Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Боғини ҳам сўраб қўйинг

Боғини ҳам сўраб қўйинг
Ер юзидаги одамларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш, бозор расталарини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш кун сайин долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шу маънода жойларда интенсив боғлар ташкил этилиши замирида ҳам шундай эзгу мақсадлар мужассам.
Мутахассисларнинг айтишича, юртимизда интенсив боғлар 1960–1970-йиллардан яратила бошланган. У даврларда интенсив сўзи ўрнига “жадаллашган” термини ишлатилган. 2010 йилга келиб, республикамиз ҳудудига турли мамлакатлардан пакана олма кўчатлари келтирила бошланди ва ҳозирга келиб олмазорлар майдони анча кенгайган. Ўтган асрдаги интенсив боғлар 1980-йилларга келиб суғориш, ўғитлаш, тупроққа ишлов бериш ишлари қимматлашгани, шунингдек, кўп қўл меҳнати сарф­лангани туфайли 1990-йилларга келиб йўқолиб кетди.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантириш, жумладан, интенсив боғларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Олим Норбеков. – Бунинг натижасида 2011 йилдан буён республикада замонавий агротехнологиялар асосида 43 минг гектар майдонда пакана ва ярим пакана интенсив боғлар яратилди. Бу боғлардан бугунги кунда фермер ва деҳқонларимиз мўл ҳосил олишмоқда.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот инс­титути, унинг тажриба станциялари ҳамда фермер хўжаликларида пакана ва ярим пакана кўчатлар кўпайтирилиб, фермер ва деҳқон хўжаликларига шартнома асосида етказиб берилмоқда.
– Кўчат бир жойдан иккинчи жойга кўчирилганда, илдиз отиб кетиши ниҳоятда қийин жараён, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Абдулла Орипов. – Айниқса, бошқа мамлакат тупроғи, оби-ҳавосига мослашган кўчатни парваришлаш жуда кўп эътибор ва билим талаб этади. Интенсив боғ – камроқ жойдан кўпроқ ҳосил ва даромад олиш дегани. Боғдорчиликда дарахтга шакл бериш ва пишган меваларни сифатли териб олишдек иккита мураккаб жараён мавжуд. Интенсив боғлар ана шу юмушлар қулай кечиши билан алоҳида ажралиб туради. Пакана дарахтларнинг бўйи паст бўлгани боис илдизи ҳам ер юзасида жойлашади, уларни томчилатиб суғориш яхши самара беради. Айни вақтда “Лигол”, “Голден”, “Гренни Смит” навли бир қанча пакана олма кўчатлари юртимиз иқлимига мослаштирилди. Улар сувни тежовчи технологиялар билан суғорилиши сабабли обиҳаёт сарфини тежайди, бу эса қурғоқчилик йилларида ҳам юқори ҳосил олиш имконини беради. Анъанавий боғларимиздан бир кунда икки юз, икки юз эллик кило олма терилса, интенсив боғдан икки-уч баробар кўп олма териш мумкин. Чунки мевани териш учун нарвон шарт эмас. 
Шу ўринда бир савол туғилади: интенсив боғларнинг кўпайиб бориши маҳаллий навларнинг йўқолиб кетишига олиб келмайдими?
– Талабга яраша таклиф деган гап бор, – дей­ди Абдулла ака. – Бозорда нимага таклиф юқори бўлса, ўша оммалашади. Ўзимизнинг маҳаллий мева навлари бутунлай йўқолиб кетади, дейиш бироз ноўрин. Интенсив боғларнинг ҳар жиҳатдан фойдали ва сердаромад эканини бугун фермерлар яхши англаб етмоқда. Негаки, эски боғларда дарахт беш-олти йилда мева бера бошласа, интенсив боғ иккинчи йилдан ҳосилга киради.
Лекин бу соҳада ҳамма ишлар силлиқ кетаяпти дегани ҳам эмас. Миришкор боғбонларимиз яхши билишади, дарахтни дарахт қилгувчи амал унга тўғри шакл бериб буташдир, бу жараёнда хатога йўл қўйилса, иссиқ ва қуруқ иқлимда дарахтларни офтоб уриши, катта шохларининг синиб кетиши ҳамда ҳосилдорлик пасайишига сабаб бўлади. Барча чора-тадбирлар ўз вақтида ўтказилган бўлса-да, интенсив кўчатлар бактериал ку­йиш касаллигига чалинмоқда. Ҳозирги кунга келиб бу касалликнинг таъсирини камайтириш мақсадида турли кимёвий препаратлар қўлланаётир. Турли фирма ва компаниялар тавсияси билан фермерлар мевали дарахтларга тинимсиз дори пуркаб ётишибди. Бир туманда ўнлаб препаратлар ишлатилмоқда, бу эса касалликнинг мослашувчанлигини ошириб, янада катта дозаларни қўллашни тақозо этмоқда. Натижада маҳсулот сифати ва хавфсизлигига путур етади.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган  маълумотларга юзланадиган бўлсак, 1991 йили юртимизда 516,6 минг тонна мева етиштирилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 2 миллион 731 минг тоннадан ортганини кўриш мумкин. Бу эса боғдорчилик йўналишида жорий қилинган янги тизимлар ўзини оқлаётганидан далолат беради. Ҳозирги кунга қадар Тошкент, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида минглаб гектар пакана ва ярим пакана мевали боғлар барпо этилди. Ушбу боғлардаги олмалардан мўлжалдан ортиқ даромад кўрилмоқда. Аммо жимжимадор рақамларга маҳлиё бўлмасдан, жаҳон бозори яна беш йилдан сўнг қайси турдаги маҳсулотларни кўпроқ талаб қилиши ҳақида ҳам жиддийроқ ўйлаш лозим. Бозор шароитидаги ўзгаришларни олдиндан кўра билиш, узоқ муддатли режаларни илмий асосда ишлаб чиқиш зарур. Бунда, албатта, ишбилармон тадбиркорларимиз ва билимдон олимларимиз ҳамкорлиги талаб этилади.
 
Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,
“ХХI asr” мухбири