Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бугунги ҳаётнинг асосий талаби ХАЛҚ РОЗИЛИГИГА ЭРИШИШ

Бугунги ҳаётнинг асосий талаби ХАЛҚ РОЗИЛИГИГА ЭРИШИШ
“ – Ҳа, ҳўкизни уйларига элтиб берилсинми?! Ахир, борилсин, арз қилинсин-да! Фуқаронинг арзга бориши арбобнинг иззати бўлади!”.
 Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясида бор бисоти – ола ҳўкизини йўқотган Қобил бобонинг сўнгги чақасигача қоқиштириб олган амин (каттароқ маҳалланинг раиси) шўрлик жабр­дийдага шу тахлит ўзидан юқорироқ амалдор – пристав (маҳаллий полиция бошлиғи)га шикоят қилишдек “доно” маслаҳат беради, холос.
Албатта, воқеалар ривожини яхши биласиз: шўрлик деҳқон ҳўкизи топилиши учун дастлаб ҳамёнини қоқлаб, борини бурунсиз элликбошига, кейин сўнгги чақасигача аминга қўшқўллаб тутқазади. Қўшнилар ёрдами билан тўпланган уч товуқ ва юзта тухум билан пристав тилмочидан нари ўтолмайди. Яна икки товуқ ва уч сўм пулнинг баҳридан кечилгач, “яхшилаб тушунтирилган” пристав “аминга бор”, деб қўя қолади, амин элликбошига жўнатади. Ўзидан бошланган мурожаат яна ўзига қайтиб келгач, бурунсиз элликбоши қўшнисининг муаммосини мана бу йўсинда ҳал қилади: “Мен қайнатамга айтайин, сизга битта ҳўкиз берсин. Битта ҳўкиз одамнинг хуними?”. Унинг қайнатаси – пахтафуруш эса чолга ерини ҳайдаб олгани икки ҳўкиз беради, лекин унинг кузда маълум бўладиган “кичкинагина” шарти ҳам бор эди...
 
Бу воқеалар – узоқроқ тарихдаги ҳаёт манзараси. Ортда қолган даврда орадан қанча сувлар оқиб кетган, тузумлар алмашган, онг-дунёқараш ўзгарган, қадриятлар эврилган. Бироқ, таассуфлими-ҳайратланарлими, ҳайтовур, шунга ўхшаш ҳолатларга яқин-яқингача гувоҳ бўлганимиз чин. Бу иллат бугун юлиб ташласанг, эртага дарров бошқа жойдан ўсиб чиқадиган зарпечакдек ҳозир ҳам осонликча жон бергиси йўқ. Сал бўш қўйсанг, тамом. Йўқ. Энди бундай бўлмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида асос солган янги тизим асрлар оша яшаб келган айни шу муаммо – оддий одамлар ва амалдорлар ўртасидаги тубсиз жарлик ва баланд деворни, шу пайтгача мурожаатлар билан ишлашда шикоятни яна келган жойига қайтариб юборишдек бемаъқул амалиётни бартараф этиш, бунинг ўрнига инсонларнинг дард-ташвишларини тинглаш, орзу-армонларини ушалтириш, муаммоларини амалда ҳал қилишдек ҳаётбахш мақсадларга хизмат қилмоқда.
 
ХАЛҚ МАТЛАБИ – РАҲБАРЛИК МАКТАБИ

Хўш, халқ билан мулоқот қилишнинг ҳозир биз кўраётган шакли йўлга қўйилиши нега айни бугунги кунларга тўғри келди? Айтишимиз мумкин: амину элликбошилар вақтида ёки йўқсилларни бирлаштиришдай пуч ғоялар билан дунёга жар солинган социализм даврида ва ҳатто мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам оддий одамлар учун ўз фикрини оммага кенг ва жонли ифода этишда ҳозиргидек имкониятлар – интернет, ижтимоий тармоқлар бўлмаган. Бу ёғи маълум: ҳар қандай жонзотни хонакилаштириш учун уни қафасга солиш кифоя. Гирд атрофи ахборотдан тўсилган жамиятда янги фикр-ғоя ёки ишлар тўғри-нотўғрилиги борасида халқнинг таҳлилу назорати ёхуд жонли мулоқот бўлиши мумкин эмас эди. Ҳозир ахборот оқимини чеклашнинг деярли имкони йўқ. Касални яширсанг иситмаси ошкор қилиб, камига шарманда қилиши аниқ. Кейин, модомики, мақсад мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги экан, жамиятдаги хасталикларни беркитган билан улар тузалиб қолмайди-ку!
