Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БОЙЛИКНИ ОЛИСДАН ИЗЛАМАНГ

БОЙЛИКНИ ОЛИСДАН ИЗЛАМАНГ

Қарши туманидаги Сарой қиш­лоғи аҳолиси иссиқхоналарда сабзавот ва цитрус мевалар етиштириш бўйича бутун воҳага намуна бўляпти. Қишлоқдаги хонадонлардан йилнинг исталган фаслида помидор, бодринг ёки кўкатларни харид қилишингиз мумкин. Тиниб-тинчимас оилавий тадбиркорларнинг томорқа хўжалигини ривожлантириш йўлидаги мазкур саъй-ҳаракатлари боис ҳудудда иссиқхона йўналиши тобора ривожланяпти. Масалан, эндиликда тиббиёт учун ноёб дорилар тайёрлашда ишлатиладиган папаяни хориждан келтириш шарт эмас.

Қарши туманининг Сарой қишлоғидаги 1 120 та хонадонда 5 365 фуқаро истиқомат қилади. 400 га яқин ҳовлида оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилган. Тикувчилик, қандолатчилик, дурадгорлик, чорвачилик, тандирчилик билан шуғулланаётганлар кўп. Юзга яқин хонадонда эса иссиқхоналар ташкил этилган.

Илҳом Бегнаев оилавий тадбиркорликни йўлга қўйганига кўп вақт бўлгани йўқ. Меҳнаткаш йигит қисқа фурсатда оила аъзолари учун мўл даромад манбаи яратишга муваффақ бўлди. 4,5 сотих майдонга помидор экиб, 15 миллион сўм соф фойда олди. Айни пайтда иссиқхонасидаги бодринг ҳосилга кирмоқда. Янги йилгача бодринг ҳосили йиғиштириб олингач, тағин помидор ниҳоллари қадалади. Қўшимча 8 сотих ерда ҳам янги иссиқхона ташкил этиб, бодринг кўчатлари экилди. Оилада чорвачилик, беданачилик ва паррандачилик йўлга қўйилган. Тадбиркор 5 гектар ер олиб, асаларичилик ва сутни қайта ишлаш цехи қурмоқчи.

– Дастлаб озроқ ерда тажриба сифатида бод­ринг ва кўкатлар етиштирдим, – дейди у. – Қизиқишим ортиб, кейинги йили молларимни сотдим-да, 4,5 сотих майдонда иссиқхона қурдим. Кўпчилик бу ишимга ишончсизлик билан қаради. Чунки биз яшайдиган ҳудудга оқар сув келмайди, қолаверса, табиий газ йўқ. Ана шундай шароитда таваккал қилиш ҳазилакам гап эмас. Иссиқхонани кўмир билан иситамиз. Суғориш учун ҳар бир машина сувни 30-40 минг сўмга сотиб оламиз. Лоақал оқар сув бўлганда ҳам бизга анча енгиллик бўларди. Билишимча, иссиқхона барпо этган оилавий тадбиркорларга кўмир имтиёзли нархларда берилиши керак. O‘zLiDeP фаоллари, депутатлар ана шу масалалар ечими бўйича иш олиб бораётгани бизни қувонтиряпти. Туман партия Кенгаши томонидан ташкил этилаётган тадбирларда мунтазам қатнашиб, касб-ҳунар коллежларини битирган, уюшмаган ёшларга тадбиркорлик фаолиятим ҳақида сўзлаб беряпман. Қишлоғимиздан 10 нафар йигит-қиз хонадонимизга келиб, иссиқхонада сабзавот етиштириш сирларини ўрганишяпти.

Шу қишлоқда яшовчи Фозил Сафаров ҳам 4 сотих иссиқхонасига редиска, турли хил кўкатлар, карам, булғори қалампири, бодринг экиб, йилига 4 маротаба ҳосил оляпти. Соф фойда йилига 20 миллион сўмдан ошяпти. У даромадига банкдан оладиган 15 миллион сўм кредитни қўшиб, иссиқхонани 10 сотихга етказиш мақсадида иш олиб боряпти.

