Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БМТ Бош Ассамблеясинг Марказий Осиё бўйича махсус резолюцияси Тошкентда муҳокама этилади

БМТ Бош Ассамблеясинг Марказий Осиё бўйича махсус резолюцияси Тошкентда муҳокама этилади


Жорий йилнинг 12 июль санасида пойтахтимизда 

БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясига бағишланган тадбир ўтказилади. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.


Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Давлат бошқарув академияси кўмагида ташкил этилмоқда. 

Ташкилотчилар берган маълумотга кўра, давра суҳбати шаклидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, тегишли вазирликлар, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Фанлар Академияси вакиллари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. 


Таъкидланишича, тадбирдан кўзланган мақсад БМТ БА махсус резолюцияси моҳияти ва аҳамиятини муҳокама этиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини белгилаб олишдан иборат. 



Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди. БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлаган ушбу ҳужжат давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий ижроси ҳисобланади. 

Резолюцияда Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув ва энергия манбаларидан унумли ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий асоратларни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил этиш, маърифат, фан, технологиялар, инновациялар, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган.