Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Бошида оз эди, энди 1 миллион 200 тага етди

Бошида оз эди, энди 1 миллион 200 тага етди

             Каттақўрғон туманида фаолият юритаётган “Каттақўрғон жайҳуни” фермер хўжалиги қарийиб ўн йилдан бери балиқчилик билан шуғулланиб келади. Илк йиллари камроқ майдонда ва озроқ балиқ парвариш қилган хўжалик меҳнаткашлари, бугунга келиб илғорликка эришди. Бунга ўз-ўзидан етиб келмади, албатта. Ҳукумат даражасида соҳага қаратилган эътибор бизга жуда қўл келди, дея суҳбатни бошлади хўжалик раҳбари.

             – Дастлабки йиллари 5 гектар майдонда 200 000-300 000 та балиқ етиштирган бўлсак, йилар давомида соҳага бўлган эътибор туфайли майдонимиз кенгайиб, кўрсаткичларимиз ҳам ошиб борди,-дейди фермер хўжалиги эгаси Собир Йўлдошев. – Кейинги йилларда ҳудудимиз 22 гектарга етиб қолгани сабабли ховузларга 1 млн. 200та балиқ човоқлари ташлаб, парваришлаяпмиз. Очиғини айтсам, биринчи йиллари балиқ човоқларини Тошкентдан шу соҳа билан шуғулланувчи корхоналардан сотиб олиб келар эдик, йўлда кела-келгунча нобуд бўлганларини кўриб кўнглим вайрон бўларди. Ўйлаб-ўйлаб човоқлар урчитишни ўзимиз йўлга қўйишга қарор қилдик. Шу мақсадда Туркия ва Ветьнам мамлакатларига бориб, балиқ уруғчилиги сирларини ўрганим. Малака ошириш иш берди. Бугунга келиб балиқчилик билан бирга балиқ уруғларини етиштириб, нафақат вилоятимиз, балки қўшни Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари фермер хўжаликлари ва аҳолисига етказиб бераяпмиз.  

            Шу ўринда айтиш лозимки, жорий йил Президентимиз қарори асосида ҳар бир вилоятда балиқчилик уюшмалари ташкил этилди. “Каттақўрғон жайҳуни” ҳам шу уюшмага аъзо бўлиб, хўжаликка балиқ етиштириш учун Оқдарё сув омбори бириктириб берилди. Шу кунларда иш қизғин. Бир томонда хўжаликда меҳнат қилаётган 20 нафарга яқин ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Хавзалар кўздан кечириш ва тозалаш, ем ишлаб чиқариш цехида соя, широт, кепак, буғдой уни омухтасидан балиқларга озуқа тайёрлаш, дегандай.

              Фермер бу ишларга бош-қош бўлиш билан бирга, Туркияда тажриба ўрганиб келиш учун Уюшма томонидан ташкил этилган сафарга ҳам тарадуд кўрмоқда. 

Муҳаббат  РАВШАНОВА,

“XXI asr”   мухбири