Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

So`ngi habarlar:
Biz tarmoqlarda:

Болам бахтли бўлсин, десангиз...

Болам бахтли бўлсин, десангиз...

 

Инсон бу дунёга келмасидан олдин онасининг жисми-жонида нафас ола бошлайди. Энг биринчи тинглаган мусиқаси онасининг юрак уриши бўлади. Ҳали ҳеч нарсани англамай туриб онасининг жисмини ҳис этади. Чақалоқнинг ёруғ дунёга келгандаги йиғиси она вужудини тарк этгиси келмаганидан, онанинг иссиқ бағридан айрилишни истамаганидан.

 

         Гўдак бу дунёга келиши билан онасига талпинади. Унинг учун она сутидан аълороқ озуқаси йўқ. Она ҳидидан ёқимли ҳид, алласидан азиз қўшиқ йўқ. Бу илоҳий боғлиқликка қандай путур етади? Қачон путур етади? Қандай пайдо бўлмоқда онасининг айтганини қилмайдиган болалар? Қаердан пайдо бўлмоқда мурғак қалбларда бобосининг, бувисининг фикрини инкор қилиш? Қондошларидан руҳан узоқлашиш, уларни соғинмаслик. Авваламбор, биз катталарнинг ўзимиз болаларимиздан узоқлашмаяпмизми?

Фарзандимиз бизга
халақит беради...ми?!

          Биз болаларсиз роҳат истаб қолдик. Кафе-ресторанларга болаларсиз боришни хоҳлаймиз. Меҳмондорчиликка болаларсиз боришни маъқул кўрамиз. Ҳатто қариндош-уруғникига болаларсиз боришни қулай сезамиз. Бола билан борсанг, мириқиб дам ололмайсан, бола гапни бўлади, бола маданий жойларда маданиятсизлик қилиши мумкин. Ҳоказо, ҳоказо...

         Шу тариқа фарзандларимизга кераклича вақт ажратмаймиз. Биргина онанинг ўзи ҳам ишлаб, ҳам рўзғор ишларидан ортиб, ўғил-қизига етарлича эътибор қилолмаслиги табиий. Бундай пайтда ота фурсат топиши зарур. Ота ёрдамга шошилмоғи керак. Бобо-бувилар кўмакка келиши лозим. Хорижда боласи “2” баҳо олган одам ишдан бўшаш учун ариза берар экан. Агар ўқувчи бир ойда баҳосини “5”га тузатса, отанинг иш ўрни ва ойлик маоши сақланар экан.

         Биз-чи? Фарзандларимиз дарсларини яхши ўзлаштиришига ёрдамлашиш учун етарли вақт ажратмоқдамизми? Мактаб билан боғланиб турамизми? Боламиз қайси фандан қийналаётган бўлса, ўша ўқитувчиси билан учрашиб маслаҳатлашамизми?

        – Оталарни мактабга жалб этиш, ота-оналар йиғилишига чақириш жуда қийин. Мажлисларга асосан оналар келишади. Ўқувчи дарсларни яхши ўзлаштирмаётганини кундалигига ёзиб юборсак, баъзи оталар ўғил болаларни калтаклайдилар. Ахир бу туришда мурғак қалбларни руҳан майиб қилиб қўйишимиз мумкин-ку. Ёмон баҳо олиб борса, бир ўқувчимни қўлини кўтартириб, уч соатлаб бурчакка турғазиб қўйишар экан, дейди – Сергели туманидаги 3-мактаб директори Нигора Жабборова.

         Болани жазолашдан олдин ўзимизни назорат қилсак бўлармиди? Ўзимизга савол берсак бўлармиди?

­q Сиз фарзандингиз ўқийдиган мактабга бир йилда бир марта бўлсаям борасизми?

­q Мактаб кутубхонасига кириб кўрганмисиз?

­q Нега сизнинг ўғил-қизингиз фан олимпиадаларида иштирок этмайди?

­q Мактаб ошхонасидаги таомларнинг қайси бири болангизнинг соғлиғига тўғри келади?

­q Нега фарзандингиз камгап, тенгдошларига қўшилмайди?

­q Нега ўғил-қизингиз спорт мусобақаларида фаол эмас?

­q Нега болангиз кейинги пайтларда жиззаки ва асабий?

­q Фарзандингизнинг мактабда дўсти йўқ. Нима учун?

­q Сиз шунчалар бандмисиз? Ёки ўз болангиз ўқиётган мактабга борсангиз, обрўнгиз тўкилиб қоладими?..

Кўнгилочар давраларга, гап-гаштакларга, бозорма-бозор юришга вақт топасиз. Синфдошу курсдошлар, ҳамкасблару дўст-жўралар учун вақт бор. Мактабга боришга эса фурсат йўқ. Бу адолатданми?

