Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бош прокуратура фаолияти янада очиқроқ бўлади

Бош прокуратура фаолияти янада очиқроқ бўлади

Бош прокуратура фаолияти ОАВ учун, фуқаролар мурожаатлари учун янада очиқроқ бўлади. Бу ҳақда махсус ташкил қилинган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев баёнот берди деб хабар қилмоқда Халқ сўзи нашри.

Ҳаракатлар стратегиясининг 2018 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастуридаги 231 банддан 45 таси қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-тергов фаолиятини янада ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялашни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган. Прокуратура органлари Давлат дастурини ижро этиш, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни сақлаш йўлида чоралар кўрмоқда.

Сўнгги пайтларда Бош прокуратура ишида қандай ўзгаришлар юз берди?

Ўтган йил 18 апрелда қабул қилинган Президент Фармонига мувофиқ, прокуратура органлари ходимларининг масъулияти кучайтирилди. Фаолиятининг бош мазмуни электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро ишлари тизимини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курслари Бош прокуратура академиясига айлантирилиб, изчил тизим доирасида прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланадиган бўлди. Тўққизта янги бошқарма тузилди. Хусусан, ёқилғи-энергетика комплексида, молия-банк соҳасида, солиқ ва божхона соҳасида, транспорт, қурилиш ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари соҳасида, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси ва бошқа ижтимоий соҳаларда қонун ҳужжатлари ижроси устидан назорат, тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, Президент қарорлари ижроси устидан назорат, прокурорнинг маъмурий суд ишларини юритишда ваколатларини таъминлаш, терговни услубий жиҳатдан таъминлаш каби бошқармалардир.

Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил қилинди. Яқиндагина эса Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси таъсис этилиб, уруғларни сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларининг тегишли ҳажмларда шакллантирилиши устидан назорат қилиш, дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари сифатини текширувдан ўтказиш унинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Халқ билан мулоқот қандай йўлга қўйилган?

Шубҳасиз, бу фуқаролар мурожаатлари. 2017 йилнинг ўзида Президент виртуал қабулхонаси орқали прокуратура органларига 144 мингдан зиёд ариза ва шикоятлар йўналтирилди ва уларнинг 138 мингдан ортиғи ҳал этилди. Бундан ташқари, жойлардаги қабуллар давомида 10 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари тингланди, уларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар, муаммони ечишда кўмак берилди.

Ўтган йилнинг август ойидан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарлар комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тўртта секторга бўлинди. Ҳоким, прокурор, солиқ ва ички ишлар бўлимлари раҳбарлари ўзига белгиланган ҳудудни назорат қилади. Ўтган йил натижаларига кўра, прокурор ҳудудларида 70 мингга яқин ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли амалий ёрдам кўрсатилди, 4539 та тадбиркорлик субъектига ўз фаолиятини тиклашда кўмак берилди, бунинг натижасида эса 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилди.

1007 телефон рақамлари орқали мурожаатларни қабул қилиш call-Маркази ҳам самарали ишламоқда. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашни мустаҳкамлаш бўйича ташкилий-таҳлилий гуруҳ билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш имконияти яратилган.

Жиноятчиликка қарши кураш қай даражада самарадор?

Жиноятчиликка қарши курашда жиноятларнинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этиш асосий вазифа қилиб белгиланган. Ўтган йил давомида идоралараро тезкор-қидирув гуруҳлари томонидан 5187 та оғир ва ўта оғир жиноятларни очишга муваффақ бўлинди. Талончилик, босқинчилик ва ўғирлик билан шуғулланган ўндан ортиқ жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди.

Бош прокуратуранинг Жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Икром Искановнинг таъкидла

шича, бир ярим йил ичида 434 инсонни оқлаш ва айбини тўла олиб ташлашга муваффақ бўлинди. Статистикага кўра, 2016 йилгача бўлган охирги ўн йилда бутун мамлакат бўйича 32 киши оқланган эди холос. Суд тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш ана шу натижага эришиш учун хизмат қилди. Ҳозирги пайтда барча суд мажлисларида прокурорлар иштирок этмоқда, зарур ҳолатларда асоссиз суд қарорларини бекор қилиш юзасидан протест киритишмоқда.

Қонун ижодкорлигида иштирок қандай?

Бош прокуратура томонидан жиноят қонунчилигини либераллаштириш ва унга инсонпарварлик ғояларини сингдиришга қаратилган катта ҳажмдаги қонун ижодкорлиги олиб борилмоқда. Жумладан, айни пайтда Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларининг янги таҳрирлари ишлаб чиқилмоқда.

— Тан олиб айтиш керакки, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларининг ҳозир амалда бўлган таҳрирларида олдинги тоталитар режимдан мерос бўлиб қолган нормалар ҳамон мавжуд, — дейди Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Муҳамедов. — Сўнгги ўн йил ичида уларга ўзгартишлар киритилди, бироқ уларнинг асосий қисмга тааллуқли жойи йўқ. Фуқаролар мурожаатларининг мониторинги шуни кўрсатмоқдаки, ҳар иккала кодексни янги таҳрирда қабул қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида самарали механизмлар ишлаб чиқиш вақти келди.

Матбуот анжумани якунида ОАВга Бош прокуратура расмий веб-сайтининг янги кўриниши таништирилди. Фуқаролар учун мурожаат йўллаш имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, янги веб-сайт журналистлар учун ҳам прокуратура органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тезкорлик билан олиш имконини беради. Янги ташкил қилинган Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ҳам Бош прокуратура иш фаолиятининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади. Марказ аҳоли орасида алоҳида ижтимоий қизиқиш уйғотган долзарб мавзуларда ахборот-таҳлил ва медиа материаллар, батафсил шарҳлар тайёрлаб, эфирга, матбуот нашрларига ҳамда интернетга бериш билан шуғулланади. Мультимедиа маркази ўз иш фаолиятида энг сўнгги технологиялар ва креатив ёндашувдан фойдаланаётганини таъкидлаш жоиз.

Ўз навбатида, журналистлар ҳам Бош прокуратура билан мулоқотни яхшилаш бўйича ғоялар бердилар. Хусусан, тезкор маълумотларни олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун “Телеграм” тармоғида махсус канал очиш таклифи билдирилди.

Сайёра АЗИМОВА

 

фото: Халқ сўзи