Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бизнес одоби: одамлар мени унутмасинлар, десангиз…

Бизнес одоби: одамлар мени унутмасинлар, десангиз…

Нетворкинг ва танишувни давом эттириш учун бир қанча фойдали маслаҳатлар.

Нетворкинг ҳаётимизнинг ажралмас қисми эканлиги шубҳасиз ҳақиқатга айланган. “Ижтимоий тармоқлар”дан аввалги даврда нетворкингга, асосан, гаплашиб олиш учун учрашиш, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш вазифаси юклатилган бўлса, эндиликда “нетворкинг” – бу, аввало, манфаатли алоқалар ўрнатиш ва уларни мустаҳкамлаб бориш маҳоратидир.

Халқаро ташкилотлар, банклар ва молия соҳасида 20 йилдан зиёд тажрибага эга, Россия, Марказий Осиё ва ривожланаётган бозорларда ишлаган Элёр Ҳасанов ўз ҳаётидан олинган бир қанча ҳаётий тавсиялар билан ўртоқлашади.

Нетворкинг касбимнинг бир бўлагига айланганига 20 йилдан ошди. Шу сабабли ўзим муҳим деб ҳисоблайдиган бир неча жиҳатлар бўйича қарашларим ва амалий тажрибам билан бўлашиш ниятидаман. Алоқаларни қандай ўрнатиш керак, улардан қандай фойдаланиш лозимлиги ҳақида юзлаб китоблар ёзилган бўлса ҳам, фикримча, personal practical experience makes more sense than theoretical knowledge.

Одамлар ёдида қолишга қандай эришиш мумкин

Бир ҳинд танишим эсдан чиқмайдиган гап айтганди: “Одамлар сени турлича қабул қилишлари мумкин. Кўнгилларига ёқишинг ёки нафрат уйғотишинг мумкин. Муҳими бу эмас, балки улар сени эслаб қолишларидир”.

Айни ҳақиқат! Янги одамлар билан учрашганда ва янги алоқалар ўрнатганда, сиз уларнинг хотираларида узоқ қоладиган таассурот уйғотишингиз керак. Токи кейинги гал, ҳатто орадан бир йил ўтган бўлса ҳам, у билан қайта боғланганингизда “Бу ким ўзи?” деган саволга ўрин қолмасин. Оммавий тадбирларда одамлар ўнлаб ва юзлаб кишилар билан учрашадилар, ташриф қоғозлари алмашадилар, лекин уларнинг аксарияти ёддан кўтарилади, шу сабабли сизнинг вазифангиз – компаниянгиз, ишингиз ҳақида сўзлаб берибгина қолмай, балки суҳбатдошнинг ёдида қолишдир.

Одамлар сени турлича қабул қилишлари мумкин. Кўнгилларига ёқишинг ёки нафрат уйғотишинг мумкин. Муҳими бу эмас, балки улар сени эслаб қолишларидир.

Баъзи одамларда унутилмас таассурот қолдириш қобилияти туғма бўлади. Бошқалар эса буни ўрганиб олишлари мумкин. Суҳбатдошингиз сизни узоқ вақт унутмаслигини истасангиз, қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг.

1. Ғайриоддий танишув уюштиринг

Танишувлар одатда бир хил кечади, десам фикримга қўшилсангиз керак: суҳбатдошингиз олдига келасиз, қўл бериб, ўзингизни танитасиз. Бу – кундалик юмушлардек сийқаси чиққан ва тезда ёддан кўтариладиган усул. Шу сабабли танишувга иложи борича кўпроқ кўтаринкилик бағишлашга ҳаракат қилинг. Бирор ғайриоддий усулдаги танишувни қўлланг, масалан, гапни суҳбатдошнинг маърузасини, мақоласини, китобининг бир бобини, компанияси маҳсулотини мақташдан бошланг ва гап орасида ўзингизни танитиб, ташриф қоғозларини алмашинг.

