Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ботулизм касаллигининг давоси топилди

Ботулизм касаллигининг давоси топилди

Яқинда аниқланган нитрофенил псорален номли табиий бирикмани ботулизм касаллиги вақтидаги фалажликнинг юзага келиш эҳтимоллигини камайтирувчи восита сифатида қўллаш мумкинлиги аниқланди. Ушбу касаллик камдан-кам ҳолда учраса ҳам нерв системасини кучли зарарлаши билан маълум. Бу ҳақида халқаро "Applied and Environmental Microbiology" илмий журнали хабар бермоқда.

Ботулин нейротоксинлари инсониятга маълум бўлган энг хавфли заҳарлардан бири бўлиб, у анаэроб ботулин бактерияларининг (Clostridium botulinum) турли хил штаммлари томонидан синтез қилинадиган иммунологик жиҳатдан фарқли оқсилларнинг етти оиласидан (А-G турлари) бирига мансуб.

Ботулизм касаллиги асосан консерва маҳсулотларида кўпаядиган ботулин таёқчалари мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган вақтда юзага келади. У ниҳоятда хавфли бўлиб, одамнинг нерв тизимига, жумладан, узунчоқ ва орқа мияга жиддий шикаст етказади. Касалликнинг хавфлилик хусусиятларидан бири унга касалликнинг дастлабки босқичларида тахшис қўйишнинг қийинлигидадир. Ушбу хасталик билан оғриган беморларнинг 5-10 фоизи одатда вафот этади. Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили АҚШда ўртача 145 киши ушбу хасталик билан оғрийди. Ўтган йили Украинада ботулизмга чалинган 70 нафар бемордан 8 нафари вафот этган.

Ботулизм нафақат одамларга, балки бошқа кўплаб ҳайвонларга ҳам жиддий хавф солади. Тадқиқотларда ушбу бактерияларнинг каламуш, сичқон, товуқлар, бақалар, балиқлар, моллюскалар, калмарлар, қисқичбақалар, мева пашшалари ва зулукларни кучли зарарлаши аниқланган. Маълумотларга кўра, ҳар йили ушбу касалликдан 10 мингдан 100 минггача бўлган қушлар ҳалок бўлади.

"Ботулизм ҳар йили дунё бўйича 200 га яқин беморни ҳаётдан олиб кетади. У овқатдан заҳарланишнинг бошқа тури ҳисобланадиган салмонеллёздан кўра қимматга тушади. Ҳозиргача овқатдан заҳарланиш касалликлари орасида энг хавфли тури ботулизм бўлиб қолмоқда", дейди тадқиқот муаллифи, Дартмутдаги Истиқболли фан тадқиқотлари институти профессори Бал Рам Сингх.

Тадқиқот аввалида профессор Сингх ва унинг ҳамкасблари нейронларни зарарлаб фалажлайдиган ботулин нейротоксини таркибидаги ферментнинг тузилишини аниқлашди. Шундан сўнг улар 300 дан ортиқ ҳинд шифобахш ўсимликлари экстрактларидан ташкил топган намуналар ичидан ушбу нейротоксин фаолиятини ингибирлайдиган табиий ферментни қидиришди.

Тадқиқотчилар скрининг усулидан фойдаланган ҳолда ботулин нейротоксини фаолиятини кучли даражада тўхтатишга қодир бўлган нитрофенол псорален (НФП) бирикмасини аниқлашди. Шундан сўнг in vitro усулида лабораториядаги ҳужайралар намунасига ботулин нейротоксинлари орасида энг кучли зарарловчи А турини юқтирилади ва уларга НФП бирикмаси билан таъсир кўрсатилади. Натижада НФП инсон ҳужайрасини кучли зарарлаши кутилган А нейротоксинининг кучини сезиларли даражада камайтира олган. Шундан сўнг ушбу тажрибалар сичқон мускул ҳужайраларида қайтадан ўтказиб кўрилган ва айни ижобий натижага эришилган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашларича, псорален моддаси аллақачон АҚШдаги дори воситаларини тасдқиловчи FDA ташкилоти томонидан тасдиқланган. Бу эса нитрофенол псораленнинг (НФП) ҳам дори воситалари қаторига киритилиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам бериши мумкин.

"Turon24" ахборот агентлиги