Шу маънода ҳаётимизга чуқур сингаётган халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги янги тизим бугунги шиддатли даврнинг ўткир талабларига тўла жавоб бера олади, дейиш учун барча асос мавжуд. Хўш, бу ҳақиқат қайси жиҳатларда ўз ифодасини топмоқда?
Аввало, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришилгани тараққиётнинг янги циклига ўтилаётганидан далолатдир. Одамларнинг ҳаётга, давлатга, жамиятга, келажакка ишончи  янада мустаҳкамланмоқда. Юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазалари, ўйлари, дард-ташвиш­лари, орзу-армонлари Президент даражасида қизиқ, муҳим ва аҳамиятли эканига амалда гувоҳ бўлмоқда. Катта-кичик раҳбарлар ҳам кабинетлардан чиқиб, халқ ичига чуқур кириб бормоқда. Энди бир идорада раҳбар бўлишнинг моҳият-мақсади – масалаларни қоғозда “ҳал этиш” ёки фақат рақамлардан иборат ҳисоботлар тўлдириш эмас, балки ҳаётнинг мавжуд аччиқ ҳақиқатларига юзма-юз келиб, реал воқеликнинг шиддатли тўлқинида ёниб-куйиб ишлаш эканига рўй-рост шоҳид бўлмоқдамиз.
Бу билан икки томон ҳам бирдай манфаат кўрмоқда: одамлар ўз муаммоларига ечим излаб идорама-идора чопиб юришдан, ташкилотлар эшигида ҳафталаб-ойлаб сарғайишдан қутилмоқда. Раҳбарлар одамлар билан мулоқот қилиш асносида мавжуд муаммоларни ич-ичидан ўрганиб, халқ, жамият қандай нафас олаётганини, шу масалалар ечими учун, аввало, ўзи шахсан жавобгар эканини англамоқда.
Бундай жараёнларда ўз фаолиятини танқидий, холис қайта кўриб чиқишга ўзида куч топа оладиган раҳбарларгина ҳеч қайси дарслик ё қўлланмаларда ёзилмаган, академияларда ўқитилмайдиган, ҳеч бир расмий ҳужжатда қайд этилмайдиган улкан тажрибага эга бўлиши мумкин. Бундай ноёб ва бебаҳо билим ва тажриба ҳар қандай раҳбар учун катта мактаб бўлиши шубҳасиз. Зеро, бир ҳақиқат қойимки, демократик ва инсонпарвар давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, пировардида, халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг янада фаровон яшаши учун барча шарт-шароитни яратишдек стратегик мақсадларимизга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиш орқалигина эришиш мумкин.
Бу фикрлар мустаҳкам мантиқий асосга эга экани Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати шу йил март ойидан буён ҳудудлар ва соҳалар бўйича ўтказиб келаётган сайёр қабулларда ҳам ўзининг яққол исботини топмоқда.
Давлат органлари вакиллари ва мурожаатчилар ўртасидаги бу тахлит мулоқотнинг муҳим жиҳати – оддий фуқаро ва мутасадди шахснинг маълум муаммо хусусида бир-бирининг кўзига тик қараб гаплашиб олишида. Одамнинг юзи иссиқ, меҳр кўзда, дейдилар-ку! Шу маънода, бундай очиқ учрашувлар одамлар учун ўз дард-ташвишларини мутасаддиларга айтиш, катта-кичик раҳбарлар учун энг қуйи бўғинга тушиб ишлаш, ҳар қандай масаланинг туб моҳиятини англаш учун самарали мулоқот майдонидир. Бу билан ортиқча хатбозлик­ларнинг олди олинади, бир муаммога турли соҳа мутасаддилари бирга ечим излайди.
Сайёр қабулдаги жонли суҳбатлар, қизғин баҳс-мунозаралар раҳбарни ерга туширади. Муаммоларга ичдан қарашга туртки беради, масалага ечим топишга ундайди. Чунки энди раҳбар оддий одамларга ҳақиқатдан ҳам қийин эканини, шунчаки эрмакка шикоят ёзмаганини яхши билади. Ўз навбатида шу аснода одамларда мурожаат маданияти ҳам юксалади: беҳуда бақир-чақирлар, асослими-асоссизми талаб қилишлар камайиб, ҳақли талабни оғир-вазминлик билан тушунтириш, адолат қарор топиши учун қонун доирасида амалий ёрдам сўрашга ўтилади. Мулоқотлар ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш асосида кечса, натижа ҳам шунга яраша бўлиши шубҳасиз.