– Оиламизда ҳар бир кишининг бажарадиган юмуши бор, – дейди томорқасидан унумли фойдаланаётганларнинг яна бири Нурбек Йўлдошев. – 16 сотихли иссиқхонамиздан ҳар йили 40 миллион сўмдан ортиқ соф фойда оламиз. Шу кунларда бодрингни териб, бозорга чиқаряпмиз. Иссиқхонамизда оила аъзоларимиздан ташқари яна 8 нафар ёш меҳнат қиляпти. 10 миллион сўм кредит эвазига иситиш тармоғини янгилаяпмиз. Оиламиз 400 метр йўлни асфальт қилиш, шўрни йўқотиш учун дренажлар қазиш ишларига ҳомийлик қилди. Муаммолар ҳам йўқ эмас. Иссиқхонамизни тезак билан иситамиз. Совуқ кунларида етарли ҳарорат ҳосил қилиш мушкул. Шу боис цитрус меваларни тез-тез совуқ уриб кетиб, меҳнатимизга куйиб қолаяпмиз. Биздан 3 километр нарида табиий газ бор. Аммо уч йил бурун “чириб, яроқсиз ҳолга келди” деб, қувурларни кесиб олиб кетишди. Табиий газсиз жуда қийналаяпмиз. Туман ҳокимлигига газдан фойдаланишга рухсат беришларини сўраб мурожаат этдик, натижа бўлмади.

– Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури юртдошларимиз ҳаётини янада яхшилашга имкон яратяпти, – дейди O‘zLiDeP Қарши туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, туман Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи раҳбари Дилшод Турсунов. – Бугун ўз меҳнати билан даромад топишга интилаётган фуқаролар сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш ва молиявий кўмак бериш партия депутатлари ва фаоллари олдида турган энг долзарб вазифадир. Туманимизда уюшмаган ёшлар ва уйда ўтирган хотин-қизларни иш билан таъминлашда касаначиликка ҳамда кичик ишлаб ишлаб чиқариш субъектлари, хусусан, ҳунармандчилик, тикувчилик, ихчам иссиқхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Суҳбатдошимиз қайд этганидек, тажрибали тадбиркорлар маҳалла ва қишлоқлардаги ўз бизнесини бошлаётган ёш оилаларга бириктириляпти. Депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари фаоллари мунтазам равишда хонадонларда бўлиб, аҳоли бандлиги ва турмуш шароити билан яқиндан танишиб, таҳлил қилиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга яқиндан кўмаклашмоқдалар. Шунингдек, ўттизга яқин илғор томорқачининг тажрибаси туман аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда. Пешқадамлар ўз ишини энди йўлга қўяётганларга деҳқончилик, чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик ва бошқа йўналишлар бўйича тажрибаларини ўргатишяпти. Депутатлар, партия фаоллари иштирокида ҳар бир ҳудудда йиллар давомида шаклланган бизнес турлари оммалаштириляпти. Масалан, Қоратепа қишлоғида қуёнчилик билан шуғулланадиган оилалар кўпчиликни ташкил этади. Сохтапиёзлик боғбонлар эса мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириш ҳадисини олган. Талликуронликлар Қарши шаҳри ва унинг атрофидаги туманлар бозорларини йил давомида кўкат билан таъминлашади.

Дарҳақиқат, Қарши туманида томорқадан самарали фойдаланаётган оилалар сони кун сайин ортмоқда. Партиямиз эса уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан хонадонларни оқар сув билан таъминлаш учун артезиан қудуқлар қазиб бериш юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборилди. Томорқа ерларининг шўрланиши олдини олиш учун зовурларни тозалаш, “Ўсимликлар клиникаси” фаолиятини жонлантириш, муҳтож оилаларга парранда, қуён, чорва моллари харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш, уларга уруғлик, дарахт кўчатлари, минерал ўғит олиб беришга ёрдамлашиш бўйича сафдошларимиз томонидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилаётир.

Сайфулла ИКРОМОВ,

 “ХХI asr” мухбири