 

Билим ­– балогардон

          “Билим барча кулфатларга қалқондир”, деган экан Рудакий. Демак, ўғил-қизларимизга китоб ўқишни ўргатиш балолардан ҳимояланишни ўргатишдир. Бола эмаклай бош­лаганда иссиқда куйиб қолмаслиги учун “Бу жизза, ушласанг уфи бўласан, куясан”, деб тушунтирамиз. Мурғак буни кунба-кун англаб боради. Қўлини аста тегизиб кўриб, чойнакни қайта ушламайди. Ақлини таний бошлагач, электрдан, оловдан, сувдан эҳтиёт бўлишни ўргатамиз. Нега китоб ўқишга, ҳалокатдан ҳимояланишга ўргатмаймиз? Тўғри, бу оғир иш. Кетмон чопишни ўргатиш осондир, камон отишни, қўшиқ айтиш, рақсга тушишни ўргатиш осондир, аммо китоб ўқишни ўргатиш мушкул. Бу борада оила ва мактаб ҳамкорлиги жуда зарур. Мактабда шакллантирилаётган кўникмалар оилага бориб бой берилаверса, бирор натижага эришиб бўлмайди. Ўқувчини ҳар икки томон назоратда ушлаши шарт. Ҳа, мураккаб йўл босиб ўтилиши учун тарбиянинг барча усуллари қўлланиши зарур. Фақат болани бездириб қўймаслик шарти билан. Ушбу жараёнда ота-онадан фидойилик талаб қилинади. “Ўқитувчига давлат маош тўлайди, ўқитиш унинг вазифаси”, дейдиганлар ҳам учраб туради. Муаллимлар ўқувчиларга сабоқ бергани учун, масалан, бир фандан ўн йил, бошқа фандан саккиз йил маош олади. Бола эгаллаган билим эса ота-онасига умрбод хизмат қилади. Кексалигига фароғат, умрига мазмун беради.

          Ақлли одамлари кўп юрт қудратли бўлишини барчамиз яхши биламиз. Президентимиз халқнинг китобхонлик маданиятини оширишни давлат даражасидаги масала деб қарорлар қабул қилмоқда. Бу қарорларнинг ижроси ҳар бир оилага зиё олиб киради. Ҳар бир инсоннинг умр йўлини мунаввар айлайди. Юртимиздаги барча оила бошлиқлари ҳам юртбошимиздан улгу олиб, ўз муқаддас салтанати ­– хонадонида маърифат ҳомийси бўлмоғи шарт. Уйига бир дона китоб олиб келмайдиган одамлар бор. Китоб кирмайдиган оила қандай оила бўлади? Бугун китоб дўконига бормайдиган ота-она эртага боласидан нима кутади? “Китоблар донишмандликни ёйиш қуролидир”, дея уқтиради Ян Коменский. “Ҳар куни жаҳоннинг энг донишманд кишилари билан мулоқотда бўлишдан кўра қимматлироқ нима бор?” деб сўрайди Лев Толстой.

 Бундан бошқа ЙЎЛ борми?

            Муҳтарам ота-она, фарзандингизнинг ўқишларини назорат қилишга вақт топинг! Унинг ўзлаштириши қийин бўлган фанларини аниқланг. Болани жазолашга, ўқитувчини айблашга шошилманг. Сабр билан ёндашинг. Болага фикр­лашни ўргатинг. Ўзини англашига ёрдам беринг. Кучига ишонтиринг. Ҳозир ўғил-қизларимизга вақт ажратмасак, келажак бизни кечирмайди. Ҳозир фурсатни қўлдан бой бериш кексаликда хорликда умр кечиришга рози бўлишдек гап. Телевизор қаршисида, мантиқсиз сериаллар ҳаётида тентираб, интернет чангалзорида сайр этиб, кўнгилочар давраларида чаҳ-чаҳлашиб исроф қилинган вақт эртага биздан аёвсиз ўч олади. Фарзандимиз йиллаб олий ўқув юртининг эшигидан бош эгиб қайтаверади. Бирор жойда иши юришмайди. Амал-тақал уйли-жойли қиларсиз ҳам, ундан кейин-чи? То куч-мадордан қолгунингизча оиласини ҳам боқарсиз. Сиз ҳам темир одам ёки очилдастурхон эмассиз. Бир кун ҳолдан тойиб йиқилсангиз, ёнингизда суяб қолувчи куч йўқлигини ҳис этиб яшашни ўзи оғир. “Олтмиш ёшдан кейин қандай яшашинг ва қанча яшашинг болаларингга боғлиқ”, деган донишмандлар. Шу боис бугун мактабга шошилинг! Устоз ва мураббийлар билан ҳамсуҳбат бўлинг, уларга қанот бўлинг. Зеро, бундан бошқа йўл йўқ.

           Ўн-ўн беш йил бирпасда ўтиб кетади. Фарзандларига бугун вақт ажратган, улар билан астойдил шуғулланганларнинг ошиғи олчи бўлади. Болалари нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга киради, оламшумул ютуқларга эришади, ота-оналарининг армонларини ушалтиради. Уларнинг доим омади чопади. Ўша омадли бола сизнинг болангиз бўлсин. Ўша омадли бола менинг болам бўлсин. Ўша омадли бола келажаги буюк Ўзбекистонинг боласи бўлсин, илоҳим!

 Зулфия МЎМИНОВА