 

Бир кун Мьянмадаги кўргазмада мен Nestle компанияси ўз маҳсулотларини реклама қилаётган бўлимга келдим. Очиғини айтаман, бизнинг бош офисимиз жойлашган Мўғулистонда Nestleнинг фақат қаҳва, шоколад ва бўтқалари сотиларди, бу ердаги кенг ассортиментни кўриб, ҳайратга тушдим ва бу ҳақда ўша лаҳазада ўзим учун мутлақо нотаниш бўлган киши – компания вакилига тўғрисини айтдим. Кейин маълум бўлишича, у Country Director экан, менга ёз жазирамаси муздек қаҳва ичишни табассум билан таклиф қилди ва ташриф қоғозини узатди. Бир ҳафтадан кейин мен унинг офисига келдим, ваколатхона бошлиғи Nestleнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги бошқа маҳсулотлари ҳақида мамнуният билан сўзлаб берибгина қолмай, умуман бозордаги аҳвол, Мьянмада ишлашнинг ижобий ва салбий томонлари, қаерда яхши номзодлар топиш мумкинлиги (биз Янгонда эндигина офис очгандик ва тайинлироқ ходимларга муҳтож эдик) тўғрисида ҳам маълумотлар берди.

2. Мулоқот давомида суҳбатдошингиз сиздан кутмаган ишларга қўл уринг (оқилона чегарада, албатта). Танишув чоғида ва ундан кейинги ҳайратланиш хотирада чуқур из қолдиради, асосийси – нима билан ҳайратга солишни ўйлаб топиш.

Мьянмада ҳиндистонлик бизнесменларнинг катта ҳамжамияти бор. Барча диаспоралар каби, Янгондаги ҳиндлар ҳам ўз ишхоналарида “гаштак” уюштириб турардилар. Улар билан яқинроқ танишиш учун дўстимдан мени ҳам мана шундай тадбирга олиб боришини сўрадим. Бизнесменлардан бири билан умумий мавзуларда гаплашиб туриб, суҳбатни 70- ва 80- йиллар ҳинд киноси мавзуига бурдим. Суҳбатдошим Болливуд маҳсулотларининг СССР, айниқса Ўзбекистонда машҳурлиги (“Советский экран” журнали статистикасига кўра, ўша пайтларда Ўзбекистон аҳолиси ҳинд киносига мухлислик қилишда Арманистондан кейин иккинчи ўринда турган), биргаликда олинган кинофильмлар ва ҳакозолар ҳақидаги сўзларимдан ҳайрон қолди. Ўша учрашувни машҳур “Қасос ва Қонун”  киносидаги “Yeh Dosti” қўшиғини биргаликда хиргойи қилиш билан якунладик, зеро ҳиндларнинг ҳар иккисидан бири бу қўшиқни билади, мен ҳам болалигимда ёд олган эдим. Кейинчалик биз тез-тез учрашиб турдик, бу учрашувлар жуда фойдали бўларди – мамлакатдаги аҳвол ва бизнес-муҳит ҳақидаги энг сўнгги инсайд янгиликларидан хабар топардим.

3. Суҳбатдош “қалб тори”ни чертишга уриниб кўринг. Умумий қизиқишлар кишиларни яқинроқ қилади, суҳбатдошингиз билан қандай умумий жиҳатлар борлиги устида ўйлаб кўринг.

Баъзан инвесторлар билан учрашувларда қатнашардим ва бир гал инглиз инвесторлар гуруҳидаги 60 ёшларга бориб қолган жентельмен билан ҳамсуҳбат бўлишга тўғри келди. У ёқ-бу ёқдан гаплаша туриб, суҳбатдошим эски кинематографияни соғиниши сездим, аста 1964 йилда олинган “Зулуслар” фильми муҳокамасига ўтдик. Менга актёр Майкл Кейн ёқади, ўз вақтида у суратга тушган фильмларнинг деярли ҳаммасини кўрганман, иккаламиз ҳам бу фильмни яхши билардик (айнан “Зулуслар”дан кейин Майкл Кейн карьераси жўшқин ривожланди). Иқтибослар келтирдик, 4 000 нафар зулуснинг 140 нафар Англия фуқароларига ҳужумини қайтаришда ким катта ҳисса қўшгани ҳақида баҳслашдик, Youtubeга кириб, ёқтирган эпизодларимизни томоша қилдик. Ҳозир ҳам, мулоқот қилиб турарканмиз, бир-биримизни Жон Чард ва Гонвиль Бромхед деб, фильм қаҳрамонлари исми билан атаймиз. Суҳбатдан ширин хотира, деганларидек.

