Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“БОҚИЙ ЎЗБЕКИСТОН СИЗГА ҲАМ ЁДГОР”

“БОҚИЙ ЎЗБЕКИСТОН СИЗГА ҲАМ ЁДГОР”
Халқимизнинг суюкли шоири Абдулла Орипов бундан роппа-роса чорак аср аввал атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов хотирасига бағишланган шеърида ана шундай ёрҚИН сатрларни бежиз битмаганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
 
Йиллар, асрлар ўтаверади. Лекин кўҳна тарих саҳифасида ҳар қандай талотумли, долғали даврларда ҳам ўз халқига эзгулик улашган инсонларнинг савобли ишлари, ўлмас номлари абадиятга дахлдор бўлиб қолаверар экан. Бу оддий ҳақиқат исботини куни кеча Ўзбекистон аталмиш жаннатмонанд диёримизда тобора бунёдкорлик касб этаётган шаҳар – Жиззахда беназир шахс Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган шукуҳли тантаналарда яна бир бор кўрдик.
 
 
 
Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидовнинг халқимиз манфаатлари йўлидаги улкан хизматларини бирма-бир таъкидлар экан, бу донишманд, бағрикенг ва олижаноб зотнинг энг мураккаб замонда ҳам сал кам чорак аср давомида респуб­ликамизни бошқариш баробарида умрининг сўнгги лаҳзасига қадар ўз халқига, соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб яшаб ўтганига алоҳида урғу берди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу пурмаъно эътирофи замирида истиқлол даврида туғилиб вояга етаётган навқирон фарзандларимиз қалбида халқимизнинг ана шундай улуғ сиймоларининг муборак номларини қадрлаш туйғусини тарбиялаш, қолаверса, улар босиб ўтган залворли умр йўлларини ҳар лаҳза ёдда тутиб яшашга даъват этишдек эзгу ғоя ётибди.
Тантанада қатнашган ижодкор зиё­лилардан бирининг самимий эътирофини эшитинг: “Кўзларимга ишонмадим, бундан бир ярим йилча олдин Жиззахга келувдим-да. Халқимизнинг ҳақиқий бунёдкорлиги намунаси эмасми бу! Қаранг, бир йил ичида шаҳар маркази бутунлай ўзгариб кетибди. Муҳташам ёдгорлик мажмуаси, олтин кузнинг ўртасида ям-яшил либосга бурканган майдондаги оҳанраболи манзаралар, равон кўчалар, замонавий иншоотларни кўриб қувондим. Айниқса, ўзбек адабиёти, шеъриятида ўзларига муносиб “ҳайкал” яратиб кетган Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг мафтункор, гўзал сиймолари акс этган ҳайкаллари ҳақиқий санъат асари бўлибди, десам янглишмайман. Буларнинг бари муҳтарам Президентимизнинг оқилона ташаббуслари туфайли эканлигига шубҳам йўқ!”
Шу ўринда Шароф Рашидовнинг жигарбанди, укаси, профессор Асил Рашидовнинг “Давлатимиз раҳбари, бутун халқимиз акамизга шундай юксак эъзоз ва эҳтиром кўрсатаётганига, шу кунларга етказганига шукрона айтаман. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги қарорини ўқиб, бир неча йилларга ёшариб кетгандай бўлдим. Акамиз вафотидан сўнг “оқ пахта”нинг “қора меҳнат”ида тобланган халқимиз кучли таназзул ботқоғида қолгани, бир умр меҳнат қилиб косаси оқармаган кўп одамлар туҳмат ва ноҳақликларга учрагани, уларнинг аксарияти емаган сомсасига пул тўлагани бор гап. Ўша суронли йилларда биз, “рашидовчилар” ҳам юз йилга қариб кетгандик. Аммо тун қанча чўзилмасин, ортидан балқиб тонг отиши ҳам ҳақиқат. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов адолатни тиклаган кунларни эсласам, ҳозир ҳам кўзим намланади”, дея чин дилдан айтган дил сўзларини ўқиган, эшитган қайси қалб титроққа тушмайди?
Халқона айтганда, ҳақиқат минг бора эгилса-да, барибир синмаслигини бугун биз фахру ифтихор билан тилга олаётган Шароф Рашидов тақдири яна бир карра исботлайди. Шу баҳонада бир қизиқ, унутилмас воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўша машъум, юртимиз узра “қора кўланкалар” хавф солаётган йиллари ёшлар газетасида ишлардим. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон билан суҳбат уюштирмоқчи бўлиб ҳузурига бордим. Ўшанда қалби ҳамиша уйғоқ шоир гурунгимиз орасида Шароф ота ҳақида хўрсиниб сўзлагани, давлат ишлари билан ҳар қанча банд, вақти тиғиз бўлса-да, фурсат топиб, истеъдодли қаламкашларнинг ижоди ва ҳаётини кузатиб, уларни ҳам руҳан, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани ҳақида тўлқинланиб гапиргани ёдимда. Омон Матчон суҳбатимиз ниҳоясини маҳзун оҳангда шундай тугатган эди: “Ҳа, фақат шахсларнинг ҳаёти доим қарама-қаршиликларга бой бўлади. Шароф Рашидов ким эди? Ғоят мураккаб тақдир соҳибими ё самарасиз давлатдан самар излаган бошлиқмиди? Нега икки дарё оралиғига ўтиб жон тас­лим этди? Саволлар кўп, жавоблар... Яқинда тугатган “Нега мен?!” номли янги достонимнинг бир бобида шу масалага ҳам озроқ тўхталдим. Бир парча ўқиб берсам, майлими:  “Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг, Амир ҳам ўз кишинг, хон ҳам ўз кишинг, Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг, Нечун парвоналар оташга тушди. Шунча сабоқ етар! Ўзингга ишон! Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон! Сўнгги бор ўз ўғил-қизингга ишон! Бугун шулар сени ўйлашга тушди!”.
Ҳуррият, мустақиллик неъматлари бисёр бўлар экан. Бугун биз бу улуғ саодат манзилларидан дадил одимларканмиз, халқимизнинг маънавий дунёсини бойитишга қодир бебаҳо бойлигимиз ­– эл севган буюк зотлар хотирасини улуғлаш, азиз номларини қадрлашдек савобли ишларга мамлакатимизда давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Жонажон Ватанимиз тарихида шарафли номи ва ибратли ҳаёти билан муносиб из қолдирган қалби дарё инсон Шароф Рашидовнинг ўлмас хотираси абадиятга дахлдор десак арзийди.
Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик эканининг ҳаётий исботи аслида шу эмасми?
 
Норқобил ЖАЛИЛ