Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Божхона қонунчилиги: энди янгича ислоҳот керак

Божхона қонунчилиги: энди янгича ислоҳот керак Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ­Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Божхона брокерлари уюшмаси ҳамкорлигида “Божхона брокерлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг Ўзбекис­тон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликлари бўйича амалиётда учраётган масалалар” мавзусига бағишланган мулоқот ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, давлат божхона қўмитаси ходимлари, Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси вакиллари ва ишбилармонлар иштирок этган тадбирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар атрофлича муҳокама этилди.

Мазкур лойиҳада божхона қонунчилигида учраётган турли ҳуқуқбузарликлар учун жарима санкцияларини янада кучайтириш кўзда тутилмоқда. Аммо тажриба шуни кўрсатяптики,  санкциялар кутилган натижани бермаяпти. Аксинча, божхона брокерлари ва декларантлар фаолиятида турли муаммолар юзага келяпти, улар ортиқча харажатларни амалга оширишга мажбур бўляпти. Божхона брокерлари уюшмаси мутахассислари қандай қўшимчалар киритилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги хусусида фикр­лар билдирди. Хусусан, божхона юк декларациясини тўлдиришда божхона органи тарафидан Ўзбекистон Рес­публикаси чегараси орқали товарлар ҳаракати, сўралаётган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловлари миқдори юзасидан қарорга таъсир этмаган техник хатолар (статик қийматнинг кўрсатилиши, товар ўлчовининг қўшимча бирликлари кодировкаси, товарларни олиб кириш санаси, ёзувдаги хатоликлар ва шу кабилар)га йўл қўйган шахсларга нисбатан лойи­ҳада маъмурий ундирувнинг кескин чоралари назарда тутилган (божхона расмийлаштируви тугагунга қадар товарлардан фойдаланиш қонунбузарликларига белгиланган сакциялар сингари).

Божхона брокерлари уюшмасининг экспертларининг фикрига кўра, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳамда божхона мутахассислари томонидан  юк декларациясини тўлдиришдаги техник хатолар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722 – моддасининг иккинчи қисми билан белгиланган маъмурий жазога тортиладиган ҳолат сифатида қабул қилиниши тўғри эмас. Зеро, техник хатолар тадбиркорлик фаолиятининг бошқа соҳаларида ҳам кўп учрайди. Мисол учун, солиқ ҳисоботларида ҳам ана шундай камчилик­ларни кўриш мумкин. Лекин Ўзбекис­тон Республикаси Солиқ кодексининг 31- ва 70-моддаларига мувофиқ солиқ тўловчиларга йўл қўйилган хатоларни белгиланган муддатларда маъмурий жавобгарликка тортмаган ҳолда бартараф этиш ҳуқуқи ва имконияти берилган.

Мулоқотда билдирилган мулоҳазалар ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда Божхона брокерлари уюшмаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722 - моддасининг янги таҳририни таклиф этди ҳамда Кодексга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳасини ишлаб чиқишда уни инобатга олишни тавсия қилди.

Ўз мухбиримиз

Суратларни
Шуҳрат РАҲИМОВ олган.