Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Божхона хабарлари: ноқонуний моллар тўхтатиб қолинди

Божхона хабарлари: ноқонуний моллар тўхтатиб қолинди
Божхона ходимлари томонидан заргарлик буюмларини юртимизга ноқонуний олиб кирилишига ўз вақтида чек қўйилмоқда.
 
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Т.Д. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, оғирлиги 244 грамм бўлган, оқ рангли қимматбаҳо металлдан ясалган, қиймати 7 320 000 сўмлик 5 турдаги заргарлик буюмлари яширинча олиб ўтишга уринганлиги аниқланди.
 
Шунингдек, яна бир ҳолатда “С.Нажимов” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан пиёда ҳолда кириб келган фуқаро А.А. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказди. Натижада мазкур фуқаро шимининг орқа чўнтагида ва куйлагининг чўнтагида божхона назоратидан яширилган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган қиймати 4 400 000 сўмлик 176 грамм оқ ва сариқ рангли қимматбаҳо металлдан ясалган турли хил заргарлик буюмлари борлиги маълум бўлди.
 
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом этмоқда.
 
* * *
Сифатсиз маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига ўз вақтида чек қўйилди
 
Хусусан, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликда Мирзаобод тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказишди.
 
Тадбир давомида “Гагарин-Гулистон” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган фуқаро М.Д бошқарувидаги “Нексия-2” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
 
Текширув давомида автомашинанинг салони ва юкхонасида фуқаро А.С.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 32 милион сўмлик 866 дона парфюмерия маҳсулотлари мавжудлиги аниқланди. 
 
Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
 
А.Ўрозов