Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бозорларда помидорнинг нархи нега қиммат?

Бозорларда помидорнинг нархи нега қиммат?
Ёзи билан помидорнинг арзон бўлишини кутганларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Балки, кузда арзонроқ бўладими? деган тахминлар ҳам пучга чиқмоқда. Сабаб нимада? 
 
Ҳосилдор навлар йўқми? Кейинги йилларда юртимизда иссиқхоналар сони шу қадар кўпайдики, истаган маҳаллага кирсангиз, камида 10-20 хонадонда иссиқхона борлигини кўрасиз. Ёки уларда помидор етиштирилмайдими? Томорқаларга экилмадими?
 
Бу саволларга жавоб топиш учун  ЎзА мухбири Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти мутахассисларига мурожаат қилди:
 
– Институтимизда помидорнинг ўттиздан ортиқ тури мавжуд, – дейди биология фанлари номзоди Мирхалил Холдоров. – Мисол учун, дўстлик нави эртапишар бўлиб, гектаридан 45 тонна ҳосил беради. Авиццена -ўртапишар ҳосилдорлиги гектаридан 75 – 80 тонна. Айни вақтда бозорларимизда энг харидоргир навлар Ситора ва ТМК бўлиб, улар гектаридан 55 -80 тонна ҳосил беради. Гулоби рангдаги меваси йирик навлар ҳам талайгина. Ҳозирда янги нав – Баҳодир, Дархон кабилар гектарига 40-45 тонна ҳосил беради. Яхши янгилик ҳамма ўрганган ва кейинги вақтларда бозорларда кўринмай қолган Юсупов нави қайта тикланди. Иссиқхоналарда етиштириладиган марварид, гулқанд кабиларнинг бир тупидан 10 килограмм ҳосил олиш мумкин.
 
Демак, серҳосил навлар ўйлаганимиздан кўра кўпроқ. Унда гап нимада? 
 
– Айтиш керакки, 2014 йилда юртимизга хориждан помидор куяси кириб келди. У аввалига Тошкент ва Навоий вилоятида пайдо бўлган бўлса, қисқа вақтда барча вилоятларга тарқалиб кетди. Сабаби зараркунанда юқори фаоллиги ва мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Яъни бир йилда ўн тўрт мартагача авлод беради. Кечаси тўрт километргача уча олади.Томат куяси, нафақат помидорни балки картошка, бақлажон ва қалампир ҳосилини ҳам нобуд қилмоқда. Бу зараркунанда ўсимликнинг ўсув нуқтаси, барги, пояси, гули ва меваларини зарарлайди. Унинг личинкалари барг пластинкаси оралиғида озиқланиб, ғовак қилади, натижада беўхшов доғлар пайдо бўлиб, баргнинг қуришига олиб келади. Помидор куяси меваларнинг эт қисмини зарарлаб, унинг товарлилик хусусиятини йўқотади ва унда замбуруғ ҳамда бактериялар ривожига шароит яратади. Куяга қарши ўз вақтида курашилмаса, ҳосилни 80-100 фоизгача нобуд қилади. 
 
Ҳосилга зарар келтираётган бундай зараркунандага наҳотки ўтган тўрт йил давомида қарши бирор бир агротехника ишлаб чиқилмади? Бу ҳол қачонгача давом этади? 
 
Бирор бир режа ишлаб чиқилганми? Ахир аҳолини сифатли маҳсулот билан таъминлаш керак. Меҳнат қилган деҳқон ҳам етарлича ҳосил олиши керак-ку?
 
– Куяга қарши энг кучли восита ферамон тутқичлари ҳисобланади. Шундай қилинса, куя пайдо бўлгани дарров билинади. Ҳушёр тортган деҳқон ёки ер эгаси кимёвий препаратлар эритмасидан фойдаланса бўлади. Куя хорижда ҳам кўпайгани учун унга қарши ҳафтасига курашилади. Бунда 10 литр сувга 10 грамм 15 фоизли аваунт эмульсия концентрати ёки 3 грамм 20 фоизли такуми сувда эрувчи грануласи ёки 3 грамм 20 фоизли моспилан намланувчи кукуни қўшилади. Ана шу уч хил препаратнинг биттаси экинга қоронғи тушгач, фонус ёқиб сепилса, яхши самара беради. Мазкур эритмаларни ишланаётган майдон тупроғига ҳам сепиш лозим. Чунки заҳар хавфини сезган куя қуртлари ерга тушиб, яшириниб олади.
 
Иссиқхоналарда маскет сеткаларидан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Иссиқхона куяга қарши дориланиб, сетка плёнка остидан ўрнатилса самара яхши бўлади. Яъни ташқаридан куя киролмайди ва ва ичкаридагилари тарқалиб кетмайди.
 
Бизнинг энг катта хатомиз, унга қарши курашда бирлашиш керак. Бу ҳашарот аниқланиши билан маҳаллада гуруҳ тузилиб, барча томорқани бирдан дорилаш керак. Шунда ундан қутилиш мумкин. Йўқса, битта ҳовлига дори сепилса, у қўшнини томорқасида кўпайиб яна далаларни эгаллаб олаверади.
 
Агарда куяни олдиндан аниқлаб, унга қарши баҳамжиҳат курашилмаса, кейинги йилларда ҳам мева-сабзавот ҳосилини асосий қисмини йўқотишимиз ва помидорнинг арзон бўлишига эриша олмаслигимиз мумкин.