Ишнинг ана шундай тарзда йўлга қўйилиши фуқароларнинг бир неча йиллардан буён ўз ечимини топмасдан келаётган муаммоларини жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Президентимиз топшириғига асосан шу йилнинг март-октябрь ойларида ўтказилган 214 сайёр қабулда 24 минг 752 фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилиб, уларнинг 21 минг 896 таси ижобий ҳал қилинган. Шунингдек, 93 шикоят-ариза юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, 62 мурожаат бўйича прокуратурага тавсия хати киритилган.
 
АДОЛАТНИНГ ЖАРАНГДОР ОВОЗИ

Сайёр қабулларда фуқаролардан мамлакатимиз адлия тизимига тегишли 1 минг 454 мурожаат келиб тушгани бу соҳада ҳам анча-мунча муаммолар йиғилиб қолганини кўрсатди. Шундан 1 минг 312 мурожаат ижобий ҳал қилинган. Хусусан, Тошкент шаҳри Олмазор туманида фаолият кўрсатиб келаётган “Bright Star Business” МЧЖ раҳбари А.Раҳимбоев Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти 2017 йил 23 мартда ўтказган тендерда бошқа иштирокчиларга нисбатан юқори таклиф билан чиққан бўлса-да, департамент шартнома тузмаётганидан шикоят қилган. Бу муаммо тез кунда бартараф этилган: корхонанинг 55М ва 139М йўналишлари бўйича тендер ғолиби бўлгани тасдиқланган. Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи
М.Қуранбоевага марҳум бобоси А.Ботировдан қолган мерос мулкига оид гувоҳнома расмийлаштирилган. Қоракўллик Ш.Мўминованинг икки фарзандига йўқотиб қўйилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг дубликати берилган.
Сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатларнинг 1 минг 498 таси прокуратура органлари ваколатига тегишли масалалардир. Уларни кўриб чиқиш жараёнида 1 минг 348 мурожаат ижобий ҳал қилинган. Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи Ш.Мўминовнинг мурожаатига асосан “Сувоқова” ДУК туман филиали 29 ишчи-ходимининг 18 миллион сўмлик иш ҳақи тўлаб берилган. Каттақўрғонлик О.Исмоиловнинг мурожаатига асосан “Каттақўрғоншаҳаргаз” филиали табиий газдан фуқаро бўйнига асоссиз илган 1,4 миллион сўм қарз бекор қилинган ва газ идораси ходими интизомий жавобгарликка тортилган. Шовот туманидаги “Нуртон Жуманиёз” фермер хўжалиги раҳбари Н.Жуманиёзовнинг асоссиз равишда давлат захирасига олиб қўйилган 45 гектар ер майдони фермерга қайтарилган.
Очиқ мулоқотларда ички ишлар органлари тизимига оид 1 минг 372 мурожаатга ечим топилган. Хусусан, 151 фуқаронинг прописка, 384 шахснинг фуқароликни расмийлаштириш бўйича ҳужжатлари қабул қилинган. 139 шахсга Ўзбекистон Респуб­ликасида яшаш гувоҳномаси берилган, 299 низоли масала ижобий ҳал қилинган.
Турли сабабларга кўра ички ишлар хизматига ишга кириш ё  ИИВ тизимидаги таълим муассасаларида ўқиш учун номзодлар рўйхатига киритилмаган 23 фуқаронинг муаммоларига айнан сайёр қабулларда ечим топилган. Сайёр қабулларда терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларига оид мурожаатлар кўп тушмоқда. Мисол учун, бухоролик У.Эшмуродов, андижонлик С.Турсунованинг фарзандларини калтаклаб тан жароҳати етказганларга қонуний чора кўришни сўраб қилган мурожаатлари асосида ҳар икки ҳолат бўйича айбдорлар жазосини олган.