4. Туташ нуқталарни топинг ва уларни юзага чиқаринг. Агар ўтмишдаги бир-бирингизни боғлайдиган бирорта воқеа ёдга келмаса, сизларни нима бирлаштириши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.

 

Бир гал Улан-Баторда мен махсус хизмат вакили билан бир столда ўтириб қолдим. Майор мен – ўзбек – бундай узоқда нималар қилаётганим ва, умуман, Мўғулистонда нималар билан шуғулланишимиз ҳақида сўрай бошлаганда қай аҳволга тушганимни тушунсангиз керак. Ҳозирда Мўғулистон иқтисодий ўсиш чўққисида эканлиги (воқеа 2010 йилда бўлганди, ўша пайтда Мўғулистон энг жўшқин ривиожланаётган иқтисодиёт саналарди) ҳақидаги унга маълум важни келтириб, Улан-Баторда бизнес-тузилма ташкил этган жамоа аъзоси сифатида келганимни очиқ айтдим. Бу жавобим уни мутлақо қониқтирмагани юзидан сезилиб турарди (бир гапни кунига неча марта эшитавериб жонига теккандир?). Шунда Мўғулистон миграция бошқармаси деворига осилган катта палак ёдимга тушди – унда мўғул халқи тарихининг асосий саналари акс эттирилганди. Ушбу саналар ичида алоҳида аҳамиятлиси Темир ибн Тарағай Барлос (Амир Темур) туғилган 1336 йил ва Бобур Буюк Мўғул империясига асо солган 1526 йил эди.

Албатта, Мўғул Империяси тарихидаги мана шу икки ўзбек шахсига ишора қилиб, асрий савдо алоқалари ва Буюк ипак йўлини ёдга олганимдан кейин ўртадаги бегонасираш кўтарилди ва буёғига суҳбатимиз дўстона кайфиятда ўтди.

Муваффақиятли мулоқот учун бир нечта тавсиялар

Сўзим якунида мулоқотда асқатадиган бир нечта умумий тавсияларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

1. Биринчи қадам босишга асло чўчиманг. Баъзида келажакда керак бўладиган ёки шунчаки қизиқарли инсон билан танишиш учун once in a lifetime opportunity – ҳаётда бир учрайдиган имконият туғилиб қолади. Бундай имкониятни бой бериб бўлмайди. Агар тек туриб, қўлдан чиқарсангиз, фақат зарур бўлганда ишлатиладиган, қолган пайт бурчакда ётадиган жиҳозга ўхшаб қоласиз.

2. Касбий атамалардан четланинг. Суҳбат чоғида профессионал жаргонлар ва атамаларни ишлатишга берилманг, баъзида суҳбатдошингиз бутунлай ўзга касб эгаси бўлиб чиқади ва айтганларингиз у учун мутлақо тушунарсиз бўлади.

3. Мақтовга хасислик қилманг. Мақтов ҳаммага ёқади ва маъруза ёки профессионал соҳадаги шарҳ учун яхши мақтов суҳбатингизга албатта ижобийлик қўшади.

4. Ўзингизга хос ва қизиқарли бўлинг. Ҳамма биладиган гапларни такрорламанг, суҳбат мавзуси бўйича бошқалар айтмаган фикрларни сўзланг, шунда суҳбатингизга янги йўналиш бағишлайсиз.

5. Дунёқарашингизни кенгайтиринг. Умумий билим кенглигидан ҳали ҳеч ким ўлгани йўқ, қўшимча билим суҳбат юритишга, баъзида уни норасмий ўзанга йўллаб, суҳбатдошингизга янада яқин бўлишга ёрдам беради.

 

Манба: kommersant.uz