Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Бугуннинг аёли: жиззахлик Муҳаббат Ўролова ҳақида сўз

Бугуннинг аёли: жиззахлик Муҳаббат Ўролова ҳақида сўз

Ўтган йил қишлоғимиздан 25 тонна пахта терилган эди. Ҳа, Оқбулоқдан ҳали бунча ҳосил кўтарилмаган. Эсингиздами, пахта тугаса ҳам, одамларнинг даладан чиққиси келмаганди.
Ҳар кун совға-салом, меҳнатга яраша ҳақ берилганди. 
Ҳаммамиз теримчи бўлиб кетгандик, ўзиям!

Ҳа, “Оқбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Ўролова ишни қандай ташкил этишни яхши билади. Раиснинг невараси эмасми, қондан ўтган-да. Унинг қўлчаларини орқага қилиб, пилдираганча бобоси изидан эргашганини кўрганлар “раис бува” бўлади-ёв, дейишганида адашмаган экан. Қизалоқнинг шижоатига ҳавас қилган меҳнат фахрийси Искандар Шодиев: “Одам бўлади, бу синчалак-ку”, дегандан буён ҳамма уни шундай атайди.

Муваффақиятни орзулаб юраверадиганлар ҳам бор, эрта тонгдан туриб шу йўлда тер тўкадиганлар ҳам бор, дейишади. Муҳаббат Ўролова иккинчи тоифадан.

– Ёшгина, тетик қиз эдим, – дея ўтган кунларини жилмайганча ёдга олар экан, кўзларидаги ўт янада оловланади. – Отам “Йиқилдингми, шартта ўрнингда тур-да, юришда давом эт”, дерди доим. Шу ақидага амал қилдим, ҳаракатдан тўхтамадим. Меҳнат инсонни улуғлайди, чиниқтиради. Қашшоқлик ­– дангасаликдан. Қимирлаган жон борки, қозони қайнайди, тўкин ҳаётга эришади. Мисол учун, мўъжазгина иссиқхонанинг ўзидан мўмайгина даромад кўриш мумкин. Шундай экан, нега нолиб, кимнингдир ёрдамидан умидвор бўлиб яшаш керак?

Тиниб-тинчимайдиган қаҳрамонимиз 2007 йили “Муҳаббат бахт” фермер хўжалигини ташкил этиб, айни кунда 53 нафар кишини ишли қилди. 2013 йили “Миллий банк”дан 40 миллион кредит олиб, Жиззах, Гулистон ҳамда Пахтакорда тикув цехи очди. Натижа – бандлиги таъминланганлар 15 нафарга кўпайди.                        

Тўрт фарзанднинг онаси, яна шунча неваранинг суюкли момоси, меҳрибон ёр... Аёл бир қўлида дунёни, бир қўлида бешикни тебратади, дейишгани шу бўлса керак-да! Ишбилармонлик сири нимада эканини сўраймиз:

– Авваламбор, турмуш ўртоғимнинг яхши, тушунган инсонлигида, деб биламан. Нимагаки эришган бўлсам, уларнинг қўллаб-қувватлаши сабаб. Ишда доим “ишон ва текшир” тамойилига амал қиламан. Бу меҳнат самарадорлигини оширади. Ишлаганга яраша ёниб ишлаш керак. Баъзан орзу-ҳавасдан воз кечишга тўғри келади. Халқ билан яшайсиз, тамом! Маҳалламдаги қайсидир хонадонда аза бўлиб турса, қариндошларим билан ўтириб туғилган кун нишонлаш кўнглимга сиғадими, айтинг-чи!

Қишлоқ фуқаролар йиғинига кирар экансиз, олдидаги тошлоқ ер ўзлаштирилиб, экинлар экилганига гувоҳ бўласиз. Кўнглингиздан, ҳа, чиндан ҳам, Муҳаббат опа бугунги кун тадбиркори, деган ўй ўтади. 50 гектардан иборат фермер хўжалигини бошқариш баробарида қаровсиз қолган ерларни ўзлаштириб, томорқадан унумли фойдаланишни тарғиб қилмоқда.

Қаҳрамонимиз “Ташаббус”, “Йилнинг энг яхши фермер аёли”, “Йилнинг энг фаол тадбиркор аёли” каби номинацияларда ғолибликни қўлга киритгани бежиз эмас. Ўтган йили 25 тонна пахта хирмони кўтарди. Илгарилари 5 тоннадан ошмаган кўрсаткичнинг ўсишига терим жараёнининг тўғри ташкил этилгани ҳам сабаб. O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ҳам доим ёрдамга шай. Бу йилги пахта терими мавсуми ҳам шиддат билан давом этаётир. Негаки, кузнинг ҳар лаҳзаси қанчалар ғанимат эканлигини кечаги қору ёмғир кўрсатиб қўйди.

Икки йилдан бери, хайрият, давлат томонидан йиғим-терими мавсумида терилган пахта нархлари анча ошириб қўйилди. Шунинг ўзи қанча оилаларга мўмайгина даромад келтиряпти. Бунинг исботини қаҳрамонимиз бошқараётган хўжалик аъзолари мисолида кўрдик.

Эл ишончини оқлаш учун гоҳида тунларни тонгларга улашга тўғри келади. Аммо Муҳаббат Ўролова ҳеч қачон тақдиридан нолимайди, шукрона айтади. Одамларга нафи тегаётганидан кўнгли яйрайди. Илоҳи, шундай фидойи инсонлар кўпайсин-да!

Чарос ЁҚУБОВА