Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бойбўта чиқиндихона эмас-ку!

Бойбўта чиқиндихона эмас-ку!
             "XXI asr" газетаси таҳририятига Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Янгиқўрғон” ҚФЙ Бойбўта қишлоғи фуқароларидан келган хатдан парча:
            “Қишлоғимиз этагидан ўтган Оқдарё бизни қўшни Иштихон тумани билан ажратиб туради. Соҳилнинг икки томонидаги қўриқ майдонларга маҳаллий аҳоли бола-чақаси билан келиб, балиқ овлайди, ҳордиқ чиқаради. Ёз кунлари чўмилиб, бўш вақтини мазмунли ўтказиб кетишади. Кейинги пайтларда соҳил ёқаларига қўшни туман ва қишлоқлар, айниқса, янгиқўрғонликлар томонидан экологик жиҳатдан нотоза бўлган ҳар хил чиқиндилар дарё соҳили ва унинг теварак атрофига улоқтириб кетилмоқда. Эски-туски кийим-кечаклар, шиша синиқлари, ўлик паррандаю қўй-сигирлар… суяклар ивирсиб ётибди. Бадбўй ҳид таратиб, тоза ҳавони ифлослантираётир. Дарёдан сув ичаётган чорва моллари ҳам касалланяпти. Шу ерда ўтлаган қорамоллар сутини, айниқса, болалар истеъмол қилганда оқибати аянчли бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Биз қишлоқ аҳолиси бу кимсаларни бир неча бор огоҳлантирдик, аммо… ҳамон аҳвол ўша-ўша. Атроф-муҳит тозалиги барчамиз учун муҳим. Сизлардан илтимос, ушбу масалада мутасадди раҳбарлар бизга амалий ёрдам кўрсатишса...”.
              Қишлоқ фуқаролари хат якунида ўз имзоларини қолдиришган.
              Муаммони ўрганиш учун Оқдарё томонга отландик. Қишлоқ оралаб, бирин-кетин уйларни ортда қолдирамиз. Муаммо марказига яқинлашганда майин эсаётган шамол бадбўй ҳидларни олиб димоғимизга уради. Ташландиқ ер майдони кўрингач, нафас йўлларимизни беихтиёр беркитамиз...
             Атрофга аланглаймиз: шилдираб оқаётган дарё, ундан нари қўшни Иштихон тумани, ортимизда – йигирма қадамча узоқликда қишлоқ. Сал нарида ёш яланглар чуғурлашиб молларини ўтлатиб юрибди.

            Бу ерда эҳтиёткорликни унутиб, оёқ остига қараб юрмасангиз, жароҳатланиш ҳеч гап эмас: шиша синиқлари, шифер қолдиқлари, тунука қийтиқлари… Kунжара еми ишлаб чиқарадиган қўлбола жувоз аппаратидан чиққан бадбўй ҳидли қора суюқлик, машина балонлари... Ҳақиқатдан ҳам аҳвол жуда ачинарли. Салкам бир гектар ер чиқиндихона. Боз устига, дарё ичида ҳам эски-туски кийимлар, ҳайвон терилари, пиёз пўсти, целлофан халталар сузиб юрарди.
            Қизиғи, чиқиндилар ичида минг­лаб ишлатилган шприцлар (игнаси билан), кичик ва катта ёшдагилар учун мўлжалланган қоп-қоп тагликлар уйилиб ётибди. Булар яқин ўртадаги қайсидир касалхонадан келтирилгани аниқ. Аҳоли-ку, ташкилотларнинг бу ишини оқлаб бўлармикан?
               Чиқиндихонадан таралаётган бадбўй ҳид ва заҳарли моддалар аҳоли соғлиғига зарар етказиши, дарёдан сув ичадиган чорванинг касалланиши, қолаверса, ер майдони яроқсиз ҳолга тушиб қолиши катта муаммоларга етаклаши тайин. Қолгани ўзингизга маълум.

