Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

БИЗНЕС ФАҚАТ БИЗНЕС ЭМАС

БИЗНЕС ФАҚАТ БИЗНЕС ЭМАС

Малайзия дунёнинг энг йирик бизнес марказларидан бирига айлангани учун ҳам кўплаб хорижлик тадбиркорлар ўз компанияларини айнан ушбу ўлкада ташкил этишни маъқул кўрмоқдалар. Албатта, бунинг талай сабаблари бор.  Биринчидан, мамлакатда барқарор иқтисодий ва ижтимоий вазият, жозибадор инвестицион муҳит, кичик бизнес учун имтиёзли солиқ тизимининг яратилганлиги бўлса, иккинчидан, коррупцияга қатъий барҳам берилгани, қолаверса, ҳуқуқий секторнинг ички ва ташқи ўзгаришларга монанд равишда изчил ривожланиб бораётганидир. Бу ҳақда “Иқтисодий Газета” манбасида ёзилди.

Малайзия аҳолиси Ўзбекистон фуқаролари билан қарийб тенг – 32 023 174 кишидан иборат. Мамлакат аҳолисининг меҳнатга яроқли қисми 15 190 000 кишини ташкил этиб, шундан 9 270 000 нафари аёллардир. Кези келганда меҳнатга яроқли аҳоли малака даражасига кўра, юқори малакали, ўрта ва кам малакали қатламга бўлинишини таъкидлаш жоиз. Юқори малакали мутахассислар жами меҳнатга яроқли аҳолининг 26,6 фоизини ташкил этса, ўрта малакали ходимлар 61,5 фоизни, қолгани эса кам малакали кадрлар ҳисобланади. Мамлакатда туризм энг тараққий этган соҳа бўлиб, кейинги ўриндан маи­ший техника ва электр товарлари ишлаб чиқариш тармоқлари жой олган. Ҳукумат хорижий инвестицияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, сармоядорларнинг ташаббусларига кенг йўл очмоқда.  “DoingBusiness” талқинига кўра, Малайзия тадбиркорлик субъектлари учун энг қулай шарт-шароит яратилган кучли 20 та давлат орасидан ўрин олган. Мамлакатда ишсизлик ва инфляция даражаси ҳам ниҳоятда паст. 2018 йилнинг март ойида 419 миллиард АҚШ долларига яқин инвестиция жалб этилди. Айни пайтда Малайзияда 30 мингдан ортиқ халқаро компанияларнинг офислари бўлиб, бу нафақат капитал оқимини кетгайтириш, балки ишлаб чиқаришни малакали кадрлар билан мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Таҳлилчилар фикрича, илғорликнинг асосий сири Малайзияда бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилганидир.

Айни пайтда мамлакатда мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг 98,5 фоизи кичик ва ўрта бизнесга ихтисослашганини таъкидлаш жоиз. Шундан 89,2 фоизи хизмат кўрсатиш, 5,3 фоизи ишлаб чиқариш, 4,3 фоизи қурилиш, 1,1 фоизи қишлоқ хўжалиги ва 0,1 фоизи кончилик соҳасига тўғри келади. Умуман, тадбиркорлик субъектларини уч тоифага бўлиб ўрганган маъқул: микро, кичик ва ўрта. Маълумотларга қараганда, мамлакатда жами 907 065 та бизнес субъекти бўлиб, уларнинг 693 670 таси, яъни 76,5 фоизи микро тадбиркорлик, 192 783 таси ёки 21,2 фоизи кичик, 20 612 таси ёхуд жами тадбиркорлик субъектларининг 2,3 фоизи ўрта бизнес қатламига мансубдир.  Экспорт ҳажми йилдан-йилга ошиб бораяпти. 2017 йилда бу борадаги кўрсаткич 21 млрд 136 млн АҚШ доллари, импорт эса 17 млрд 865 млн доллардан иборат бўлди. Бошқача айтганда, ташқи савдо баланси 3,279 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Малайзияда тадбиркорлик субъектлари мулк шаклига кўра, масъулия­ти чекланган жамият, масъулияти чекланган ёпиқ жамият ва масъулияти чекланган очиқ жамиятларга бўлинади. Улар бир-биридан кескин фарқ қилмайди, фақат миллий менталитет ва ўзига хос белгилари жиҳатидан кичик тафовутларга эга, холос. Малайзияда энг кўп учрайдиган тадбиркорлик субъектлари «Sdn Bhd», яъни Ўзбекистон шароитидаги масъулияти чекланган жамиятларга ўхшаш тузилмадир. Бунда тадбиркор ниҳоятда кам таваккалчиликка йўл қўяди. Кичик бизнесга ихтисослашган компанияларда иккита директор ва битта котиб бўлиши талаб этилади. Шунингдек, компания котибларининг, албатта, Малайзия фуқароси бўлиши лозимлиги қатъий белгилаб қўйилган. Директорлар ҳам мамлакатда узоқ йиллар яшаб келаётган бўлишлари керак. Бироқ улардан фуқаролик талаб этилмайди. Яқиндан бошлаб хорижликларнинг ҳам аниқ манзилда рўйхатдан ўтган ҳолда бирор компания бошқарувчисига айланишлари мумкинлиги тўғрисидаги қонун кучга кирди. Бунинг учун эса бирор уйни ижарага олишнинг ўзи кифоя. Фақат компания бошқарувчиси лавозимга тайинланган кунга қадар 18 ёшдан ошган бўлиши лозим.

