Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бошқаларга яхшилик қилолмаслик – бахтсизлик

Бошқаларга яхшилик қилолмаслик – бахтсизлик
“Дилором Каримованинг китоб хотимасида айтган бир гапига қойил қолдим. У ёзади: “Отамдан менга мерос бўлиб дард қолди!”. Дунё адабиётида бундай гап айтилганми-йўқми билмадим, лекин мен учратмаганман. Бу дард шунақанги дардки, унда бутун бир халқнинг, асрнинг дарди мужассам... “Пўртана” китоби мен учун кутилмаган фавқулотда адабий-бадиий ҳодиса бўлди”, дейди адабиётшунос Иброҳим Ғафуров.
Дилором Каримова! У қисмат юкининг залворини ҳис қилиш билан бирга, ўзга тақдирлар олдидаги масъулиятини ҳам бир зум бўлса-да, унута олмайди. Айни дамда ҳаётнинг зиддиятларию жамиятнинг шовқин-суронларига қарамасдан ўз руҳий оламидаги ички ҳурликни амал-тақал қилиб бўлса-да, асраб келаётган ўта камёб ШАХС. Бу Аёл фитратида Исён ва Таскин ажиб бир нуқтада кесишган. Машҳур актриса, иқтидорли режиссёрнинг инсоний ва ижодий қисмати ҳам мана шу чиғириқдан ўтди. Ва ўтаяпти ҳам... 
 
***
Ҳаётимни буткул театрга бағишлаш орзусида бўлганман. Оила қургач, масъулият кучайди. Болаларим, эрим, қайнота-қайнонам олдидаги бурч бўйнимга тушди. Буни бажармаслик инсонийликка зид эди. Хуллас, икки бойга бир малай ролини ўйнадим. Албатта, бу куйди-пишдилар халал беради, истаганингдек, санъатга ўзингни бахшида этолмайсан. Тўғри, болаларим қаровсиз қолмади, хўжайиним юпун кийимда юрмади, қайнотага қараган келин деган дуо олдим. Умрнинг жуда кўп қисми борди-келди, бор товоғим-кел товоғимга совурилиб кетди. Бундан ҳам руҳан, ҳам жисмонан қаттиқ чарчардим. Толиқиш ва асабларим бадалига шу бурчни адо этдим. Бундан завол топган санъатим бўлди.
 
***
Журналистдан қачон ранжимайман? Қачонки, унинг саволи фикрга йўғрилган бўлса, мени ўйлашга ундаса. Баъзан уларнинг гапи умуман фикрлатмайди. Нима деб жавоб беришни билмай қоласан. Масалан, “санъатда бахтингизни топдингизми”, ёки “бахт нима”, дейишадими-ей... Шунга ўхшаш сийқаси чиққан саволлар беришади. Фикр уйғотадиган ҳар қандай савол, мени ранжитмайди, гарчи танқидий руҳда бўлса ҳам...
 
***
Машҳур асарларнинг тарихи билан қизиқсангиз, баҳаво айвонларда, гулу гулзорлар қўйнида, булбул хониш этиб турган маҳалда, илҳом парилари қуршовида ёзилмаган. Николай Островский романини ўлим тўшагида ёзган, Ойбек домла бошида ойболта ялтираб турган маҳалда, ўттиз еттинчи йилда “Қутлуғ қон”ни, уруш йиллари, оч қоринда “Навоий” романини ёзган. Яна Шукшинни кўп эслайман, каталакдек уйда яшаган. Дурдона ҳикояларини ҳамма ухлаганда ошхонага чиқиб ёзган. Кундузи роль ўйнайди, фильм сценарийларини ўйлайди, тунда кичкина одамларнинг катта ғамларини яшайди. Хуллас, ташқи бесаранжомлик, ички беҳаловатликка таъсир қилолмайди.
 
***
Шукронаю мадҳлар билан ҳаёт ҳақиқатини кўрсатиб бўлмайди. Қолаверса, отажоним ундоғ эди, онагинам мундоғ эди, мен шундай зотларнинг фарзандиман, бахтиёрлигимдан ёрилиб кетаман, қабилида асар ёзишга уриниш театр­да ишлаган, драматургия билан таниш одам учун гуноҳ бўларди. Мени ҳайрон қолдирарди, совет киносидаги қаҳрамонлардан битта гард тополмасдингиз. Қадди-бастию юз тузилиши тўппа-тўғри. Бурни қийшиқ бўлмаслиги қонун эди. Кейинчалик чет эл фильмларини кўра бошлаганимда, Наполеон ва Елизаветалар менга кўпроқ таъсир қилди, дардларини ўзимники деб билдим. Уларнинг ҳаёти бутун нуқсонлари билан очиб берилган. Камчиликлар билан муваффақият битта нотада кўрсатилгандагина инсон нима учун ҳалокатга учрагани чиқиб келади. Отам ҳам бекордан бекор бу ҳалокатга қараб кетмадилар. У кишини ўз танлаган йўли шу оқибатга олиб борди. Жамият билан муроса қилолмай, қийинчиликлар исканжасида ичкиликка берилиб, тушкунликка тушиб қолдилар, булар ҳам оиладаги мўътадил иқлимнинг бузилишига олиб келди. Чунки ҳалол ойлик билан турмушни тебратиш ҳамма даврда қийин кечган. Бошқача бўлолмасдилар. Менинг мақсадим отамни оппоққина, кўркамгина, лўппигина намуна қилиб кўрсатиш эмас, у киши чеккан изтироб илдизини излаш эди. 
 
