Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Бойвачча” ўқувчилар ёки мактабда ўқийдиган фарзандингизга қанча пул берасиз?

“Бойвачча” ўқувчилар ёки мактабда ўқийдиган фарзандингизга қанча пул берасиз?

Сўнгги вақтларда ўғлим уйга турли хил ширинликлар олиб келадиган бўлиб қолди, — дейди қўшним. — Мен унга кундалик харажатлар учун берган пулга ортиқча нарса олиб бўлмайди. Сўрасам, ўртоғим олиб беряпти, деди. Эртасига ўртоғини чақириб, пулни қаердан олаётганини сўрадим. Қўрқа-писа; “Ойим беряптилар”, деди. Ўқитувчига учрашиб, боланинг ота-онаси билан гаплашишини сўрадим. Маълум бўлишича, бола пулни уйдан сўроқсиз оларкан.

 Фарзандимиз дунёга келганидан бошлаб тўғри тарбия беришга ҳаракат қилар эканмиз, унга яхшини-ёмондан ажратиш, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликдан то ёлғон сўзламасликкача уқдирамиз. Агар нуридийдамизнинг онгини ёруғлик билан тўлдира олсак, бу сабоқларга у умрининг охирига қадар амал қилиб яшайди. Зеро, ота-она тарбияси бола учун умри давомида биринчи ва ҳал этувчи  ибрат бўлиб қолади.

— Бола кўпгина тарбия мезонлари қатори, пулга қандай муносабатда бўлишни ҳам аввало ота-онадан ўрганади, — дейди психология фанлари номзоди дотсент Одина Отажонова. — У пулнинг нималиги-ю, қандай ишларга қодир эканини тушунгандан сўнг қизиқиши ортади. Келажакда инсоннинг пул билан қандай муомалада бўлиши, болалигидан олган тушунчаларга  боғлиқ. Аввало, унинг меҳнат орқасидан келиши ва уни қандай вазиятларда тежаш кераклигини англаб етиши зарур. Баъзи ота-оналар пул орқали ўз меҳрини кўрсатмоқчи бўладилар. Аслида, унга пул ҳаётий эҳтиёж эканлигини тушунтириш жоиз.          

Фарзандимнинг дарсдан чиқишини кутиб, атрофни  кузатаман. Ўқувчиларнинг қўлидаги даста-даста пулларни кўриб, ўйланиб қоламан. Наҳотки, уларга ота-оналари шунча пулни ўйламай бериб қўйса?

— Ўқувчиларга пул бериш керак, — деб фикрини давом эттиради олима, — лекин унинг миқдорини ота-она ҳар доим назорат қилиб бориши лозим. Оилаларнинг имкониятлари турлича бўлади. Айримлар кўпроқ пулни боланинг кундалик харажатларига берса, баъзиларининг бунга қурби етмайди. Шунда болалар ўртасида табақаланиш рўй беради. Яна бир ҳолат, пул боланиниг жисмоний ва руҳий ҳолатига таъсир қилади. Масалан, боланинг чўнтагида кўпроқ пули бўлса, уни ҳар хил кераксиз ичимликлар ва егуликларга сарфлайди. Дарс пайтида эса нималар харид қилишни режалаштиради. Қарабсизки, фикр-хаёли, тарбияси, маънавияти бузилади.

— Бола уйдан нима учун сўроқсиз пул олади?

— Агар ота-она фарзандига керагидан ортиқ пул берса, бола бунга ўрганиб қолади. Берилмаса, чора излашга тушади. Ҳатто ўғриликка қўл уриши мумкин. Чунки у катта харажат қилиб ўрганган. Энди қандай ва қайси йўл билан бўлса ҳам пул топишга ҳаракат қилади. Шундай вазиятларнинг олдини олиш учун, боланинг кундалик харажатларини ўрганиб чиққан ҳолда энг зарур суммани бериш керак. Оилада яна бир жиҳатга эътибор қилиш шарт: пулни зарурат туғилганда бир киши бергани маъқул. Айтайлик ширинлик учун онасидан, сўнг отасидан олса, кейинчалик бу унга одат бўлиб қолади. Ва ҳар гал имкони топилиши билан иккаласидан ҳам пул ундириш пайига тушади. Айниқса, фарзандига отасидан яшириб пул берувчи оналарни умуман ёқламайман. Ҳар қандай яширин ишниниг салбий таъсирини унутмаслик керак. Шу ўринда таклиф қилмоқчи эдим, мана шундай мавзуда нафақат оилада, балки мактабларда тарбиявий соатлар ўтилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мавзу юзасидан Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг мактабга пул олиб келишини назорат қилиш мақсадида профилактик тадбир ўтказилди. Мактаб директорининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Мактабимизда мунтазам равишда турли мавзуларга доир тарбиявий соатлар олиб борилади, — дейди директор Зулхумор Нуриддинова. — Яқинда  3-синфда ўқувчилардан бор пулларини парта устига қўйишларини сўрадик.  Ўқувчилар орасида юз минг сўмгача олиб келганлар борлигига гувоҳ бўлдик. Эътибор қилинг, 3-синф боласида юз минг сўм! Улардан бу пулларни қаердан олганини, ким берганини ва нима мақсадларда фойдаланишлари тўғрисида савол-жавоблар олиб бордик. Сўнгра ота-оналар мактабга чақиртирилди. Муаммолар юзага чиқди. Бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш талаб этилмоқда.

 Ўтказилган тадбир юзасидан ота-оналарнинг фикри билан қизиқдик.

— Бу каби тарбиявий соатлар ўтказилишидан хурсанд бўлдик, — дейди 4-синф ўқувчисининг онаси Нодира Аминова. — Ўғлимга  доимгидек  миқдорда пул берсам, ортиқчасини қайтариб, мактабда текширишади деб қолди. Бундан қувондим, албатта.

— Фикримча, уйдан сўроқсиз пул олиш, уни беҳуда сарфлаш борасида тушунча бериш болаларда жавобгарлик ҳиссини янада кучайтиради, — дейди 3-синф ўқувчисининг онаси Нафиса Носирова.

Бундай тадбирлар бошқа мактабларда ҳам ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Наргиза БОБОМУРОДОВА.