Кейинги вақтда фуқаролардан ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилик ва уларга нисбатан чора кўриш масалаларида мурожаатлар ҳам кўпайган. Бу борадаги ўрганишлар натижасида шундай ҳолатларга йўл қўйган ходимлар қатъий жазога тортилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида ўтган сайёр қабулда А.Раҳмоновнинг аризаси асосида хизмат текшируви ўтказилгач, фуқароларга қўпол муносабатда бўлгани учун Қува тумани ИИБ профилактика инспектори С.Матмусаевга, хўжаободлик Қ.Отахоновнинг шикояти асосида туман ИИБнинг профилактика инспектори А.Тўраевга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг шу йил 14 июлдаги буйруғи билан ички ишлар органлари ходимлари учун муомала маданиятини ошириш чоралари белгилаб берилди. Унга кўра соҳа ходимларининг ўзини фуқаролардан устун қўйиши, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиши ёки қўполлик қилиши, ёлғон гапириши ёхуд бошқа асоссиз баҳоналар билан уларни чалғитиши қатъиян ман этилди. Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар ва муомала (ҳақорат қилиш)га йўл қўйилмайди.  Хизмат зарурати билан ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш мумкин эмас.
Сайёр қабулларда Давлат солиқ қўмитаси тизимидаги мутасаддилар 98 мурожаатни кўриб чиққан, улардан 91 таси ижобий ҳал қилинган,
4 мурожаат рад этилган. 51 ҳолатда солиқ тўловчиларга етказилган 112 миллион сўмликдан ортиқ зарарлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб қайтарилган. Булар солиқ имтиёзларини нотўғри қўллаш, молиявий жарималарни нотўғри ҳисоблаш, ҳисоб рақамлардан пулларни ноқонуний ечиб олиш каби омиллар оқибатида юз берган. 21 мурожаат асосида назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларини қўлламаслик ҳолатлари юзасидан текшириш­лар ўтказилиб, ҳуқуқбузарларга тегишли чоралар кўрилган.
 
 
ЮЗЛАРДАГИ ТАБАССУМ ЖИЛВАСИ

Сайёр қабуллар мамлакатимиз меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни яққол кўриш, баҳолаш имконини бермоқда. Очиқ мулоқотларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида қабул қилинган 1 минг 116 мурожаатнинг 978 таси ижобий ҳал қилинган, қолган мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилган. Бунинг натижасида, хусусан, бухоролик Мансур Муродов “Daewoo Textile” хорижий корхонасига ишчи, олмалиқлик Махфурат Ўсарова Олмалиқ шаҳридаги 11-мактабда ўқитувчи, зарафшонлик Багдат Хўжанасимов Зарафшон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳисобчиси, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Қораўзак туманидан Венера Давлетова “Агробанк”нинг туман филиали кассири вазифаларига ишга жойлаштирилган.
Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага энг кўп мурожаатлар ишга жойлашиш масаласида бўлади. Сайёр қабулларда шу ниятда мурожаат қилган 978 кишининг ишли бўлиши билан, аввало, шунча рўзғорга қут-барака кирди. Қора қозон қайнамоқда. Қолаверса, иши бор одамнинг ҳаётида аниқ мақсад пайдо бўлади, фикри, дунёқараши, ҳаётга муносабати ўзгаради. Шу билан бирга, унинг оиласи, яқинларининг ҳам кўнгли тинчийди. Чунки меҳнат – кучли тарбия омили. Ахир ётиб еганга тоғ чидамайди. Боз устига, ишсизлик жамият учун катта хавфни – бекорчиликни келтириб чиқаради. Шу маънода, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги бу ишларнинг бундан кейин ҳам изчил давом эттирилиши нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки маънавий ҳаётимизда ҳам катта аҳамиятга эга.
