Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бола қалби яхшиликни унутмайди

Бола қалби яхшиликни унутмайди

Ёшлигида яхши тарбия кўриб улғайган киши инсонларга наф келтиришга, зарарни эса даф қилишга интилади. Ҳаммага яхшилик соғиниш халқимизга хос фазилатлардан. Ана шундай саховатпеша юртдошларимиздан бири, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, O‘zLiDeP Бектемир тумани Кенгаши раиси Фурқат Қаландаровдир.

– Ҳаётда нималар бўлмайди. Соппа-соғ юрган инсон бир кунда бемор, тўкин-сочин яшаётган оила ёрдамга муҳтож бўлиб қолиши мумкин. Бу каби мураккаб умр кечмиш­лари барчамизнинг кўз ўнгимизда юз бермоқда, – дейди Фурқат Қаландаров. – Лекин, минг афсуски, баъзи одамлар орасида меҳр-оқибат тушунчалари бир қадар кўтарилган, ҳатто яқинлари, дўст-биродарларига эътибор кўрсатиш учун фурсат тополмайдиган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлиб қоламиз.

Биз партиямиз фаолининг ташаббуси билан амалга оширилаётган хайрли ишлар тўғрисида кўп бора эшитганмиз. “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” мақолига амал қилиб иш кўрадиган Фурқат Қаландаров бу ҳақда гапиришни истамади. Шундан сўнг Бектемир туманидани 574-кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасаси томон йўл олдик.

– Бу ерга асосан 2 та ташхис билан беморлар келади, шу болаларнинг аксарият қисмини даволатиш учун ҳомийлар ёрдамига эҳтиёж сезамиз, – дейди муассаса мудираси Доно Ортиқова. – Ўтган йили Янги йил арафасида болаларимиз учун O‘zLiDeP Бектемир тумани Кенгаши раиси ташаббуси билан байрам дастури уюштирилган эди. Фурқат ака болаларнинг соғлиги ва яшаш шароити билан яқиндан танишиб, юришга қийналадиган беморларимизни даволатишни ўз зиммасига олишини айтганди. Шундан сўнг муассасамиз тарбияланувчиси Даир Аҳмедовни жарроҳлик йўли билан даволатдик. Биз бундай саховатдан роса қувондик, айниқса, Даирнинг бувиси ва онасининг қувончини чеки йўқ.

Даирнинг биринчи орзуси меҳр-мурувватли инсонлар ғамхўрлигида амалга ошди. Бағрикенглик, оқибат туйғуси улуғланган тинч ва фаровон диёрда вояга етаётган Даирдек ёшлар маррани катта олиб, келажакда албатта юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,

“XXI asr” мухбири

Суратни Солижон ЗОИРОВ олган.