Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БУНИ СПОРТ ДЕЙДИЛАР...

БУНИ СПОРТ ДЕЙДИЛАР...
Эсланг, бундан роппа роса бир йил аввал “Рио-2016” ёзги Олимпиада ўйинларидаги ёрқин иштироки туфайли дунё бокс саҳнасини титратган азамат йигитларимиз энг азиз, энг улуғ айёмимизга муносиб тўёна туҳфа этишган эди.
Бу сафар Германия мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ватанимиз шаънини 10 нафар “чарм қўлқоп” усталари ҳимоя қилишган бўлса, улардан 6 нафари (!) мусобақанинг ярим финал босқичигача етиб келди ва энг камида 6 та соврин нақд қилишиб, терма жамоамиз медаллари сонини бойитадиган бўлишди.
Куни кеча бўлиб ўтган тенгсиз жангларда эса танидан куч-ғайрат ёғилиб турган “темирмушт” қаҳрамонларимиз  – Ҳасанбой Дўстматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров ва Шаҳрам Ғиёсовлар якуний марра – финал остонасига қадам қўйишди. Рингда том маънода чин ўзбекона шижоат кўрсатиб, ирландиялик рақибини ноқулай ҳолатга туширган яна бир ажойиб ўғлонимиз Бектемир Мелиқўзиев эса мусобақа ҳакамларининг ғалати қарори боис бронза медаль билан кифояланишга мажбур бўлди. “Кўҳна қитъа”нинг бир буржида тўкилган аламли кўз ёшлари эса, айтиш мумкинки, юртдошларимиз қалбини жунбушга келтирди.
Аммо спортда ҳар доим ҳам адолат бўлавермаслигини 2 сентябрь оқшомидаги финал баҳслари яна бир карра кўрсатиб берди, десак, чин мухлис ажабланмас. Бутун жанг давомида кубалик Йоан Аргилагосни “канатга қадаб ташлаган” Ҳасанбой адолатсизлик қурбони бўлди, десак адашмаймиз. Очиғи, бутун Ўзбекистон аҳли зуваласи пишиқ бу “йўлбарс” имиздан олтин медаль кутгани аниқ эди. Аммо...
Гарчи, ҳакамлар ҳайъати спортчимиз шиддатини шундай нохолис йўл орқали сўндиришга уринган бўлса-да, аслида унга бўлган меҳр-муҳаббатимизни юз чандон, минг чандон ошириб юборишди. Ҳасанбой Дўстматов ҳақли равишда ватандошларимиз наздида аллақачон ғолиб – бизнинг ЧЕМПИОН!
Иккинчи кумуш медаль эгаси – Жасурбек Латипов. У ҳам кубалик боксчига имкониятни бой берди (бу жанг ҳақида эътирозимиз йўқ).
Хулоса қилмоққа шошилмайлик. Қаерда хато қилдик, қаерда имкониятни бой бердик, кубалик рақибларимизнинг устун жиҳати нимада, буларни бирма-бир таҳлил қилиш керак.
Барибир бокс бўйича дунё рейтингида мамлакатимиз спортчиларининг ўз ўрни, мавқеи борлигини исботлаётган йигитларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак камлик қилади. Ана шу нуфузини янада мустаҳкамлаш учун курашайлик. Демак, кураш давом этаверади!
 
ГАЗЕТА САҲИФАЛАНАЁТГАНДА: 
Иқболжон Холдоров (64 кг. вазн тоифасида) ҳам кумуш медаль соҳиби бўлди.
ШАҲРАМ ҒИЁСОВ (69 кг. вазн тоифасида)  эса...
Кутилганидек, ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ деган шарафли номга муносиб тарзда сазовор бўлди!
Энг аввало, шундай жасур, мард, ватанпарвар, енгилмас йигитимизни тарбиялаб, вояга етказган ота-онасига ҳар қанча таъзим қилсак кам. Қолаверса, унинг жонкуяр устозларига ҳам тасанно деймиз.