Малайзияда бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган­ларни мавжуд иқтисодий жараён ҳақи­даги маълумотлар ҳам қизиқтириши табиий, албатта. Бу ҳақда гап кетганда, аввало, мамлакатда кичик солиқ ставкали оффшорлар, масъулияти чекланган ҳамкорликдаги оффшорлар, оффшор трастлар ёки фондлар ташкил этилганини айтиш мумкин. Малайзиянинг энг машҳур оффшор ҳудуди Лабуан бўлиб,  бу ерда тадбиркордан ҳеч қандай бож олинмайди. У товар айланмаси, акциз ва экспорт-импорт йиғими бўйича ҳам солиқ тўламайди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркор мамлакат фуқаролигига эга бўлмаса, унга нисбатан солиқ ставкаси кўпроқ белгиланади. Шунинг учун ҳам аксарият тадбиркорлар директорлар кенгашига бирон-бир маҳаллий фуқарони киритишга ҳаракат қилишади. Малайзия фуқаролари одатда ҳукумат билан юзага келадиган ҳар қандай муаммони осон ҳал эта оладилар. Мамлакатда кичик бизнес фаолияти Ташқи савдо ва саноат вазирлиги қошидаги Кичик ва ўрта бизнес корпорацияси томонидан назорат қилиб борилади. Ушбу тузилманинг асосий мақсади кичик ва ўрта бизнесни иқтисодиётнинг юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчи самарали секторига айлантириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаолиятига кўмаклашишдан иборат.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш корпорацияси тадбиркорлар учун йилига 15 мингдан 1,5 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдорда 4 фоизли кредитлар ажратади. Тегишли вазирлик ва агентликлар эса маҳсулот ва ишлаб чиқариш сифати, компаниянинг аудит текширувлари ва ходимлар малакасини ошириш учун маълум дастурлар доирасида лойиҳа ҳажмининг 50 фоизи миқдорида грантлар ажратади.

“DoingВusiness”  прог­нозларига кўра, бугунги кунда Малайзиянинг ялпи миллий даромади аҳоли жон бошига 9850 долларни ташкил этмоқда. Яна бир маълумот. Мамлакат ишсизлик кўрсаткичининг пастлиги жиҳатидан ҳам дунёнинг етакчи давлатлари қаторида туради. Яъни жами аҳолининг 3,3 фоизи ёки 508 900 нафаригина ишсиз. Айни пайтда 7,09 миллион киши мамлакат ташқарисида меҳнат қилмоқда, холос.

Зеро кичик бизнес ва тадбиркорликка катта эътибор қаратилаётгани боис, ҳукумат аҳолининг кенг қатламини иш билан таъминлашга муваффақ бўлмоқда. Хусусан, инвестицион жозибадорликни ошириш иқтисодий соҳадаги асосий масалалардан бири қилиб қўйилган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида мамлакатга 3 млрд 817 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий сармоя киритилди. Ана шундай кенг қамровли ислоҳотлар туфайли айни кунда олтин захираси 37,6 тоннани ташкил этмоқда. Бу эса кўҳна ва навқирон юрт – Малайзия иқтисодиётининг изчил ва барқарор ривожланаётганидан далолатдир.

Баҳодир ҲАСАНОВ,

Иқтисодий Газета” мухбири