***
Сукут сақлаш қачон мардлик бўлиши мумкин? Шундай даврлар бўладики, тақдир инсонни қалтис вазиятларга ташлаб қўяди, сохта мулозаматлар орқалигина ўтаётган кунларинг учун товон тўлайсан. Агар шу гапни гапирмасанг, сенга жамиятда омманинг ҳаваси келадиган ўрин йўқ. 
Шахс ўзлигини ёлғонлардан асраш илинжида ҳам сукутга кетади. Табиийки, тўғрисини айтолмайсанми, ҳечқурса жим тур. Дунёдаги энг катта қаҳрамонлик ўзлигингни сақлаш, яъни ўзингни, туйғуларингни алдамасдан яшаш.
 
 
***
Фаррош ҳам ижодкор бўлиши мумкин, агар қилаётган ишига меҳрини бериб, сиз учун кайфият ярата олса. Ижод бу – яратиш. Айтайлик, ижодкор хаёл суриб турган қизда ғамни, ёлғизликни кўради. Бошқалар учун бу шунчаки ҳол бўлиши мумкин. Ёзувчи ва рассомларнинг омади шундаки, улар ўз асарлари, қаҳрамонларини мустақил дунёга келтира олади. Актёр-чи? Шунинг учун ҳам бу қисмат эгаларининг орасидан ичкиликка берилган, тақдири издан чиққан, руҳий касалликка чалинишга мойиллар нисбатан кўп учрайди. Айтадиган гапи, дардлари кўп... ҳатто одамларга муҳаббатини ҳам изҳор қилишининг имкони йўқ. Ички ёлғизлик актёрни емириб ташлайди. Уни туғилмасдан қолган “фарзанд”лари ўлдиради. 
 
***
Нега цивилизация даврида даҳолар чиқмайди? Бу табиий. Ҳозир бола туғилишиданоқ унга информация берилади: “бу тўғри, бу нотўғри”. У бечорага ўзининг ҳақиқатини излаш учун имкон йўқ. Бировларнинг мулоҳазаси билан яшайди, ўзи бош қотириши учун эса эҳтиёж ҳам сезмайди. Авваллари маълум бир адабиётшуноснинг хулосалари баён этилган ўқув қўлланмалар, сўнгра радио-телевидение, айни дамда компьютер... ташқи томондан келувчи фикр тазйиқида ҳеч кимга ўхшамаслик, яъни ўзига хослик йўқолиб кетяпти. Қолаверса, истеъдодни ўз еридан ажратиб бўлмайди. Олдин тўлалигича ўзбек бўлиб олишинг керак. Йўқса, “миллий ҳид”ни бир умр англолмай ўтиб кетасиз.
 
***
Онам фарзандларини ғалати бир ёввойи муҳаббат билан севарди. Бу севги бизни азоб­ларди. Врач бўлганлари учунми, у киши учун дунё микробдан иборат эди. Бизни эса ўзларича ҳамиша мана шу ёвуз душмандан ҳимоя қилардилар. Биласиз, бизнинг давримизда пахта сиёсат даражасига кўтарилган. Бўйин товлаш мутлақ мумкин эмас. Мактабда-ку минг бир томошалар билан пахтадан қолардим. Шундай дамларда ўзимни қаёққа қўйишни, атрофдагиларга нима деб тушунтиришни билмасдим. Барибир айтганларини қилдирардилар. Институтга кирдим. Яна пахта мавсуми бошланди. Онам: “Менинг қизим сил”, деганча машинанинг олдини тўсиб олганлар. Мени кўнглим қанчалик вайрон бўлса, атрофдагилар шунчалик ҳайрон. Шундай дамда менга фақат домлам Нина Ивановнанинг гапи далда бўлди: “Диля, у ОНА, cен уни кейин тушунасан!”. Гўёки мен шармандаликдан қутулгандай эдим. Домлалар ойимни бир амаллаб кўндирди. Машина йўлга отланяпти. Ўшанда ойим томонга қарасам, у киши қизларини пахтага эмас, урушга жўнатяптилар. Хавотир тўла нигоҳлари ёшга ғарқ бўлган.... мен билан видолашаётгандек... Йиллар онамнинг оғриғини менга кўчирди. Ўша ўз вақтида малол келган онам муҳаббати бугун менга етмаяпти.
 
Дилором КАРИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган 
маданият ходими