Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Боғотлик тадбиркор асаларичиликдан қандай фойда кўрмоқда?

 Боғотлик тадбиркор асаларичиликдан қандай фойда кўрмоқда?

 O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши Боғот тумани Деҳқонбозор қишлоғининг “Ўзгариш” МФЙда “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида амалий  мулоқот ташкил этди.   

 Тадбир иштирокчилари дастлаб шу ҳудудда яшовчи оилавий тадбиркор Дилмурод Раззоқов хонадонида бўлиб, асаларичилик билан шуғулланишнинг кўплаб сир-асрорлари билан танишиб, асалариларни парваришлаш ва сифатли асал олиш бўйича зарур кўрсатмаларга эга бўлдилар.

– Асаларичилик билан шуғулланаётганимизга 10 йилдан ошди. Дастлаб  4 та асалари уяси билан иш бошлаган бўлсак, бугунги кунга келиб улар 50 тадан ошди, - дейди оилавий тадбиркор Дилмурод Раззоқов. – Уяларимизни март ойида мева боғларига, май ойида чўл зоналарига, июнь ойларида эса пахта далаларига кўчирамиз. Қиш мавсумига келиб эса уларни  иссиқ жойда сақлаймиз. Ҳар бир кутидан йилига ўртача 25 кггача сифатли асал оламиз. Шундан келиб чиқиб йиллик даромидимиз ҳам яхшигина. Насиб қилса бу йил яна 30 та асалари уясини кўпайтириш ҳаракатидамиз. 4 нафар шогирдларимиз кучли эътибор, меҳр ва сабр билан асалариларни парваришлашга кўмаклашиб келмоқда.   

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туманда Дилмурод Раззоқов каби оилавий тадбиркорлар талайгина. Лойиҳаси доирасида балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик йўналишида самарали меҳнат қилиб, юқори даромад олаётган ўз касбининг мутаҳассислари билан ҳам мунтазам амалий мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда.

Нилуфар Джаббарова

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби