Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БПТ ЎЗ ТОМОРҚАСИДА ТАДБИРКОРЛИКНИ БОШЛАГАНЛАРГА КЎМАКДОШ

БПТ ЎЗ ТОМОРҚАСИДА ТАДБИРКОРЛИКНИ БОШЛАГАНЛАРГА КЎМАКДОШ
Газетамизнинг аввалги сонларида партиямизнинг янги ташаббуси  – “O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси тўғрисида батафсил маълумот берилганди. Айни кунларда – Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги шодиёналари билан ҳамоҳанг тарзда ушбу лойиҳа доирасида ташкил этилаётган тадбирлар аҳоли учун айни муддао бўлмоқда. Ўз тадбиркорлигини бошлаш ниятида бўлганларга сафдошларимиз томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб, маҳаллаларда томорқачиликнинг янада ривожланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшилмоқда.
 
Беминнат елкадош
O‘zLiDeP Сурхондарё  вилоят Кенгаши томонидан Музработ туманида  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида семинар  ўтказилди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бугунги кунда аҳоли тижорат банкларининг имтиёзли кредитларидан фойдаланган ҳолда томорқада ўз бизнесини  йўлга қўйиши учун барча  ҳуқуқий асослар яратилган.
– Шунга қарамай, ўз кучи, имкониятларига ишонмаган баъзи оилалар банк сармоялари ёрдамида томорқа хўжалигини йўлга қўйишга журъат этолмаяптилар, – деди партия ҳудудий ташкилоти масъул ходими Зебинисо Қурбонова. – Партиямиз томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ана шундай хонадонларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Зеро, яқинда ҳар бир бошланғич ташкилотга бештадан кам таъминланган оила бириктирилиб, уларга ўз томорқаларида бизнесини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатила бошланди. Эндиликда улар ёнларида ишончли кўмакдош, билимдон маслаҳатчи борлигини ҳис этиб,  деҳқончилик, қуёнчилик, паррандачилик сингари ишларга бел боғламоқда.
Семинарда бошловчи тадбиркорларга партиявий воситалар билан кўмаклашишга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилиб, томорқа соҳиблари дуч келаётган тўсиқ ва муаммолар батафсил таҳлил қилинди. Қайд этиш жоизки, ҳозирда O‘zLiDeP  вилоят Кенгаши таркибида 646 та бошланғич партия ташкилоти  фаолият юритмоқда. Улар воситасида жойлардаги 3 мингдан зиёд томорқа эгалари қамраб олиниб, ҳар томонлама ёрдам бериляпти.
– Оилада 9 кишимиз, – дейди Ибрагим Ҳафизов. – Томорқамизда зиғир, помидор, бодринг, полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйяпмиз. Чорва учун маккажўхори уруғини қададик. Томорқадан тежаб, оқилона фойдаланиш оиламизга яхшигина қўшимча даромад келтиришига ишончимиз комил. Келгуси йилда  партия фаолларининг ёрдами билан иссиқхона барпо этиб,  помидор, бодринг ва турли кўкатлар экишни йўлга қўймоқчимиз. Энг муҳими, барчамиз фойдали меҳнат билан бандмиз. O‘zLiDeP фаолларига катта раҳмат, бизни ўйлантираётган ҳар бир масала билан қизиқиб, кўмак беришга ҳаракат қилишмоқда. Куни кеча партия вакилларидан  шўрхок ерларимизнинг ҳолатини яхшилашда ёрдам беришларини сўрадик.
Шу кунларда ушбу лойиҳа вилоятнинг барча туманларида давом этмоқда.
O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят
Кенгаши матбуот хизмати
 
Сафдошимиз Улуғбек Каримов намунаси
Олот туманининг “Денов” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар қизғин. Бу ерда БПТ аъзолари маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда хонадонларга кириб, юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқдалар. Суҳбатлар чоғида оилалардаги томорқаларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш имкониятлари ўрганилмоқда. Эътиборлиси,  “Панжибек” фермер хўжалигидаги бошланғич ташкилот раҳбари Улуғбек Каримов маҳалладаги 5 та муҳтож оиланинг томорқа ерларига ўз фермер хўжалигига қарашли техника воситалари орқали тегишли ишлов берилишида амалий ёрдамлашди ҳамда экиш учун зарур уруғликлар билан таъминлади. Уруғлар униб чиқиб, кучга киргунича қарашишни зиммасига олди.
Ҳамюртларига саховатли, ғамхўр бўлган бу каби ўғлонлари бўлган халқимизнинг ҳар бир  вакили ўз келажагига ишонч билан қараши аниқ.
O‘zLiDeP Бухоро вилоят
Кенгаши матбуот хизмати
 
илк самаралар
  Бу лойиҳани бекаму кўст амалга оширишга интиляпмиз, – дейди O‘zLiDeP Наманган шаҳар Кенгаши аппарати раҳбари Соҳибахон Ғаффарова. – Ҳар бир оилага тадбиркорлик асослари, бизнес режа тузиш, кредит олиш каби ташкилий-ҳуқуқий масалаларда тушунтиришлар бериляпти. Ана шу ишларда  партиямиздан сайланган депутатлар ҳам бизга кўмак бермоқда.
Бажарилаётган  ишлар дастлабки натижаларини бермоқда. Масалан, Наманган шаҳридаги Янгибоғ кўчасида яшовчи Нуриддин Қаҳҳоровга “Пахталиккўл” сиҳатгоҳидаги таянч тузилма  раиси М.Инамова яқиндан ёрдам берди – биргаликда  бўш ётган 6 сотих ерда боғ ташкил этиш режаси тузилди.  Таянч бўғин ҳамда шаҳар Кенгаши депутати Бахтиёр Воҳидовнинг  кўмаги билан томорқа эгасига “Туронбанк” АТБ бўлимидан 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб берилди. Айни кунларда тадбиркор боғ яратишга киришган.
“Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бошланғич партия  ташкилоти ҳам лойиҳада фаол иштирок этаётир. Жумладан, шу маҳаллада яшовчи  Зиёда Жаббаровага уйида қандолатчилик цехи барпо этишда кўмак берилди. Маслакдошларимиз саъй-ҳаракати билан унга “Микрокредитбанк” АТБ филиалидан 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит  олиб берилди.  Қисқа муддатда фаолият юрита бошлаган ушбу цехга 6 нафар уюшмаган ёш ишга жойлаштирилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Тадбиркорликни бошлаган хонадон эгалари эса O‘zLiDeP  бошланғич ташкилотларига ўз миннатдорликларини билдиришмоқда.
O‘zLiDeP Наманган вилоят
Кенгаши матбуот хизмати