             Бунча чиқиндини ким, қачон, қаердан келтирди, ҳайрон қоласан киши. Ташловчини кимдир кўрдими? Кўрган бўлса, индамадими? Шу пайт қишлоқ кайвониларидан уч-тўртови ёнимизга келди.
         – Чиқиндиларнинг аксар қисмини янгиқўрғонликлар келтириб ташлайди, – дейди 61 ёшни қоралаган
Аъзамхон Ҳамзаев. – Авваллари ўзлари тарафда катта бир чиқиндихона бор эди. Ниҳоятда чиқинди кўпайиб, оқибатда катта ер майдони ишловсиз қолиб кетганди. У ер тозаланиб, экин майдонига айлантирилгач, аҳоли истаган жойига – кўча-кўй, фермер хўжаликлари ерлари, экин майдонлари, ариқ ёқаларига пайт пойлаб, баъзида безбетларча ахлат чиқариб ташлай бошлади. Охирги манзил бизнинг қиш­лоқ бўлди. Бир-икки бор уларнинг таъзирини бердиму, аммо гапларим у андишасизларга кор қилмаяпти-да!..
         Энг қизиғи, “Янгиқўрғон” ҚФЙда яшовчиларнинг айримларидан бу ҳақда сўрасак: “Биз чиқиндиларни қаёққа олиб бориб ташлайлик, аниқ бир жой бўлмаса?”, деган жавобдан бошқа изоҳ эшитмадик. Дарҳақиқат, Аъзам бобо айт­ганидек, чиқиндихона (аслида, у ерда ҳам мумкин эмас) тозаланиб экин экилгач, ўрнига бошқа жой ҳозирланмаган.
        Билишимизча, бу атрофда махсус чиқинди ташлайдиган жой мавжуд эмас, аввал ҳам бўлмаган. Уларни ҳам тушунса бўлади, албатта. Шу ўринда савол туғилади. Хўш, аҳоли чиқиндиларини қаёққа ташласин?.. Янгиқўрғон ва унинг атрофидаги маҳаллалар зич жойлашгани ва аҳоли кўп эканини ҳисобга олиб, бу ерда чиқиндиларни ташлаш учун махсус ер ажратилиши ниҳоятда зарур. Аслида чиқиндини қайта ишлаш корхонаси ташкил этилса-ку, нур устига нур бўларди-я. Билъакс, аҳвол кун сайин ёмонлашиб бораверади. Аммо ташаб­бусни ким қўлга олади?
             Масала юзасидан бош қотириши керак бўлган мутасаддилар бу ҳолат билан танишми? Агар шундай бўлса, улар бу масаланинг ечими борасида қандай амалий чораларни қўллаган ёки энди қўлламоқчи?
            Оқдарё туман атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходими Жўрабек Умаров билан телефон орқали боғланиб, ушбу саволларга жавоб изладик. “Бир неча бор бу масалада амалий чораларни қўлладик. Маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш, тозалаш ишларини ҳам бажариб келаяпмиз”, деди у. Саволларимиз юки босдими, билмадик, Жўрабек Умаров: “Биз бир оддий бўлиммиз, холос, яхшиси, вилоятга телефон қилинг. Улар барча саволларингизга жавоб беради”, дея суҳбатни қисқа қилди. Ўйлаб қоласан, киши, ёнидаги аҳолининг турмуш тарзидан хабардор бўлмаган мутасаддидан ўтиб вилоят ходимлари бизга дурустроқ жавоб бера олармиди?! Бемасъул масъулнинг мужмал гапидан бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмагандир, деган ўй ўтди хаёлимиздан.
           Туман ДСЭНМ маркази врач ёрдамчиси Обид Умрқулов билан бoғланганимизда эса бу муаммо ҳақида умуман хабардор эмаслигини, масала юзасидан ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаганини таъкидлади. Қизиқ, ҳозир бирор мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирадиган замонми?! Туманнинг ҳар бир бурчагини назорат қилиш, хабар олиш, муаммоларни аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш, фуқаролар дардини тинглаш, амалий ёрдам кўрсатиш мутасаддилар вазифасига кирмайдими?
            Аҳолида экологик маданият тушунчаси етарлича шаклланиб улгурмаган. Табиатни асраб-авайлаш, экологик муаммоларга қарши курашиш нари турсин, атроф-муҳитга совуққон муносабат оқибати эртага нима бўлиши ҳақида ҳам ўйлаб кўришмаяпти. Қўшни қишлоқлардан чиқиндиларини олиб келиб, Бойбўта қишлоғи этагига ташлаб кетаётган одамларга шундай савол бермоқчимиз: сиз кимнинг уйини ахлатхонага айлантиряпсиз? Шубҳасиз, бойбўталикларни ҳам оқлаб бўлмайди. Ҳовлингиз, эшигингиз остига биров чиқинди ташлаб кетса, жаҳлингиз чиқади. Шундай эмасми? Балки, масаланинг таг замирида лоқайдлигингиз ётгандир? Оилангизни ҳимоя қилганингиз каби, қишлоғингизни ҳам асраб-авайлаш зиммангизда эканини унутманг! 
   
         Мавзу юзасидан тайёрланган видеороликни  faсebookдаги саҳифамиз (Asr Gazetasi) ва telegram каналимиз (@XXIasrofficial) орқали кўришингиз мумкин.
Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,
“ХХI asr” мухбири