Молия вазирлиги тизимидаги мутасаддилар очиқ мулоқотларда 294 мурожаатни кўриб чиққан бўлса, уларнинг 286 таси ҳал этилган. Бу жараёнда 127 фуқарога ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланган, 23 фуқаронинг пенсия таъминотига доир муаммосига ечим топилган. Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида яшовчи Алтингул Юсупова туман архиви ёниб кетгани учун 2015 йилнинг июль-октябрь ойларида пенсия пулларини олмаганини, камига олаётган пенсиясининг тенг ярми ушлаб қолинаётганидан арз қилган. Ўрганишлар натижасида фуқаронинг мазкур масаласи ҳал қилинган. Шунингдек, шерободлик Марат Зиганшиннинг тумандаги спорт мактабида мураббий бўлиб ишлаган даври учун тўланмаган 8,1 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг аппеляция инстанцияси 2016 йил ноябрда чиқарган ажрим бўйича зарбдорлик Комил Гадоев фойдасига давлат бюджетидан ундирилиши керак бўлган 19,8 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар тўлиқ тўлаб берилган, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Тўлак қишлоғида яшовчи Мирзақул Турсунбоевга термитдан зарар кўрган уйи учун туман ҳокимлиги фармойиши билан 70 миллион сўм компенсация пули ажратилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги cайёр қабулларда асосан ўқишни кўчириш, ўқишга ё ишга тиклаш каби масалаларда 88 мурожаатни кўриб чиққан ва уларнинг деярли ҳаммаси қаноатлантирилган. Буларнинг натижасида, жумладан, Исроил Хайриев Самарқанд давлат университетига, Зуҳра Бозорбоева Жиззах давлат педагогика институтига, Санжар Содиқов Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига, Шоира Икромова Тошкент давлат техника университетига ишга жойлаштирилган. Ангренлик Замира Мирзакаримова очиқ мулоқотлардаги мурожаатидан сўнг Ангрен шаҳридаги академик лицей директори ўринбосари лавозимига тайинланган. Яккасаройлик Умида Ибрагимованинг мурожаати асосида фарзандининг ўқиши Қўқон давлат педагогика институтидан Тошкент давлат педагогика университетига кўчирилган.
Бу дунёда бахтли, тўкис яшаш учун одамга нима керак? Соғлиқ-омонлик керак. Тани соғга кунда тўй. Бойликнинг боши – соғлиқ. Агар инсоннинг тўрт мучаси соғ бўлса, бошқа нарсалар татийди. Худо кўрсатмасин, касал одамнинг кўзига ҳеч нима кўринмайди. “Бир кунлик иситма қирқ кунлик кучни олар”, дейди халқимиз. Шу боис ҳам элнинг соғ бўлгани юртнинг бой бўлганидир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида сайёр қабулларда келиб тушган 1 минг 868 мурожаатнинг барчаси кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган. Бу жараёнда 690 фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилган, 274 фуқарога стационар шароитда даволаниш учун ордер, 370 фуқарога Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида мураккаб жарроҳлик муолажалари ўтказиш учун йўлланма, 124 фуқарога сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилган, 19 фуқаро Мурувват уйларига жойлаштирилган, 77 фуқарода бепул жарроҳлик муолажалари ўтказилган, 143 фуқаро 22,6 миллион сўмлик бепул дори воситалари билан таъминланган. Жумладан, сурхондарёлик Зарина Авазованинг туғма юрак пороги билан туғилган фарзандига жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Тошкент педиатрия тиббиёт институти кардиология бўлимига, бухоролик Гулшода Нуриддинова юрагини иккинчи босқичда операция қилдириш учун академик В.Воҳидов номидаги Рес­публика ихтисослаштирилган хирургия марказига, ғиждувонлик Садриддин Холмаматовга Республика ихтисослаштирилган урология марказида қизини даволатиш учун имтиёзли ордерлар берилган.
Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шу пайтга қадар ўз дарди билан яккаш курашишга мажбур бўлиб келган, умидсизлик уммонига ғарқ бўлган юртдошларимизнинг ҳаётга яна умид кўзи билан қараётгани, дардига шифо топиб, соғлом инсонлар қаторидан ўрин олаётгани ҳаммасидан ҳам муҳим. Буни ҳеч нарса билан ўлчаб-қиёслаб бўлмайди, албатта. Ҳеч кимнинг бошига тушмасин-ку, лекин ҳаммасидан ҳам оғири – камхарж одамнинг касал бўлиши. Уни кун-тун хасталик қийнайди, бироқ даволаниш учун пул топа олмайди. Ана шундай ғоят мураккаб, икки дунё бир қадам кўринган паллада давлатимиз берган имтиёз асосида дардига даво топилса, бу билан бир одам саломат бўлиб, жамиятга қайтади – янгидан туғилади. Унинг юзида ҳаётдан розилик – табассум пайдо бўлади. Бундай инсон умр бўйи давлатдан миннатдор бўлиб яшайди. Тилида, дилида фақат ва фақат шукроналик бўлади, давлатни алқайди, эл-юртни дуо қилади.
