Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бобурнинг онаси ким?

Бобурнинг онаси ким?

1-синфда ўқийдиган қизим: “Ойижон Бобурнинг онаси менинг қаҳрамоним бўла оладими?” — деб сўраб қолди. Бирдан сергак тортдим, куни кеча такрор ва такрор эфирга узатилган “Chocotella” ширинлиги рекламаси кўз олдимга келди...

Эфирда кўрсатилган рекламада бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчиларга “Сизнинг қаҳрамонингиз ким?” — мавзусида диктант ёздиради, ўқувчилар “Бобурнинг онаси, чунки у Бобурга ҳар куни “Chocotella” олиб беради”, деб ёзади ҳамда ёзганини баралла ўқишади. Ўқитувчининг хаёли паришон, бехос телефонда ўғлидан сўрайди: “Ўғлим, сенинг қаҳрамонинг ким?” Ўғли: “Бобурнинг онаси”, дейди. Ўқитувчи — она қўлини манглайига тираб, ўйга ботади.

Боланинг онги шаклланишида оилада ота-онанинг, мактабда устознинг, бундан ташқари, ҳозирги кунда телевидениенинг ўзига хос ўрни бор. Ташвиқотда ўқувчи: “Менинг қаҳрамоним Бобурнинг онаси”, дейди, бу тадбиркорнинг буюртмаси (у бу реклама учун мўмайгина пул тўлаган). Аммо, “Қаҳрамон” сўзининг туб моҳиятида миллат қаҳрамони ётади. Давлатимиз энг юксак мукофот деб “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини таъсис этган. Бу ширинликни “Қаҳрамон” даражасига кўтариш миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизга тўғри келмаслигини реклама уюштирадиганлар бир ўйлаб кўришса бўларкан.

Мазкур реклама юзасидан айрим юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.

— Рекламани кўриб ҳайратландим, — дейди “Янги Миробод” маҳалласида истиқомат қилувчи Дилдора опа. —  Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди цингари қанчадан-қанча қаҳрамонларимиз бор. Улар қолиб, болаларимиз онгига  ширинлик олиб берган “Бобурнинг онаси”ни сингдирсак, маънавиятимизга тўғри келармикин...

— Айниқса, она ҳомиласининг, гўё шу ширинликни олиб бермасанг, деб она қорнига тепиши, чўчиган ҳомиладор аёлнинг ширинлик сотиб олиши... мен нима дейишга ҳайронман... — дейди беш нафар фарзанднинг онаси Насиба опа.

— “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир”, деган нақл бор, — дея гапга қўшилди психология фанлари номзоди, дотсент Одина Отажонова. — Боланинг онги тоза ва беғубор бўлади, атрофидаги воқеаларни, бўлаётган гап-сўзларни тез илғайди ва узоқ вақт онгига жойлашиб қолади. Реклама деб ҳар қандай нарсани болаларга тавсия этиш нотўғри, деб ўйлайман.

Ҳурматли ўқувчи, айрим юртдошларимизнинг фикрлари билан танишдингиз, сиз нима дейсиз?
Наргиза БОБОМУРОДОВА
"Ҳуррият" газетасидан олинди.