Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БИЗНЕСДА МУВАФФАҚИЯТ СИРИ: МАЛАЙЗИЯда қатъият, СИНГАПУРда эркинлик

БИЗНЕСДА МУВАФФАҚИЯТ СИРИ: МАЛАЙЗИЯда қатъият, СИНГАПУРда эркинлик
Газетамизни мунтазам кузатиб бораётган ўқувчиларимиз яхши билишади, ўтган сонда кичик ва ўрта бизнес ривожида АҚШ тажрибаси ҳақида қизиқарли маълумотлар эълон қилган эдик. Бу галги мақоламиз эса “Осиё йўлбарслари” сифатида эътироф этилган мамлакатлардан иккиси – Малайзия ва Сингапур ҳақида бўлади. Айнан мазкур давлатларни ажратиб олишимизнинг сабаби эса – бири ҳозирда экспортда катта ютуқларни қўлга киритаётган бўлса, иккинчиси ички имкониятлардан тўла фойдаланиш (ҳар йили Сингапурга 6-8 миллион сайёҳ ташриф буюради. Бу жуда катта кўрсаткич, чунки мамлакат аҳолиси 4,5 миллиондан ошмайди) орқали ташқи инвестицияларни фаол жалб этаётганидир.
Бугунги кунга келиб, кичик бизнес ўзига мос хусусиятлари, афзаллик ва камчиликлари, ривожланиш қонуниятлари билан жамият иқтисодий ҳаётини ташкил этишнинг одатдаги шаклига айланиб улгурди. Аммо бу жараён ҳамма ҳудудда ҳам бир хил кечавермайди: географик жойлашув, аҳоли салоҳияти, давлат томонидан яратиладиган шароит, қолаверса, табиий иқлим каби омиллар муҳим роль ўйнайди.
 
Малайзиянинг иқтисоди ўтган асрнинг 60-йилларида инқирозга юз тутди, боиси кичик ва ўрта корхоналар дастлаб давлат томонидан заиф қўллаб-қувватланган. Мазкур субъектларни ривожлантириш 1970-йиллар охирида бошланган ва 1986 йилдан эътиборан уларнинг фаолияти Саноатни ривожлантириш вазирлиги томонидан умумий саноат режасига киритилган. Бу йўлда ҳукумат Саноат техник ёрдам жамғармасини (Industrial Technical Assistance Fund, ITAF) ташкил қилиб, кредит кафолатларини бериш бўйича қўшимча механизмларни жорий этди ва 1980-йиллар охирида нархлар мутаносиблиги учун чоралар кўрди. 1990-йилларда иш бошлаган Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш корпорацияси (SMIDEC) эса соҳада умумий бошқарувни тартибга солишга урғу берди.
Натижада 90-йилларнинг ўрталарига келиб мамлакат глобал рақобатбардошлик рейтингида АҚШ ва Сингапурдан сўнг дунёда учинчи ўринни эгаллади, 2004 йили эса Ҳиндистон ва Хитой билан бирга сармоявий жиҳатдан энг жозибали уч давлат қаторига кирди. Ҳозирда Малайзия дунё­даги яримўтказгичларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ва барча электр ва маиший техника воситаларининг 30% дан ортиғини етказиб берувчи мамлакат ҳисобланади.
Хўш, бу каби кенг кўламли ютуқлар қандай қўлга киритилди?
Эркин савдо ҳудуди кичик ва ўрта бизнес субъектларига импорт ва экспорт учун 5-10 йил муддатга солиқ имтиёзлари берадиган ташкилот шаклида намоён бўлди (масалан, корхоналар 35% гача даромад солиғидан озод қилинди). Бундай зонани барпо этиш имкони бўлмаган ҳолларда Лицензияланган ишлаб чиқариш омборлари яратилди, бу эса ўз фойдаланувчиларига худди эркин савдо ҳудудидаги каби бир хил қулайлик­лар берди.
1967 йили ҳукумат саноат муносабатларида касаба уюшмалари ташкилотларига нисбатан қаттиқ назорат ўрнатди. Давлат ярим ўтказгич саноатидаги корхоналарда 1989 йилгача касаба уюшмаси ташкил этишга рухсат бермади. Ушбу қатъийлик ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига олиб келди. Бироқ бу назоратни адолатсиз деб ҳам бўлмасди. Чунки мўътадилликни таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолига субсидияланган нархларда ер ва коммунал хизматлар (сув, электр энергияси ва бошқа инфратузилма) таклиф қилди. Бу тарздаги сиёсат камбағалларга ижтимоий субсидияларни ошириш имконини берди ва 1980 йили йиллик иқтисодий ўсиш 8% га етди.
Малайзияда экспортни қўллаб-қувватлаш тизимида муҳим ташкилот – 1993 йилдан буён фаолият юритаётган Ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) ҳисобланади. У 35 та савдо ваколатхонасини, 8 та маркетинг бўйи­ча ваколатхона ва 5 та ички минтақавий идорани ўз ичига олади. Йиллик бюджетининг 70 фоизи экспортни ривожлантиришга, 30 фоизи эса маъмурий харажатларга сарфланади. MATRADEнинг асосий функциялари:
1. Экспорт сиёсатини илгари суриш ва ривожлантириш (кичик ва ўрта бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорларга маҳаллий ва халқаро кўргазмаларда иштирок этишга кўмаклашиш, экспортчиларга халқаро кўргазмаларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизигача қопланиши шаклида молиявий кўмак бериш);
2. MATRADE ахборот базасига бепул (мажбурий) аъзо бўлиш. Бу шарт “Менинг экспортим” онлайн порталига тадбиркор ўзи ва ишлаб чиқараётган маҳсулоти тўғрисида маълумот киритиши орқали амалга ошади. Мажбурий рўйхатга олиш экспортчиларга MATRADE ахборот ва молиявий ресурсларидан фойдаланиш имконини яратади.
3. Савдо маслаҳат хизматлари.
Ҳозирги кунда Малайзияда “Тараққиёт–2020” дастури амал қилмоқда, мақсад – 2020 йилгача иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлатга айланиш. Гарчи замонавий Малайзияда қишлоқ хўжалиги экспорти ҳали ҳам катта бўлса-да, аммо энди уни аграр мамлакат деб атаб бўлмайди. Чунки тоғ-кон саноати шиддат билан ривожланмоқда ва юқори технологиялар ишлаб чиқариш ҳажми кун сайин ортиб бормоқда. Бу омиллар кўп жиҳатдан миллий таълим стандартларининг тараққий этган мамлакатларга йўналтирилганлиги билан боғлиқ. Белгиланган режага мувофиқ, 2020 йилга бориб олий маълумотли кадрлар улуши 40 фоизга етиши керак, ҳозир эса бу кўрсаткич 29 фоизни ташкил этади. Режага кўра, 2020 йилгача янги лойиҳаларга жалб этиладиган инвестициялар ҳажми 444 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетади, ЯИМ даражаси уч бараварга, аҳоли жон бошига йиллик даромад 6,7 мингдан 15 минг АҚШ долларигача кўтарилади. Энг муҳими, бундай аҳамиятли дас­турнинг асосий двигателлари хусусий капитал бўлади.
 
 
СИНГАПУРнинг ташқи инвесторлар учун жозибадорлиги – ҳар қандай хорижлик тадбиркорга ҳайрат бағишлайдиган солиқ имтиёзларидир. Масалан, инвестиция кафолати, мамлакатда вақтинча яшовчи чет эл фуқароларининг банклардаги омонатлари фоизларини солиқдан озод қилинганлиги, даромадларни божсиз тақсимлаш ва капитални қайта тиклаш, икки ёқлама солиққа тортишнинг йўқлиги.
Сингапур иқтисодиётининг асоси турли хизматлар (транспорт, қайта ишлаш, сақлаш, алоқа, савдо, товарларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, молиявий, сайёҳлик, дам олиш ва ҳоказо) билан ифодаланади. Хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолининг қарийб 70% иш билан банд. Бу эса одамларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини англатади. Сингапурлик­ларнинг тахминан 75 фоизи (!) турли корхоналар акцияларига эга.
Сингапур кичик бизнесга қулайлик яратиш бўйи­ча дунёдаги пешқадам мамлакатлар сирасига киради. Бунда бизнесни бошлаш учун кетадиган вақт, амал қилиш шартлари, солиқ сиёсатини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа кўрсаткичлар инобатга олинади. Кичик ва ўрта корхоналар бир гуруҳга бирлаштирилган. Асосий мезон – ходимлар сони 200 дан ошмаслиги керак. Ушбу тоифадаги фирма ва компанияларни икки турга ажратиш мумкин.
Биринчи турдаги тадбиркорлик субъектлари ресторан, меҳмонхона, савдо, бизнес, юкларни етказиб бериш билан бир қаторда қурилиш, таъмирлаш, тозалаш, сартарошлик ва бошқалар билан шуғулланади. Сингапур айни пайтда мижозларга хизмат кўрсатиш борасида аниқ ва жуда қатъий стандартлар белгиланган кам сонли давлатлардан биридир.
Кичик ва ўрта бизнеснинг иккинчи тури – ишлаб чиқаришда замонавий технологиялардан фойдаланадиган фирма ва компаниялардир. Уларни ривожлантиришда давлат сиёсатининг интеграциялашуви етакчи роль ўйнайди. Ғоя етарли даражада содда ва самарали: одатда кичик ёки ўрта корхона кўпинча янги, юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришда керакли даражага чиқолмайди. Бу жараённи корхоналар гуруҳи осонлаштиради. Улар мамлакатда ўзаро занжирмисол  бир-бирига уланади ва бунинг натижаси ўлароқ генетика, иммунология, экология, биотехнология ҳамда электрон саноатда компонентлар ишлаб чиқариш фавқулодда ижобий натижа беради.