 
“БАНКЛАР ХАЛҚИМИЗНИ ТАДБИРКОРЛИККА, ИШБИЛАРМОНЛИККА ЎРГАТИШИ ВА ШУНГА ЕТАКЛАШИ ЛОЗИМ”

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу ғояси бугун мамлакатимиз банк тизими фаолиятининг асосий мезонига айланмоқда. Сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан кўриб чиқилган 964 мурожаатнинг 857 таси ижобий ҳал қилинган. Тадбиркорлик фаолияти учун “Агробанк” Бағдод тумани “Дўстлик” ҚФЙда яшовчи Сайфиддин Жўраевга 150 миллион сўм ва мўйноқлик Исломбек Тўхтаровга 100 миллион сўм, Халқ банки мирободлик Лемара Ҳошимовага 180 миллион сўм, Миллий банк Қоракўл туманида истиқомат қилувчи Олимжон Саломовга 149 миллион сўм кредит ажратган.
Сайёр қабулларда автомобиль йўлларининг ҳақиқий ҳолати ҳам рўй-рост кўриниб қолмоқда. Албатта, мамлакатимизда йўл тармоғи ҳолатини иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда: “Ўзавтойўл” ДАК негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилди, 2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унга мувофиқ 2017-2018 йилларда 5 минг 454 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш учун ҳар йилгидан ҳам кўпроқ маблағ ажратилди. Эътиборлиси, фуқароларнинг фақатгина сайёр қабуллардаги мурожаатлари асосида 67 километр автомобиль йўли жорий таъмирланган. 210 километрдан зиёд ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари кейин­ги йилларга мўлжалланган манзилли дастурга киритилган. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва қайта қуриш дастурига қўшимча равишда 15 километр, 2017 йилга мўлжалланган йўлларни тўла таъмирлаш дастурига яна 32 километр киритилган. 2018 йилги  дастурда 75 километр йўлни реконструкция қилиш, 58 километрни тўла таъмирлаш режалаштирилган. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Бир сўз билан айтганда, йўл хўжалиги тизимидаги ислоҳотларда аввало халқимизнинг талаб-истаклари ўз ифодасини топиши учун барча имконият сафарбар қилинади.
Емаган сомсага пул тўлашдан ёмони йўқ. Айбсиз айбдорлик – қуруқ туҳматга қолишга тенг. Кейинги йилларда кўп юртдошларимиз электр энергияси ва табиий газ ҳақларини тўлашда шу аҳволга тушгани ҳақиқат. Шу боис барча ҳудудда аҳоли ва тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотларда кун тартибидаги асосий масалалардан бири – электр энергияси ва табиий газ бўйича асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани билан боғлиқ бўлиб турибди. Бунда ҳар бир мурожаат то ҳал этилмагунча назоратдан олинмаяпти.
Шу йилнинг март-октябрь ойларида ўтган сайёр қабулларда, дейлик, “Ўзтрансгаз” АК тизимидаги мутасаддилар очиқ мулоқотларда 542 мурожаатни кўриб чиққан, уларнинг 498 таси ҳал қилинган. Жумладан, сайёр қабуллар самарасида Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи Ў.Тожиеванинг 201 минг сўм, боғотлик И.Абдуллаевнинг 131 минг 417 сўм табиий газдан асоссиз ҳисобланган қарзи бекор қилинган.
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти мутасаддилари сайёр қабулларда ўртага ташланаётган муаммоларни алоҳида назоратга олиб, ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Жумладан, эксплуатация бўйича 2 минг 587 мурожаат асосида 571 трансформатор мукаммал ва 4 минг 866 трансформатор жорий таъмирланган, 2 минг 12 хонадон олдидаги ва кўчалардаги ёғоч устунлар темир-бетон устунларга алмаштирилган, 7,5 минг километрлик мутлақо эскирган симлар янгиланган, ҳудудларда катта юклама билан зўриқиб ишлаётган 175 тармоқ трансформатори юқори қувватли трансформаторларга алмаштирилган.
 
БУГУНГИ ОДАМЛАР “ҚОРА БЎДУН” ЭМАС

Маҳалла институти халқимизнинг яқин маслакдоши ва кўмакдошига айланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинлари манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Сайёр қабулларда “Маҳалла” жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари 860 мурожаатни кўриб чиққан, уларнинг 722 таси ижобий ҳал этилган. Буларнинг самарасида 217 фуқарога 569 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган, ажралиш арафасига келган 19 оила яраштирилган, 104 ота-онага икки ёшгача бола парвариши учун нафақа тайинланган, 30 фуқаронинг коммунал тўловлардан 39 миллион 700 минг сўмлик қарздорлиги тўлаб берилган.
