Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бўз туманида депутат кўмаги билан қандай масалалар ҳал этилди?

Бўз туманида депутат кўмаги билан қандай масалалар ҳал этилди?

             Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Бўз туманида бўлиб, маҳаллий кенгаш депутатлари билан бирга маҳаллаларда аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказди.

             – Шу кунга қадар 25 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 146 та хонадон аъзоларининг ташвишларига биргаликда жавоб излашга ҳаракат қилдик, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқинжон Каримов. – Фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларнинг аксарияти ижтимоий ҳимоя, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, коммунал хизматлар, тиббий соҳага оид бўлиб, бугунгача 107 та турли йўналишдаги масалаларни мутасаддилар кўмагида жойида ҳал қилишга эришдик.

              Маҳбубахон Мирзараҳимова Янги қишлоқ маҳалласида истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғинига қайта-қайта мурожаат қилишига қарамай, газ баллон борасидаги ташвиши оворагарчиликдан нарига ўтмади. Фуқаронинг депутатлар ташрифидан қувонгани бежиз эмас. Зеро, четдан қараганда, бу жуда оддий кўринса-да, муаммонинг катта кичиги йўқ. Маҳбубахоннинг мамнун юзларига боқиб, беихтиёр ана шу ўйлар хаёлдан ўтади...

             Бир неча йилдан буён қандли диабет касаллигидан азият чекаётган Ибрат кўчаси 33-уйда яшовчи Акмал Турсуновга ҳанузгача ногиронлик белгиланмаган. 29 ёшли йигитнинг бу борадаги мурожаати тиббиёт мутасаддилари томонидан жойида ўрганилди. Масала ижобий ечимини топди.

            Ўтган йили аҳоли талабларидан келиб чиқиб, Жийдазор кўчасида сув минораси барпо этилганди. Бироқ шу пайтга қадар унинг сумбати турибди, холос. Сабаби, сув таркибидаги қум зарралари сув йўлининг тозаланишга муҳтож эканини аён этмоқда. Депутатлар томонидан “Сувоқава” туман бўлимига қилинган мурожаат самара бермай қолмади. Тозалов ишлари бошлангач, ҳудуддагилар зилол оби ҳаёт билан таъминланди.

              Бўзда фақат муаммо экан-да, деманг. Ижобий ўзгаришлар ҳам талайгина. Мисол учун, депутатлар келган чоғида Янги қишлоқ, Янгиобод, Ғолиб, Кўҳинур маҳаллалари хонадонларидаги иссиқхоналар фаолиятидан хурсандлигини яширмадилар. Демак, туман аҳлининг бугунги оқилона сиёсатни қўллаб-қувватлаб, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ижросини сўзсиз таъминлашга тайёр эканликлари мулоқотлар чоғида яна бир карра аён бўлаётир.