Сингапурда 130 мингга яқин кичик ва ўрта бизнес субъектлари мавжуд. Бу мамлакатдаги барча корхоналарнинг 92 фоизи дегани. Улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар ялпи ички маҳсулотнинг 25 фоизидан ортиғини ташкил этади.
Сингапур тараққиётида кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни ҳақида гап кетар экан, Савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги SPRING (Standards, Productivity and Innovation Board – Стандартлар, маҳсулдорлик ва инновация кенгаши. Бу сўзлар қисқартмаси инглиз тилида “баҳор” маъносини беради) агентлиги ҳиссасини тилга олмасликнинг иложи йўқ. Бу агентлик тадбиркорларга 100 дан ортиқ кўмаклашиш дастурларини амалга оширади. Ташкилотнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
кичик ва ўрта бизнеснинг салоҳиятини ривож­лантириш, шу жумладан, брендинг ва бошқарув­ни такомиллаштириш;
тадбиркорларга ўз фаолияти учун зарур бўлган хизматларни тақдим этиш. Бу консалтинг, бухгалтерия, мониторинг ва шунга ўхшаш имкониятларни ўз ичига олади;
агентлик ходимлари ўзига хосликдан келиб чиқиб, корхоналар раҳбарларига ёрдам беришади;
сифат ва стандартлаштириш;
корпоратив ривожланиш масалалари – корхона тузилмасини такомиллаштириш ва кадрлар тайёрлашга ёрдам бериш (махсус имтиёзлар фақат ўз бизнесини бошлайдиган кичик ва ўрта корхоналарга берилади).
Сингапурда кичик ва ўрта бизнесни имтиёзли кредитлашнинг ўнлаб дастурлари мавжуд. Бу махсус кредитлар бериш, кредитни суғурта қилиш ва субсидияларни тақсимлашдир. Ходимлар сони 10 кишидан ошмаган микрофирмалар учун алоҳида имтиёзли кредитлар ажратилади.
Сингапурда етакчи ўринни эгаллаб турган кредит ва банк тизими 700 га яқин турли хил молия­вий ташкилотларни, шу жумладан, 122 тижорат банкини (116 таси хорижий), 7 та молиявий ва 146 суғурта компаниясини бирлаштиради. Йўналишга доир давлат тузилмалари эса кичик ва ўрта корхоналарда ишлайдиган ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш харажатларининг 90 фоизини қоп­лайди.
Кичик ва ўрта корхоналар уюшмаси (ASME – Association of Small & Medium Enterprises) жамоатчилик ташкилоти ҳам мавжуд бўлиб, давлат тузилмалари билан тадбиркорлар манфаати йўлида музокаралар олиб бориш, бизнес клубларини ташкил этиш, ишбилармонлар учун учрашувлар, тренинглар ўтказиш билан шуғулланади.
Сингапурча ривожланишнинг яна бир йўли – либерал экспорт-импорт тартибидир. Ҳозир бу давлатда 2 500 дан ортиқ саноат ҳудудлари (Журонг, Кранжиа, Сунгев Кадут, Ути Луоянг Гее ва бошқалар) бўлиб, 3 500 дан зиёд корхонада 200 мингдан ошиқ одам иш билан таъминланган.
Энг йирик индустриал зона – Журонг (Jurong). 6,5 минг гектарни қамраб олган бу жойда 100 минг нафар ходим ишлайдиган 1 834 корхона жойлашган. Уларнинг кўпчилиги хорижий инвесторларга тегишли, қолганлари қўшма корхоналар шаклида ташкил этилган. Журонгнинг муҳим афзалликларидан бири – денгиз порти, денгиз базаси ва ривожланган инфратузилма тизимларига яқинлигидир.
Сингапур бандаргоҳини юк айланмаси бўйича дунёдаги энг йирик портлар – Нью-Йорк ва Роттердам бандаргоҳларига тенглаштириш мумкин. Мазкур порт экспорт-импорт юклари учун олтита эркин савдо ҳудудига эга. Ниҳоят, дунёда кенг тарқалган ва Сингапурда мавжуд бўлган яна бир усул – халқаро молия операцияларини амалга оширувчи оффшор ҳудудлардир (одатда ушбу давлатдан ташқарида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш шарти билан норезидент компанияларни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш ва солиқ солишнинг махсус имтиёзли режими мавжуд бўлган муайян ҳудуд ёки унинг бир қисми).
Сингапурдаги оффшор банклар ўз бизнес агентларига қуйидаги иқтисодий фойдаларни беради: солиқ имтиёзлари, валюта назоратининг суст­лиги, ҳар қандай чет эл валютасида операция­ларни амалга ошириш қобилияти, жойдан туриб ҳисоб-китоб, махфийлик ва шунга турдош бошқа амалиётлар.
Мухтасар айтганда, яқин ўттиз йил мобайнида олиб борилган ўзига хос сиёсат Сингапурни учинчи дунё мамлакатлари тоифасидан минтақанинг  энг етакчи давлатлари қаторига қўшди ва Жануби-шарқий Осиёнинг ҳақиқий “марварид”ига айлантирди.
 
Интернет материаллари
асосида тайёрланди.