлақо истамайдилар. Нафсиламбирини айтганда, бир пайтлари Шарқда ҳам домла-муаллимлар бениҳоя ҳурматли зотлар каби эъзозланарди. Ҳозир-чи?!

 Чингиз АЙТМАТОВ