Бир мисол: Жиззах вилоятида ўтказилган сайёр қабулларда хотин-қизлардан иш билан таъминлаш масаласида келиб тушган мурожаатлар атроф­лича ўрганилиб, вилоятдаги 7 аёлга замонавий тикув машиналари бепул берилди. Бир қарашда арзимасдек туюладиган ёрдам. Бироқ шу билан етти аёлнинг бекор қолишининг олди олиниб, банд­лиги таъминланди. Аёл қачон ўзини ожиза ҳис қилади? Қачонки қўлида тайинли иши-ҳунари бўлмаса. Айни шу ҳолатда ўз жонига қасд қилиш ёки эгри йўлларга кириб кетиш хавфи ортади.  Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Қўлдан берганга қуш тўймайди ахир. Демакки, энг самарали йўл – аёллар бандлигини таъминлаш. Ахир ҳар қандай одамга ҳар куни биттадан балиқ бергандан кўра қўлига қармоқ бериб балиқ тутишни ўргатган маъқул, шундай эмасми? Эътиборлиси, бу ташаббус мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган 900 нафардан зиёд хотин-қизларга бепул тикув машиналари топширилиши натижасида уларнинг касаначилик асосида даромад топишлари учун имконият яратилди.
Ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллар натижасида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда уй-жойга муҳтож, кам таъминланган, ногирон ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган 596 фуқарога намунавий лойиҳалар асосида барпо қилинган арзон уй-жойлар ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, уй учун дастлабки бадал пули давлат ҳисобидан тўлаб берилди. Уларнинг 245 нафари янги уйларга кўчиб кирди.
Ҳа, инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда юксак мақсадлар билан яшайди. Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат каби чуқур маъно-мазмунли иборалар замирида ҳам ана шу ўзгармас ҳаёт ҳақиқати мужассам: ўз уйига эга бўлган одам ён-атрофдаги қўни-қўшни билан иноқлашишга, маҳалла-кўйга кўпроқ аралашишга ҳаракат қилади. Жамиятга сингишган одамни эл-юрт олдидаги жавобгарлик ҳисси эзгу ишларга ундайди. Сайёр қабуллардаги мурожаатлар асосида ўтган даврда яшаш жойи бўлмаган 59 фуқарога уй-жойлар, ётоқхоналар ажратилгани, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган замонавий арзон уй-жойлардан олиш истагини билдирган 500 дан зиёд фуқаро рўйхатга олингани, 171 фуқарога тураржой қуриш, 56 шахсга тадбиркорлик қилиш, 65 фуқарога фермер ва деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер участкалари ажратилгани одамларни ҳаётдан рози қилиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Шулар қаторида Маданият вазирлиги кўриб чиққан 32 мурожаатнинг 16 таси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази вакиллари ўрганиб чиққан 34 ариза ва шикоятнинг барчаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси қўриб чиққан 22 мурожаатнинг барчаси, “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси раҳбарлари ўрганган 189 мурожаатнинг 178 таси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги кўриб чиққан 402 мурожаатнинг ҳаммаси ижобий ҳал қилинганини алоҳида таъкидлаш керак.
Булар нимадан далолат беради? Мурожаатлар қаноатлантирилаётган экан, демак, улар асосли, эътирозлар ўринли. Иккинчи бир муҳим жиҳати – раҳбар ва мутасаддилар оддий одамларни тушуна бошлади, инсонларнинг, ҳаётнинг ичига чуқур кира бошлади. Муаммоларнинг илдизи аслида қаерда экани аниқ маълум бўлгач, табиийки, уларни бартараф этиш ҳам осонроқ бўлади. Буни сайёр қабул натижалари амалда яққол кўрсатиб турибди. Энди халқдан, Президентдан ҳеч нимани яширишнинг имкони йўқ. Модомики, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги стратегик мақсадларга эришишни кўзлаган эканмиз, бунинг ҳожати ҳам йўқ. Шундай экан, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, фақат “ғалаба рапортлари”га таянишнинг даври ўтди. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир бўғиндаги раҳбарнинг кундалик қоидасига айланиши керак. Бунинг учун давлат органлари ҳозирга қадар ўтказилган сайёр қабуллардан ҳам ўзларига тегишли хулосалар чиқариб олишлари айни муддаодир.
Олим ТЎРАҚУЛОВ,
Умид ЁҚУБОВ.